Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
01.09.2019

МАДАНИЙ МЕРОСИМИЗ ДУНЁ АҲЛИ НИГОҲИДА

Қўқон шаҳрида 10-15 сентябрь кунлари «Халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик» Халқаро фестивали бўлиб ўтади

Ўзбек халқи амалий санъат ва ҳунармандчиликда кўп йиллик тарихга, бой маданий меросга ва ўз анъаналарига эга. Йиллар давомида устоз-шогирдлик мақомида отадан-болага, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандчиликнинг кулолчилик, ганчкорлик, ёғоч ўймакорлиги, каштадўзлик, бешиксозлик, заргарлик каби кўплаб турлари мавжуд.

Ҳунармандчилик маҳсулотлари фақатгина санъат намунаси бўлиб қолмай, кундалик ҳаётимизда кенг  фойдаланиладиган ва ишлатиладиган буюмлар ҳисобланади. Масжиду мадрасаларнинг шифтларидаги ганчкорлик ишлари ва уларнинг эшигу устунларини безаган ёғоч ўймакорлиги  маҳсуллари  бунга  яққол мисол бўла олади. Бешик кириб бормаган бирорта ўзбек хонадони бўлмаса керак, халқимиз севиб истеъмол қиладиган паловни уста кулоллар ясаган сопол лаганларда тановул қилишнинг гашти ўзгача. Келинчак ва қизларимиз севиб тақадиган балдоқлар, узуклару билакузуклар, зебигардон каби беҳисоб   тақинчоқларнинг ижодкорлари ҳам шу ҳунармандлардир.

Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида ўтказиладиган «Халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик» Халқаро фестивали ана шу маданий меросимизни дунё аҳлига танитиш ва бошқа элларнинг миллий ҳунармандчилик дурдоналаридан баҳра олиш учун қилинаётган ҳаракатдир.

Фестивалга Республика миқёсида кенг тайёргарлик кўрилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлар Марказий давлат  архиви ташаббуси билан  Қўқон шаҳри ҳокимлиги билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Унда томонлар ўз вазифа ва мақсадларини белгилаб олдилар.  Архив томонидан  мазкур фестиваль доирасида ҳунармандчилик тарихини ёритувчи  фотокўргазма ва мавзуга оид кино ҳужжатлар намойиши ташкиллаштирилади.

Архивда турли соҳа ва йўналишларга оид XIX асрнинг иккинчи ярмидан ҳозиргача бўлган даврларни ўзида акс эттирган  фотоҳужжатлар сақланади. Бу ерда ўзбек миллий ҳунармандчилиги ривожи, сулолалар, устоз-шогирд анъаналари акс этган ноёб фото ва киноҳужжатлар сақланиб келинмоқда. Ҳунармандчилик соҳасига оид кўплаб  қизиқарли, тарихий фотоҳужжатларни қидириб топиш ва улар асосида кўплаб илмий ишлар  олиб боришда фойдаланиш мумкин.

 Архив ходимлари фестиваль доирасида ташкил этилиши кўзда тутилган фотокўргазма учун архив фондида сақланаётган тарихий кино ва фотоҳужжатларни танлаш ва саралаш билан шуғулланмоқда. Танланган фотоҳужжатларга ўзбек, рус ва инглиз тилида аннотациялар ёзиш ишлари олиб борилмоқда.

Фестивалда намойиш этилиши режалаштирилаётган миллий ҳунармандчиликка ва Қўқон тарихига оид кинотасмалар қайтадан кўриб чиқилиб, сифат ва мазмун жиҳатидан назоратдан ўтказилмоқда. Бу фильмлар  фестиваль ўтказиладиган кунлари Қўқон шаҳрининг турли ҳудудларида намойиш этилади.

Фестиваль доирасида «Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Унда  ҳунармандчилик ва амалий санъат мавзусида маърузалар тингланади, тақдимотлар ўтказилади. 

 

Моҳичеҳра РАЖАБОВА,                          

Ўзбекистон Республикаси

Кинофотофоно ҳужжатлар Марказий

давлат  архиви етакчи архивчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: