Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
03.09.2019

ЮКСАК САЛОҲИЯТ– БОШ МЕЗОН

Академия бошлиғи генерал-лейтенант Баҳодир МАТЛУБОВ билан суҳбат

— Баҳодир Аҳмедович, Сиз раҳбарлик қилаётган ушбу олий таълим муассасасининг тарихи узоқ. Унинг олдига қўйилган бугунги вазифалар, албатта, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг осойишталиги, халқимиз манфаатини муҳофаза қилишга қодир, юксак маънавиятли, матонатли мутахассис кадрларни тайёрлашдан иборат. Айтингчи, ушбу ўқув муассасасининг ўзига хослиги нималарда кўринади? Уни шакллантиришда қандай мезонларга таянилмоқда?

— Ҳақиқатан ҳам ИИВ Академиясининг пойдеворига ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида асос солинган. Ҳарбий тартиб-интизомга йўғрилган мақом ҳам ўшандан буён шаклланган. Умуман олганда дунё тажрибасида соҳа ходимлари олдига қўйилган талаб ҳамиша юқори бўлган. Албатта мамлакатимиз мустақилликка эришилгач, унинг мақсад ва вазифалари ҳали айтганингиздай мамлакатимиз осойишталиги, халқимиз манфаатларини қатъий туриб ҳимоя қиладиган маънавиятли, матонатли кадрларни тайёрлашга йўналтирилган. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва босқичма-босқич амалга оширилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида соҳага оид юкланган вазифалардан келиб чиқиб, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва фан соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилиш, мазкур соҳа учун кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида бир қатор маърифий ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда мавжуд бўлган олий таълим муассасаларига қиёслаганда ИИВ академиясининг фаолияти юқорида таъкидланган жиҳатлар билан ажралиб туради. Таълим нуқтаи назаридан олиб қаралганда курсантлар олдига қўйилган бугунги давр талаби, айниқса, ахборот коммуникация тизимининг ўта такомиллашган босқичларини ўзлаштириш, жисмонан соғлом, бақувват, энг муҳими халқимиз маданияти, қадриятларини яхши билиш, маърифатли бўлишдан иборатдир. Бунинг учун ИИВ Академиясида барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Анъаналарга келсак, бунда ҳам ўзига хослик мавжуд. Талабаларимиз ўқув даврининг бошланғич давридаёқ, билимга, спортга, адабиёт, санъат ва маданиятимизнинг бошқа йўналишларида ўз истеъдодларини намойиш этишга ҳаракат қилишади. Малакали устоз ва мураббийлар, илғор ва аълочи курсантлар кўмагида ўз қобилиятларини намоён этадилар. Ҳарбий матонатни шакллантириш, чиниқтириш масалаларида ҳам ўзига хос анъаналар мавжуд. Буларнинг бари ягона мақсадга – мамлакатимизга юксак салоҳиятли кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

— Шу ўринда бир савол туғилди. Ҳақиқатан ҳам кейинги пайтда жойларда ИИВ тизимида ушбу таълим муассасасининг битирувчиларига нисбатан талабнинг ортиб бораётгани кузатилади. Академиянинг нуфузи ортиб бораётгани ҳам шу билан боғлиқ бўлса керак, албатта. Айтингчи, қайси йўналишларда мутахассислар тайёрланади?

— ИИВ тизимида малакали, касбига садоқатли ва матонатли, жасур ҳамда билимли кадрларга ҳамиша талаб катта. Мамлакатимиз миқёсида олиб қараладиган бўлса, олис қишлоқ ва туманларда, шаҳар ва вилоятларда, пойтахтимиз Тошкент ва Қорақалпоғистон Республикасида ИИВ Академиясининг битирувчилари ўз вазифаларини ўташда бор билим ва малакаларини ушбу олий таълим даргоҳида таҳсил олган мезонлар доирасида бажаришга, ўз бурчларини ИИВ ходими шаънига доғ тушурмай адо этишга ҳаракат қилишмоқда. Албатта бундай кадрларга ҳамиша талаб катта бўлади. Ҳаётнинг ўзи тақоза қилаётган талаб ва таклифлардан келиб чиқиб, академия имкониятлари ҳам кенгайиб бормоқда.

2017 йил июнь ойида давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани фаолияти билан танишиш асносида ИИВ Академиясига ҳам ташриф буюриб, таълим муассасасида юқори малакали, профессионал кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, шахсий таркибнинг касб-маҳорати, маънавий маърифий, ҳуқуқий билимларини пухта шакллантириш масалалари билан батафсил қизиқди ва келгуси йўналишларни белгилаб берди. Ўша йили август ойида «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори қабул қилинди. Кадрлар тайёрлашнинг бир поғонали тизими дастури бўйича уч йил муддатда олий маълумотли магистр даражасига эга (юристлар) ҳуқуқшунослар тайёрлаш йўлга қўйилгани мамлакатимизда мутахассис кадрлар тайёрлаш тизимини жаҳон стандартлари асосида такомиллаштиришда туб бурилиш бўлди. Эндиликда кундузги таълимда «Тергов фаолияти», «Тезкор қидирув фаолият», «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти», «Эксперт–криминалистик фаолият», «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти», «Хизмат фаолиятини психологик таъминлаш» ҳамда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб «Жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти» бўйича йўналиш жорий этилади. Битирувчиларимизга «юрист» малакаси берилади. Фақат бугина эмас, Академиянинг олий академик курслари негизида «Ички ишлар органларидаги бошқарув фаолияти» мутахассислиги бўйича «менежмент» малакаси беришга йўналтирилган Раҳбар кадрлар тайёрлаш факультети қайта ташкил этилди. Жорий йил 1-ўқув курсига қабул қилинган 600 нафардан зиёд курсантлар ўқув палигонида таҳсил олмоқда. У ерда барча шароитга эга ўқув аудиториялари, спорт комплекси, ахборот –ресурс маркази, руҳий тетиклаштириш хонаси, ўқ отиш ва махсус-тактик машғулотлар ўтказиладиган майдон ҳамда ётоқхона курсантларга хизмат қилмоқда.

Ўқув фан дастурлари Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Россия, Франция каби ривожланган мамлакатларнинг соҳага оид тажрибалари асосида давлат таълим стандартлари, малака талаблари, намунавий ўқув режалари ишлаб чиқилган.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ички ишлар органлари ходимлари учун дастлабки зарур касбий билим ва кўникмаларга эга ёшларни тарбиялаш,ёшларни вазирлик олий таълим муассасасига ўқишга киришга тайёрлаш мақсадида мамлакатимизнинг ҳар бир минтақасида ИИВнинг биттадан, жами 14та академик лицейи ташкил этилди.

Албатта буларнинг ҳаммаси таълим сифатини оширишга қаратилган омиллар. Академия ташкил этилганининг 25 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш жараёнида талабаларга янада яхшироқ шароит яратиш мақсадида бир қатор объектларимиздаги қурилиш ва капитал таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ташкил топганилигининг 25 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга қаратилган ўзимизнинг ушбу санани юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларимиз қабул қилинди. Улар асосида ташкилий –амалий, маънавий маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Айни пайтда ушбу тадбирлар доирасида «Академия–ички ишлар органлари учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш йўлида» мавзусида халқаро амалий конференция ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Унда йигирмага яқин хорижлик ҳамкор таълим муассасаси ва ташкилотлардан вакиллар таклиф этилган.

Суҳбатимиз мавзуси ўз-ўзидан малакали кадрлар тайёрлашда профессор ва ўқитувчилар салоҳияти, қолаверса, ўқув юртининг моддий-техник базаси имкониятлари қай даражадалигига бориб тақалади.

Тўғри айтасиз, кадрлар малакасини белгиловчи омиллардан бири, аввало, профессор-ўқитувчиларнинг касбий маҳорати, шахсий фазилати юқори даражадалиги билан боғлиқ. Давлатимиз раҳбарига ташрифи чоғида тақдим этилган «2017-2021 йилларда ИИВ Академиясини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича» лойиҳада профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш, таълим жараёнини ташкил этиш ва номзодларни таълимга мақсадли тайёрлаш, ходимлар малакасини ва соҳавий хизматлар фаолиятини яхшилаш, янги инновацион таъминот бўйича фонд ташкил этиш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш каби йўналишлар акс эттирилган эди. Айни пайтда уларни амалиётга тадбиқ этиш жараёни кенг кўламда амалга оширилмоқда. Профессор-ўқитувчиларимизнинг қарйиб учдан бир қисми илмий даража ва унвонга эга мураббийлардир.

Курсантларнинг 1-, 2- сонли ётоқхоналари, саф майдони, маиший хизмат кўрсатиш жойларида таъмирлаш ишлари бажарилди. Ўтган йили касбий тайёргарлик факультети ётоқхонаси, Маънавият-маърифат маркази, сузиш ҳавзаси ва 1-курс ўқув биносида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, 600 ўринли ётоқхона, ювиниш комплекси янгидан барпо этилди.

Бир сўз билан айтганда, академия фаолиятини жаҳон стандартлари даражасида ташкил этиш ишлари хориж тажрибасидан келиб чиқиб, ўзимизнинг миллий қадриятларга уйғунликда олиб борилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мамлакатимизга ватанпарвар, илмли, малакали, садоқатли, матонатли кадрлар тайёрлаш жараёнида фаолиятимизнинг асосий мезонини уларни маънавиятли, маърифатли инсонлар этиб тарбиялаш ташкил этади. Бунинг учун барча ахборот коммуникацион шарт-шароитлар мужассам. Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклиф ва ташаббуслари билан бу ерда хитой ва рус тилларини ўқитиш курслари ташкил этилган эди. Эндиликда Академияда Чет тиллар маркази ташкил этилди. Бундан ташқари таниқли ёзувчи ва шоирлар, санъат усталари, рассомлар ва бошқа ижодкорллар билан адабий-бадиий учрашувлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Айни пайтда курсантларимизни мамлакатимизда чоп этилаётган босма ОАВ, янги нашр этилган китоблар билан танишиб боришлари учун махсус жиҳозланган кутубхона мавжуд. Яқин кунларда академия ҳудудида китоб дўкони, хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган ходимлар «Хотира майдони» бунёд этилади. Шунингдек, «Бизнинг фахримиз» шиори остида илм-фан, спорт, санъат ва бошқа йўналишларда Академиямиз нуфузини оширишга ўз ҳиссасини қўшган соҳа ходимлари фаолияти акс эттирилган кўргазмали бурчак ташкил этишга киришилди. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ИИВ Академиясининг асосий фаолияти курсант ва тингловчиларнинг интелектуал салоҳиятини ошириш, етук мутахассислар тайёрлашга қаратилган.

Мазмунли ва батафсил суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Мурод ТИЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: