Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
27.08.2019

МАДАНИЙ МЕРОСНИ АСРАШ ДУНЁ ХАЛҚЛАРИ БИРДАМЛИГИГА БОҒЛИҚ

Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида 26 август куни «Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) шафелигида ташкил этилган анжуманда халқаро ташкилотлар ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, 77 давлатдан олимлар, архитекторлар, халқаро экспертлар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг конференция қатнашчиларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ўқиб эшиттирди.

ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хоним конференция юқори савияда ташкил этилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Анжуманнинг Самарқандда ўтказилиши тарихий аҳамият касб этишини, бу қадимий шаҳар нафақат Буюк ипак йўли чорраҳасидаги йирик савдо, балки маданият маркази ҳам бўлганини таъкидлади.

Бир неча асрлик тарихга эга обидалар бу заминнинг азалдан илм-фан, маданият ривожланган маскан, бу халқ аждодларининг юксак ақл-заковат эгаси бўлганидан далолат, – деди Одри Азуле хоним. – Ушбу меросни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш барчамиздан юксак масъулият талаб этади. Чунки бу обидалар нафақат ушбу минтақа халқлари, балки инсониятнинг бойлигидир. Шу мақсадда ЮНЕСКО Ўзбекистон билан фаол ҳамкорликда иш олиб бориб, моддий ва номоддий меросни асраб-авайлаш борасида ўз тавсияларини бермоқда, амалий кўмак кўрсатяпти. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам замонавий шаҳарсозликда маслаҳатларимизга таянган ҳолда иш олиб бормоқда.

Халқаро конференция ялпи мажлисида ЮНЕСКОнинг шаҳарсозлик ва консервация бўйича илмий раҳбари, «Бецалель» санъат академияси профессори Майкл Тёрнернинг минтақа мамлакатларида собиқ иттифоқдан кейинги даврда шаҳар мероси муаммолари ҳақидаги маърузаси тингланди.

Мазкур анжуман Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар халқлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга, – дейди МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев. – Ташкилотимизга аъзо давлатлар ўртасида тарихий-маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш бўйича келишув мавжуд. Самарқанд ўзининг узоқ йиллик ўтмиши, бир неча асрлик тарихий обидаларга бойлиги билан ер юзи сайқали, Шарқ гавҳари ҳисобланади. Мен ҳар гал Самарқандга келганимда тарихий обидаларни кўриб, хурсанд бўламан. Бу бой тарих, маданият, шу билан бирга, туризм учун улкан иқтисодий имкониятдир. Кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганига гувоҳмиз. Биз ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз.

Анжуманнинг шўъба мажлисларида маданий мерос ва шаҳарсозлик, бутунжаҳон меросини асрашнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда таълимда маданий меросни сақлашдаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ташкилотимиз жаҳон маданий мероси рўйхатига кирган объектларни сақлаш, асраб-авайлаш учун давлатларга ўз тавсияларини бериб боради, – дейди Ёдгорликлар ва диққатга сазовор масканларни сақлаш бўйича халқаро кенгаш – ICOMOS эксперти Кристина Яманди. – Жумладан, Самарқанддаги моддий мерос объектларини асраш бўйича ҳам ҳамкорликда ишлаяпмиз.

Конференция якунида шўъба мажлисларида билдирилган фикр ва тавсиялар асосида таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Анжуман иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий объектлар билан танишди, «Шарқ тароналари» XII халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.



Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: