Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
06.08.2019

САЙЁР ҚАБУЛ — ҲАММАГА МАЪҚУЛ

ёки судьяларнинг аҳоли билан очиқ мулоқoти хусусида

Пойтахтимизнинг Миробод тумани «Минг ўрик» маҳалла аҳолиси хабардор қилинди: Маҳалла идорасида Тошкент шаҳар ва Миробод тумани маъмурий судлари раислари ҳамда судьялари иштирокида сайёр қабул уюштирилади. Келинг, қатнашинг. Саволингиз бўлса, марҳамат, беринг.

Бу янгиликдан аҳоли хурсанд бўлди. Саволи борлар белгиланган соатда маҳалла идорасига келишди.

— Яқинда сайландим, — деди биз билан суҳбатда ”Минг ўрик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Насиба Хадиева. — Маҳалламизда 1185 нафар аҳоли яшайди, судьяларнинг ташаббуси яхши бўлди. Менинг ҳам уларга берадиган саволларим бор..

Гапимиз шу жойда узилди. Маҳалла идорасига Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Неъматжон Акбаров, Миробод тумани маъмурий суди раиси Суҳроб Юлдошев, судья Суҳроб Талипов ва бошқалар кириб келишди.

— Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида жуда катта ўзгаришлар юз берди. Буларнинг барчаси фуқароларимиз ҳақ-ҳуқуқи ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясига қаратилган, — деди маҳалла аҳли билан учрашувда Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Неъматжон Акбаров. — Сайёр қабул ташкил қилишимиздан мақсад сизларни ўйлантираётган саволларингизга қонуний ечим топиш. Нафақат бизнинг соҳа бўйича, фуқаролик, жиноий масалаларга оид саволларингизга ҳам жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

— Биз кўп қаватли уйда яшаймиз. Уйимиз олдидаги йўлакка дуч келган одам машинасини қўйиб кетади. Юриб бўлмайди. Қолаверса, ёнимиздаги кафеда кечқурунлари жанжал бўлиб туради, — деди Олия Қодирова. — Шашлик пиширишади. Тутуни тўғри уйимизга киради Деразамиз ойнаси ёғ босган, қорайиб кетаяпти. Бунинг чорасини ким кўради?

— Бу масала бевосита бизнинг ваколатимизга кирмаса ҳам, тегишли идоралар вакиллари билан муҳокама қиламиз.

Суд раиси кафедаги тартибсизлик бўйича профилактика инспекторидан изоҳ сўради.

— Кафе эгаларидан тилхат олганмиз. Маъмурий чора кўрилган, — деди профилактика инспектори Абдузоҳид Юлдошбеков. — Агар жамоатчиликка яна зарар етказилса, тегишли ҳужжатлар асосида кафени ёпиш чорасини кўрамиз. «Дом» олдидаги автомашиналар хусусидаги савол ҳам ўринли. Бу масалани ҳам ечамиз...

Ольга Порецкаянинг саволи мунозараларга сабаб бўлди.

— 81 ёшли бир аёл ёлғиз яшайди. Қаровчиси йўқ. Ана шу аёлни қариялар уйига жойлаштиришга ёрдам берсангизлар.

Судья Суҳроб Талипов маҳалла раисига юзланди.

— Сиз аввал қариялар уйи раҳбарлари олдига боринг, суҳбатлашинг. Улар хатингизга ёзма жавоб беришади, агар жавобдан қаноатланмасангиз, бу масала бўйича прокуратура ёки судга мурожаат қилиш керак. Суд қонуний қарор қабул қилади.

— Уй-жой мулкдорлари ширкатининг раиси Татъяна Мамунтоваман, — дея мурожаат қилди бир аёл. — “Дом”имиз 1937 йилда қурилган. Эски бино. Биринчи қаватни ҳар хил дўконлар эгаллаган. Яқинда биттаси стоматология шохобчаси очмоқчи эканлигини билдирди. Биз бунга қаршимиз. Ҳокимият қаёққа қараяпти? Уйнинг фасади бузиляпти. Йўлакни ёпиб қўйишаяпти. Тозаликка эътибор беришмайди. Турар-жойларни нотурар-жойга айлантириш тартиби қандай?

Тошкент шаҳар маъмурий суд раиси Неъматжон Акбаров Татъяна Мамунтова шикояти юзасидан ўз муносабатини билдирди:

— Эътирозингиз ўринли. Сиз айтган масалани ваколатли орган кўриб чиқиши керак. Суд раиси савол бўйича юридик маслаҳат берди.

 “Минг ўрик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Насиба Хадиеванинг шикояти шундай бўлди:

— Яқинда Мажбурий ижро бюроси ходимлари олдимга келиб қарздорликни ундириш бўйича топшириқ беришди. Рўйхатни кўрсам, қарздорларнинг олтмиш фоизи бизнинг маҳаллада яшамас экан. Мен қарздорликни ундириш бўйича масъул эмасман. МИБ ходимларининг талаби тўғрими?

— Нотўғри, — деди Миробод тумани маъмурий суди раиси Суҳроб Юлдошев. — Сиз ўз хоҳишингизга асосан қарздорликни ундириш бўйича ёрдам беришингиз мумкин. Мажбурий ижро бюроси ходимларининг нотўғри талаби ҳамда хатти-ҳаракати юзасидан прокуратурага мурожаат қилишингиз мумкин.

Саволлар бевосита маъмурий судга оид бўлмаса-да, баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Бошқа суд вакиллари ҳам келишса яхши бўларди, деган таклиф ҳам айтилди.

Сайёр қабул ҳаммага маъқул келди. Тўғри, қатнашчилар ўзларини қизиқтирган ҳамма саволларга аниқ жавоб олишмаган бўлса-да, юридик маслаҳатлардан мамнун бўлишди. Бу тадбирда уларнинг ҳуқуқий билими ошди, қайси савол билан кимга мурожаат қилиш кераклигини тушунишди.

Шу жиҳатдан ҳам бу очиқ мулоқот фойдали бўлди. Бундай мулоқотлар давом эттирилади.

 

Равшан ШОДИЕВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: