Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
13.08.2019

САМОДА МАНГУ ҚОЛГАН ЮЛДУЗЛАР

1979 йил 11 август... Ушбу сана ўзбек футболи тарихи саҳифаларига энг фожиали сана сифатида муҳрланди. Минскка йўл олган Ту-134 самолёти Днепродзержинск осмонида ҳалокатга учраб, «Пахтакор» жамоасининг 17 нафар навқирон футболчиси самога сочилиб кетди... Шундан бери ҳар йили 11 август куни Пахтакор-79 футболчиларининг хотираси ёдга олинади.

1979 йилнинг 11 августида Тошкент-Гурьев-Донецк-Минск рейсида парвоз қилаётган ТУ-134 самолёти Челябинск-Кишинёв рейсини бажараётган шу русумдаги бошқа самолёт билан тўқнашиб кетди... Афсуски, диспетчернинг хатоси ўзбек футболининг фахри ҳисобланган «Пахтакор»нинг 17 нафар баҳодирини бу ҳаётдан олиб кетди.

Мазкур фожиа нафақат футбол олами учун, балки бутун ўзбек халқи учун оғир мусибат бўлди... Футболчиларнинг оила аъзолари билан бирга, миллионлаб футбол мухлислари узоқ вақт ўзларига кела олмади.

Фалокатдан сўнг илк учрашувларга келган мухлислар кўзларида ёш, изтироб билан янги жамоа иштирокидаги ўйинларни кузатиб боришган...

Бу йил машъум санага 40 йил тўлди. Шу муносабат билан «Пахтакор» клуби томонидан бир қатор тадбир дастурлари ташкил этилди.

Ўтказилган матбуот анжуманида тадбир муносабати билан Тошкентга таклиф этилган собиқ СССР терма жамоаси аъзолари, футбол афсоналари, фахрий меҳмонлар, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Анжуманга йиғилганлар «Пахтакор-79»нинг ўзига хос ўйинлари, футболчиларимиз маҳорати ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашишди.

— Ҳалокатга учраган жамоа таркибида дўстларимиз бор эди. Уларни йўқотиш биз учун оғир мусибат бўлди, — деди «Динамо» Тбилиси жамоасининг собиқ сардори Александр Чивадзе. — Ҳалокатдан сўнг янги «Пахтакор»га қарши Тошкентдаги илк ўйиндан олдин қабристонга бориб, бизни тарк этган яқинларимизни хотирлаб келдик. Ўйинда эса стадион тўла эди. Содиқ мухлислар эски жамоасини кўргани келгандек эди гўё. Биз «Пахтакор»нинг ўша йигитларини унутмаймиз,

11 август эрта тонгдан эса футбол фахрийлари, мухлислар, клуб раҳбарияти ва меҳмонлар «Пахтакор» стадионида ўрнатилган ёдгорлик ёнида тўпланишди. Сўнг Боткин қабристонига йўл олинди, «Пахтакор-79» ёдгорлик монументи пойига гуллар қўйилди, марҳумлар хотираси ёд этилди. Тадбирда иштирок этган меҳмонлардан бири — таниқли футболчи Василис Хадзипанагис бўлди, у ўз вақтида «Пахтакор» клубида тўп сурган, сўнг Грецияга кўчиб кетган, Грециянинг ўтган асрдаги энг яхши футболчиси саналади.

— Марҳум пахтакорчилар билан ака-укадек эдик, — дейди Василис Хадзипанагис. — Йигитларнинг хотираси, «Пахтакор» ҳамиша менинг қалбимда. Барча интервьюларимда албатта уларни эслайман.

Авиаҳалокатга 40 йил тўлиши муносабати билан «Пахтакор» клуби мазкур санага катта тайёргарлик кўрди. Жумладан, «Пахтакор-79» хотирасига бағишлаб халқаро «Хотира қанотлари» турнири ўтказилди. Марҳум пахтакорчилар номини абадийлаштириш учун Тошкент кўчаларидан бирига «Пахтакор-79» номи берилди. «Осмонда абадий қолган юлдузлар ҳақида фильм» ҳужжатли фильм тақдимоти ҳам бўлди. Шунингдек, Равшан Ҳакимов муаллифлигида ёзилган «Пахтакор-79» команда надеж» номли китоби тадбир қатнашчиларига тарқатилди.

Тадбир дастурига кўра, кечки соат 19:да «Пахтакор» стадионида саҳналаштирилган бадиий томоша бошланди. Унда Пахтакор-79» жамоаси хотирасига атаб ишланган турли видеороликлар намойиш этилди, қўшиқлар янгради, 17 футболчининг рамзий тимсоли сифатида 17 кабутар осмонга учирилди. Дарвоқе, қизиқ бир факт: «Пахтакор» стадиони айнан 11 августда очилган экан...

Шу куни стадионда кўплаб фахрий меҳмонларни учратиш мумкин эди:

Тўлаган Исоқов (собиқ пахтакорчи, айни вақтда ЎФА қошидаги Фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари):

– Ўша мудҳиш воқеа футболчилик ҳаётимни остин-устун қилиб юборди. Тасаввур қилинг, кутилмаганда яхши бир қадрдон дўстингиздан айрилиб қолдингиз. Оғир-а, мен эса бир кунда 17 та шундай дўстимдан айрилганман. Бизнинг яқинлигимиз фақат майдонда эмасди, оилавий борди-келдимиз, дўстлигимиз бор эди... Жамоамиз аъзолари билан бир оиладек бўлганмиз.

Мен футболдан кетдим, ўша вақтда ҳатто Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов чақириб, футболда қолишимни сўрагандилар, аммо мен аҳволимни тушунтирдим. Руҳим буткул синган эди, базага бораман, ётаман, кўзимга фақат улар кўринади... Улар йўқ...

 «Пахтакор-79» жамоаси бошқача эди, миллатидан қатъи назар, ўзбекона тарбия кўрган, жамоага садоқатли, истеъдодли йигитлар йиғилганди, ўзаро аҳил, яхши жамоа шаклланаётганди. Бу фожиа футболимиз ривожини бир неча ўн йилларга ортга суриб юборди, деб бемалол айта оламан.

Аҳбор Имомхўжаев (фахрий спорт шарҳловчиси):

— «Пахтакор-79» жамоасини эсласам, ҳанузга қадар кўксимда бир оғриқ пайдо бўлаверади. Барибир, улар бошқача эди-да, ҳар жиҳатдан намуна бўлишга, эъзозлашга арзигулик йигитлар эди. Жамоанинг ҳар бир аъзоси мен учун оилам аъзоси каби қадрдон бўлган.

Михаил Ан билан илк бор кўришганимда у мактаб-интернатнинг 9-синфида ўқиётган ўсмир эди. Кейинчалик Миша билан қалинлашиб кетдик, қаерга бормасин, сафардан бирон совға билан қайтиб келарди. Укамдек қадрдон эди...

Авиаҳалокатдан сўнг «Пахтакор»га иттифоқнинг турли командаларидан футболчилар таклиф этилди. Очиғи, уларнинг ҳаммаси ҳам жамоа учун жон куйдириш мақсадида келмаганди, ўзига яраша манфаатлар кўзланганди. Хуллас, марҳум пахтакорчиларнинг ўрнини тўлдиришолмади.

 «Пахтакор»нинг фожиаси бутун ўзбек футболи учун ниҳоятда катта зарба бўлди. Бу бўшлиқнинг ўрнини тўлдириш учун неча йиллар керак бўлди бизга. Улар ҳаёт бўлганида ҳозир бири мураббий, бири ҳакам, яна бири футбол жонкуяри бўлиб юрарди, ахир.

Баҳодир Каттабеков («Пахтакор» жамоасининг 54 йиллик мухлиси):

— Беш ёшимдан «Пахтакор»га мухлислик қиламан. Илк бор стадионга отам билан келганман. Шундан бери «Пахтакор»дан айрилмайман, ҳеч бир ўйинини қолдирмайман. «Пахтакор»ни бутун Ўзбекистон яхши кўрарди. Ўйинларига ҳар бир вилоятдан мухлислар узоқ йўл босиб келишарди.

1979 йилнинг 11 августида содир бўлган фожиадан эсанкираб қолдик, ўзимизни қўярга жой тополмасдик... Ишқибозлик завқини биладиган инсон қадрдон жамоасининг фожиали ҳалокати нечоғли оғир бўлишини тасаввур қилиши мушкул эмас. Ўзбекистондан яна зўр жамоалар чиқишига умид қиламан, аммо ўша ҳалокатга учраган футболчилар юрагимизнинг бир парчасини ўзлари билан олиб кетишган.

Бадиий дастурдан сўнг «Пахтакор» фахрийлари ва собиқ СССР терма жамоаси аъзолари ўртасида ўртоқлик ўйини бошланди.

«Пахтакор» жамоаси таркибида Мурод Алиев, Фарҳод Магомедов, Ислом Аҳмедов, Нўъмон Ҳасанов, Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов, Жасур Абдураимов, Илҳом Шарипов, Жаъфар Ирисметов, Равшан Бозоров, Олег Собиров, Александр Хвостунов, Сергей Лебедев, Бахтиёр Ашурматов, Павел Бугало, Сергей Лушан, Қайрат Ўтабоев, Гоча Ткебучава, Миржалол Қосимов, Нуриддин Амриев, Юрий Курбико, собиқ СССР терма жамоасида Отар Габелия, Қуралбек Ордабаев, Владимир Бессонов, Алексей Михайличенко, Александр Заваров, Вагиз Хидиятуллин, Валерий Кечинов, Валерий Шмаров, Дмитрий Кузнецов, Андрей Пятницкий, Владимир Гуцаев, Александр Чивадзе, Андрей Канчельскис, Василис Хадзипанагис каби ўтмишнинг ёрқин юлдузлари иштирок этишди.

Учрашувда Азамат Абдураимов, собиқ СССРдан Игорь Беланов хет-трикка эришди. Равшан Бозоров ва Дмитрий Кузнецов ҳисобига эса биттадан гол ёзилди. Якуний ҳисоб 4:4 билан якунланди.

***

Вақт барча дардни даволайди, деган гап бор. Лекин ҳаётда оғир дардни бошидан кечирган инсонлар бундай эмаслигини яхши билишади. Фақат инсон шу дард билан яшашга ўргана бошлайди, кўникади, тақдирга тан беради, аммо қалбидаги жароҳатлар изи сира битмайди. «Пахтакор-79» ишқибозларининг изтироблари ҳам ўчмасдир.

«Пахтакор-79» жамоаси клубга, мухлисларга, футболга садоқат, жипслик рамзи сифатида тарихда қолди.

Бугун стадионда кўплаб ёшларни, жажжи болаларни ҳам кўриш мумкин эди, улар «Пахтакор-79» футболчиларининг суратлари туширилган баннерларни баланд кўтариб, уларга ҳурмат кўрсатишмоқда, «Пахтакор», «Пахтакор», дея севимли жамоаларини чин дилдан олқишлашоқда. Бугунги ёш авлод «Пахтакор-79» жамоаси ўйинларини ҳатто телевизор орқали ҳам кўрмаган, уларга мухлислик қилмаган, фожиа аламлари нима эканлигини ҳам билишмайди. Аммо улар ўз оталари, ёши катта мухлислардан жамоа ўйинлари, ҳалокат ҳақидаги хотираларни эшитиб катта бўлишди. Уларнинг боболари, оталари, «Пахтакор-79» ҳақида шундай меҳр билан сўзлашадики, ёш авлод ҳам бугун жамоанинг чин мухлисларига айланишган. Шундай. Юртнинг, элнинг меҳрини қозонган қаҳрамонлар, суюклилар авлодлардан-авлодларга, тиллардан-тилларга кўчиб яшайверади, вақт изми улар хотирасини ўчира олмайди.

 

 Дилдора ЙЎЛДОШЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: