Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
20.08.2019

«ЎЗСТАНДАРТ» АГЕНТЛИГИ АХБОРОТ БЕРДИ

Эндиликда тадбиркорлар Ўзбекистонда ҳам «Ҳалол» сертификатини олиши мумкин

Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжуманида «Ўзстандарт» агентлиги Ўзбекистонда «Ҳалол» стандартларининг жорий қилиниши ҳамда уларни сертификатлаштирадиган янги идора ташкил этилгани ҳақида расмий маълумот берди. Унда «Ўзстандарт» агентлиги бош директори ўринбосари Жасур Шукуров, «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти директори Ғайратжон Ғозиев, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Исомиддин Аҳроров ва бошқа мутасаддилар иштирок этишди.

Тадбирда Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги «Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти негизида «Ҳалол» стандартлари талаблари асосида маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш махсус идораси ташкил этилгани таъкидланди.

— Янги ташкил этилган махсус идора дастлабки босқичда фақатгина экспортга чиқариладиган маҳсулотлар учун ҳамда зиёрат туризми (меҳмонхона ва ичидаги умумий овқатланиш маскани) доирасида фаолият юритади, — дейди «Ўзстандарт» агентлиги бош директори ўринбосари Жасур Шукуров. — Кейинчалик эса бу фаолият кўлами янада кенгайиб боради. Қолаверса, агентлигимиз янги идора фаолиятини ривожлантириш мақсадида Малайзиянинг «Ҳалол» сертификатлаштириш ва аккредитация масалаларида кўп йиллик тажрибага эга «Ислом тараққиёт департаменти» (JAKIM), Индонезиянинг Уламолар кенгаши (MUI), Туркиянинг «Турк стандартлари институти» (TSE), Таиланднинг Чулалонгкорн университети қошидаги «Ҳалол» илмий маркази» каби халқаро даражада тан олинган ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди.

Бундан ташқари, маҳсулотлар «Ҳалол» стандарти талабларига мувофиқлигини таъминлаш учун синов лабораторияларини ташкил этиш 2-3 миллион доллар маблағни талаб этади. Шу билан бирга, «Ҳалол» стандартлари талаблари асосида маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш аудитларида ҳар бир мамлакатнинг маҳаллий диний ташкилотлари вакиллари иштирок этиши мақсадга мувофиқ саналади. Шу боисдан ҳам бугунги кунда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон Мусулмонлар идораси томонидан сертификатлаштириш ишларига жалб этиладиган диний ходимлар рўйхати шакллантирилди. Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти (SMIIC) стандартлари асосида «Ҳалол» талабларига мувофиқ озиқ-овқат, истеъмол маҳсулотлари, туризм хизматлари ва сертификатлаштириш идораси доираларида Диний қўмита ва тегишли вазирлик идоралари билан ҳамкорликда давлат стандартлари ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунё бўйлаб «Ҳалол» стандарти остидаги маҳсулотлар бозор ҳажми 6,4 триллион долларга етган ва бу кўрсаткич йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда ҳам зиёрат туризми, гастрономик туризм соҳалари кенгайиб бораётгани, маҳаллий аҳолининг аксарият қисмида «Ҳалол» стандарти остидаги маҳсулотларга эҳтиёж юқорилиги яхши маълум. Шу боис эндиликда Ўзбекистонда «Ҳалол» стандарти бўйича сертификатлар олиш учун ҳуқуқий асос яратилиб, барча механизмлар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Ислом мамлакатларининг Стандартлар ва метрология институти (SMIIC) аъзосига айланди. Эндиликда Ўзбекистонда олинган «Ҳалол» сертификати халқаро аҳамиятга эга бўлади.

— Янги сертификат «Ҳалол» стандартларига амал қилинадиган мусулмон давлатлари билан савдо-сотиқ алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади, — дейди Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти бўлими бошлиғи Суннатилла Саидов. — Бундан ташқари, мазкур стандартларни жорий этиш Ўзбекистонга саёҳат қилаётган зиёратчиларга профессионал хизматлар кўрсатиш имконини беради. Яна шуни маълум қилмоқчи эдимки, бугундан бошлаб «Ўзстандарт» агентлиги «Ҳалол» сертификатини олиш учун аризаларни қабул қилишни бошлади. Ариза топшириш учун Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институтига мурожаат қилиб, барча зарур ҳужжатларни тақдим этиш жоиз. Ушбу ҳужжатлар асосида сертификатлаш ҳақида қарор қабул қилинади. Кейинчалик корхонага бир гуруҳ аудиторлар юборилади. Улар ишлаб чиқаришнинг стандарт талабларига мувофиқлиги бўйича текширув ўтказади. Аудиторлар ҳисоботи сертификат олишда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ушбу сертификатни олиш истагидаги тадбиркорлар фақат ҳалол маҳсулот ишлаб чиқариши керак.

Шунингдек, «Ҳалол» стандарти талабига мос сертификат бир йил муддатга берилади ва бу вақт давомида корхонада мунтазам равишда текширувлар амалга ошириб турилади.

Маълумот ўрнида яна шуни айтиш мумкинки, 2018 йилнинг ноябрь ойида «Ўзстандарт» агентлиги Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институтига аъзо бўлган. Шу боис янги стандарт ушбу институтга аъзо бўлган 38 мамлакатнинг барчасида амал қилади.

Тадбирда журналистлар томонидан берилган, яъни бундан буён ишлаб чиқариш бўйича фаолият бошловчи ташкилотларга ушбу стандартни мажбурий жорий қилиш мумкинми, деган саволга «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти директори Ғайратжон Ғозиев жавоб берди.

— Бир нарсани тўғри тушунишимиз лозим – «Ҳалол» стандарти бўйича сертификатлар олиш ихтиёрий. Тадбиркор, ишлаб чиқарувчининг ўзи шундай сертификатга эга бўлишни, шу мақом остида маҳсулот сотишни истасагина бизга мурожаат қилади ва биз буни кўриб чиқамиз. Қўшимча талаб қўйиш қонунчилигимизга ҳам тўғри келмайди, тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлиб қолишдан йироқмиз.

— Шу пайтга қадар Ўзбекистонда «Ҳалол» сертификатини олиш имконияти йўқ эди. Эҳтиёжманд тадбиркорлар бу сертификатни хориждан олиб келишган. Хорижий сертификатлар бизда тан олинадими, энди уларнинг мақоми қандай бўлади?

Ушбу саволга Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти бўлими бошлиғи Суннатилла Саидов жавоб берди:

— Биз хориждан олинган айрим сертификатлар бўйича текшириш ўтказганимизда баъзи ишончсиз идоралар томонидан «Ҳалол» сертификатлари берилган ҳолатлар аниқланди, ҳатто берилган ташкилотнинг ўзи йўқ бўлиб чиққан ҳолатлар ҳам бўлди. Демак, энди тадбиркорларимиз ўз қонунчилигимизга, ўз талабларимизга, диний идорамиз назорати остида сертификат олишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: