Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
13.08.2019

МАҚОЛАНИ ЎҚИДИНГИЗМИ?

Ёки ўқимай, кимдир тайёрлаган жавобга имзо чекдингизми? Газетамизда чоп этилган танқидий мақолага икки мулозимнинг бир-бирига Ҳасан-Ҳусандек ўхшаш жавоблари ҳақида

Газетамизнинг 2018 йил 13 ноябрь сонида «Ёлғиз аёлнинг уйи бузиб ташланди. Энди у икки нафар норасида фарзанди билан қаерда яшайди?» деб номланган мақола чоп этилганди. Ушбу мақолага Андижон вилоят прокуратураси ва Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят судидан келган жавоблар юзаки бўлгани боис бу мавзуга яна қайтишга тўғри келган эди.

 Газетамизнинг 2019 йил 22 январь сонида иккинчи марта чоп этилган «Ёлғиз аёлнинг уйи бузиб ташланди. Энди у икки нафар норасида фарзанди билан қаерда яшайди?»сарлавҳали мақолада жавобларга муносабат билдирилди.

Афсуски, шундан кейин ҳам тош ўрнидан силжимади, Антарктидадаги музлар эриса, эридики, андижонлик раҳбарлар кўнгли юмшамади. Аслида бу аёл уйсиз эмас эди, унинг уйини бузиб ташлашди. Икки нафар гўдаги билан ватансиз қолган ёлғиз аёлга раҳм қилишмади. Андижон вилояти, Олтинкўл тумани, «Чаққон-2» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги уйи суд томонидан ноқонуний қурилган, деб топилиб, Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл туман бўлими томонидан 2018 йил 9 август куни кечки пайт экскаватор билан бузиб ташланган Нафисахон Бобоназарова ҳали ҳамон икки нафар вояга етмаган фарзанди билан ҳокимият томонидан вақтинча ажратилган, аммо мутлақо шарт-шароити бўлмаган бир кулбада сарсон-саргардон бўлиб юрибди...

2018 йил 20 апрелда Президентимиз томонидан «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармони эълон қилинган эди. Ана шу фармон туфайли қанча-қанча юртдошларимизга бағрикенглик, инсонийлик тамойилларидан келиб чиқилиб, рухсатсиз қурилган уйларга, мулкка эгалик ҳуқуқи берилди.

Газетада чоп этилган ҳар икки мақолада Президентимиз ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни уй-жой билан таъминлаш учун қаттиқ қайғуриб, давлат бюджетидан катта маблағ ажратаётган, махсус акция эълон қилган бир пайтда икки болали ёлғиз аёлнинг уйини бузмаслик мумкин эди-ку, деган масала кўтарилган эди.

Андижон вилоят прокурорининг ўринбосари, адлия маслаҳатчиси А.Сайдалиевнинг жавоб хатидан: «Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 16.01.2018 йилдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар — Олтинкўл туман прокуратураси И.Турдиев ва Ф.Асқаров манфаатини кўзлаб, жавобгар Н.Бобоназаровага нисбатан «Ноқонуний қурилмаларни жавобгар ҳисобидан буздириш ҳақида«ги даъво аризаси қаноатлантирилган. ...жавобгар Н.Бобоназарова суд жараёнида, ушбу ер майдони ўзига тегишли эканлигини тасдиқловчи бирон-бир ҳужжатни судга тақдим қилмаган».

Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди раиси Ж.Карабоевнинг жавоб хатидан: «...мақолада кўрсатилган Н.Бобоназарова «ёлғиз аёл» бўлса-да, уни мактабга тегишли ерни ноқонуний эгаллаб, уй-жой қуриб олиш ҳуқуқи бўлмаган. Унинг «ёлғиз аёл» эканлиги низодаги ерни эгаллаш учун устун ҳуқуққа эга эканлигини англатмайди. Чунки қонун устунлиги сўзсиз тан олиниши шарт ва ҳар бир фуқаро риоя этишга мажбур».

Тўғри, қонун ҳамма учун баробар. Лекин бу борада Президентнинг бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинган бўлса, ушбу фармон ҳокимлик, прокуратура ва суд учун устун ҳуқуққа эга эмасми? Фармон ижросига амал қилмасдан, икки фарзандли ёлғиз аёлнинг уйини бузишни қандай тушуниш керак?

Ҳолбуки, ёлғиз аёл ён-атрофидаги қўшнилари каби ноқонуний, кадастрсиз қурилган уйда яшаб келаётганди. Нега уларнинг уйи бир ёқда қолиб, айнан Н.Бобоназарованинг уй-жойи бузилди? Бунга ким ташаббускор бўлди? Андижон вилоят ҳокимлиги, прокуратура ва суд мутасаддилари бир муштипардан давлат ерини ҳимоя қилибди-ю, аммо унинг ҳуқуқи, манфаатини, фарзандлари тақдирини ҳимоя қилишни ўйлашмабди. Ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси асосида ҳеч қандай тўсиқларсиз расмийлаштирилиб берилиши мумкин бўлган ўша ер нархи инсон қадридан юқори қўйилди.

Ҳозир бу масала бўйича андижонлик мулозимлар турли баҳоналарни айтиб, суриштирган одамни чалғитиши мумкин. Уларнинг гапи асоссизлигини англаш учун газетамизда чоп этилган икки мақолани ўқиб чиқиш керак бўлади.

Жавоб хатларида бир-бирига ўхшаш шундай жумлалар бор: «Жиноят ишлари бўйича Андижон туман судининг 21.02.2018 йилдаги ҳукмига кўра, Н.Бобоназарова (Нафиса Бобоназарованинг онаси — Изоҳ таҳририятники) ...ушбу ер майдонига уй-жой қуриб, шу кунга қадар фойдаланиб келиб, давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабабчи бўлгани учун Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми билан айбли, деб топилган».

Андижон туман суди томонидан «давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабабчи бўлган», деб чиқарилган ҳукм анча ваҳимали эшитилмоқда. «Жиддий зиён» иқтисодийми? Унда зиён миқдори нега айтилмаяпти? Ёки маънавий зиёнми? Унда бу зиён нималардан иборат бўлаётгани изоҳланмаяпти?... Аслида 240 ўқувчига мўлжалланган бир қаватли мактаб ҳудуди 2 гектардан кўпроқ ҳайҳотдек майдондан иборат, ярмидан кўпи бўш ётибди.

Қолаверса, ўша ҳудуддан бир умр ўқитувчи бўлиб ишлаган Нигорой Бобоназарованинг турмуш ўртоғига 1988-1990 йилларда Олтинкўл тумани собиқ Куйбишев номли жамоа хўжалиги раҳбари томонидан якка тартибдаги уй-жой қуриш ва томорқа сифатида ер майдони ажратиб берилган. Нафиса Бобоназарованинг турмуши бузилиб, икки нафар фарзанди билан онасининг уйига қайтиб келгач, уйига яқин бўлган мактабгача таълим муассасасига кир ювувчи бўлиб ишга киради. Ойлик маоши 380-400 минг сўм.

Онаси Нигорой Бобоназарова қизи ва невараларига жони ачиб, уй-рўзғор ва фарзандларидан орттирган маблағидан ўзларига ажратилган ер майдонидан икки хонали уйни қуриб битказади ва уларни шу ҳовли-жойга кўчиради.

Нафиса Бобоназарова уйни ўз номига ўтказиш учун масъул идораларга мурожаат қилади, ўша вақтда жамоа хўжалигида ишлаган масъуллар томонидан ер ажратиб берилишига оид ҳужжатлар давлат архивига тўлиқ топширилмаганини аниқлайди.

Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2018 йил 16 январь кунги ҳал қилув қарори, Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди кассация инстанциясининг 2018 йил 13 апрель кунги ажримига кўра, Нафиса Бобоназарованинг уй-жойи ўзбошимчалик билан қурилган ҳисобланиб, буздириш белгиланди. Суд ҳужжатларига асосан ижро варақаси Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл туман бўлимига ижро этиш учун юборилди.

Шундан сўнг Нафиса Бобоназарова Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги фармонига асосан Олтинкўл тумани ҳокими Бахтимурод Каримов (собиқ) номига ва Давлат хизматлари агентлиги Олтинкўл туман бўлими (2018 йил 27 июнь куни)га турар-жойга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади. Аризага на Олтинкўл тумани ҳокими, на Давлат хизматлари агентлигидан жавоб ололмайди. Бунинг устига, Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ишлари бўйича Олтинкўл туман комиссияси раиси ва аъзолари шу кунгача аризани кўриб чиқиб, комиссия номидан ёзма жавоб бергани йўқ.

Мақолада кўтарилган масала юзасидан Андижон вилоят ҳокими ўринбосари И.Холматовдан 2019 йил 5 январь ҳамда 2 март санаси билан олинган жавобларда эса қандай уй-жой қонунсиз, қайси бири қонуний ҳисобланиши таҳририятга батафсил тушунтирилган.

Жавоб хатида жумладан, шундай дейилади: «Ўзбошимчалик билан қурилган иморат, суднинг қонуний кучга кирган ва ҳал қилув қарори асосида буздирилган. Бу иморатларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон фармони талаблари асосида мулк ҳуқуқи белгилашга асос мавжуд эмаслиги тўғрисида ариза муаллифига маълум қилинганлиги билдирилади».

Савол: – Фармон талабларига нега тўғри келмайди? Эҳтимол, кимнингдир хоҳишига тўғри келмас?... Ҳайрон қоларли жойи шундаки, Андижон вилоят прокурорининг ўринбосари, адлия маслаҳатчиси А.Сайдалиев, Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди раиси Ж.Карабоев, Андижон вилоят ҳокими ўринбосари И.Холматов томонидан таҳририятга йўлланган жавоб хатларида қандай қилиб бўлса ҳам идоралар манфаати ҳимоя қилинаётганга ўхшайди. Биринчидан, бу уйни бузмаса ҳам бўларди, иккинчидан, хўп, бу уйни бузишга бузишибди, лекин ёлғиз аёл билан норасида гўдакларни кўчада қолдирмаслик чорасини кўриш мумкин эди-ку? Агар жонлари ачиганда, виждонлари қийналганида, чуқурроқ ўйлаб кўришар эди, албатта.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ишлар кўп азоб-уқубатларни бошидан ўтказган сабр-тоқатли, заҳматкаш халқимизнинг қаддини кўтаришга, эртанги кунини бундан ҳам яхшилашга қаратилган. Президентимиз халқ хизматида бўлган катта-кичик амалдорларни оддий одамларнинг муаммоларини ҳал этишга, уларга сидқидилдан хизмат қилишга ундаяпти, талаб қилаяпти.

Афсуски, айрим ноҳақликларни, инсон манфаатларини поймол этиш ҳолатларини бартараф этиш жуда қийинчилик билан кечаяпти. Энг ачинарлиси, баъзи амалдорларнинг онги, дунёқараши замон талабига мос келмаяпти. Салла олиш ўрнига калла олиш ҳолатлари рўй бермоқда. Холбуки, ўзига ишонч билдирилиб, у ёки бу лавозимга муносиб кўрилган ҳар бир раҳбар ўз шахсий манфаатидан халқ манфаатини ўн карра, юз карра юқори қўйиши керак.

Давлат ҳокимияти бошқарув органлари ҳамда мансабдор шахслар фаолияти Президентимиз айтганидай, бундан буён ўз хизмат вазифасига қандай муносабатда бўлаётганига, халқ манфаати йўлида амалга ошираётган эзгу ишларига қараб баҳоланади. Бунда оммавий ахборот воситалари жамиятдаги барча жараёнларни, ютуқ ва камчиликларни холис ва шаффофлик билан ёритиб бориши жамоатчилик назоратининг муҳим субъекти сифатида катта аҳамият касб этади. Бундан жамият соғломлашади, пировардида халқ манфаатлари устуворлиги таъминланади.

Бугун «амалдорман», деб ғўддайиб юриш даври ўтди. Амалдормисан, демак, халқнинг хизматкорисан. Ўз хизматингни ҳалол, виждонан бажарсанг, узоққа борасан, акс ҳолда, ўрнингни бошқага бўшатиб беришингга тўғри келади.

Биз ёлғиз она Нафиса Бобоназарованинг масаласини назоратда ушлаб турамиз. Зарурат бўлса, мавзуга яна қайтамиз.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: