Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
06.08.2019

СИРДАРЁГА МЕДИА-ТУР

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан Сирдарё вилоятига оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун бир кунлик медиа-тур ташкил этилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, бир қатор марказий нашрлар бош муҳаррирлари, фаол журналистлардан ташкил топган медиа-тур иштирокчилари дастлаб Сирдарё туманидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири «Sirdaryo Glass» масъулияти чекланган жамиятида бўлди.

Ушбу корхона томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ҳамда консервалаш йўлга қўйилган. 100 дан зиёд иш ўрни яратилган корхонада йилига 3 минг тонна маҳсулот қайта ишланади. Бу эса, ўз навбатида, вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавотларни қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш имконини беради.

Журналистлар тумандаги энг йирик «Peng Sheng» Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Иштирокчилар қўшма корхона ҳудудида барпо этилган муҳташам Ўзбекистон – Хитой дўстлик боғида тантанали кутиб олинди.

Меҳмонлар корхонада меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар ва туман аҳолиси учун Ўзбекистон – Хитой дўстлик боғида яратилган шароитлар, бу ердаги мактабгача таълим муассасаси фаолияти, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардан ташкил этилган «Peng Sheng – кўргазма савдо зали» билан ҳам танишди.

Қўшма корхонанинг «Agro eco texnologi» қурилиш-пудрат корхонаси томонидан томчилатиб суғориш технологияси асосида барпо этилган 90 гектар майдондаги даласида олиб борилаётган ишлар, ғўзанинг ривожи, янги технологиянинг афзалликлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

– Томчилатиб суғоришнинг афзалликлари жуда кўп, – дейди «Peng Sheng» қўшма корхонаси ижрочи директори Ғ.Аҳмедов. – Жорий йилнинг 15 апрелида хитой технологияси асосида 90 гектар пахта майдонига томчилатиб суғоришга мослаб чигит экканмиз. Ҳар бир ғўзада 10-15 тадан бўлиқ кўсак мавжуд. Бу технологиянинг афзаллик жиҳати, ғўзани бегона ўт босишдан асрайди, сув ҳуда-беҳудага сарфланмайди, минерал ва маҳаллий ўғит ҳамда сув ҳар бир ниҳолнинг таг томиригача тўлалигича етиб боради. Хитой пахта етиштириш бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради. У ерда ҳосилдорлик ҳам жуда юқори. Шу майдондан жорий йил камида 70 центнердан ҳосил кўтаришни мақсад қилганмиз.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган медиа-тур иштирокчилари мазкур ташриф давомида вилоятнинг Сайхунобод тумани марказидаги бунёдкорлик ишлари, маънавий-маърифий, маиший хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ютуқлар ва шарт-шароит билан ҳам танишди.

Сайхун шаҳарчасида «Сайхун планет» масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилган замонавий хизмат кўрсатиш мажмуаси иштирокчиларнинг эътиборини тортди. Ушбу мажмуанинг биринчи қаватида савдо комплекси, иккинчи қаватида болалар учун автомат-ўйинлар ва ҳар бири 40 ўринли 2 та кинозал аҳоли хизматига топширилган.

– Мақсадимиз туманимизда Президентимизнинг 5 муҳим ташаббуси доирасида кенг қамровли ишларни амалга оширишдан иборат, – дейди Сайхунобод тумани ҳокими Б.Мирзақулов. – Туманимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида 200 ўринга мўлжалланган тикув цехи фаолият олиб бормоқда. Бу борада яна қўшимча ишларни амалга оширяпмиз. Қайта таъмирланган ёшлар спорт мажмуасида турли спорт мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Тез кунларда ана шу ташаббуслар доирасида Хотира хиёбони, замонавий «Китоб олами» савдо мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилади.

Медиа-тур Гулистон шаҳрида давом эттирилиб, вилоят ҳокимининг янгидан барпо этилган қабуллар уйида вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев билан учрашув бўлиб ўтди.

– Бу муҳташам бино бир йил давомида қуриб битказилди, – дейди вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев. – Сизлар биринчи меҳмонимиз. Илгари вилоятимиз чўлга қиёсланарди. Бугун эса обод масканга айланмоқда. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ушбу бунёдкорлик ишларида муҳим аҳамиятга эга. Лекин яна икки йилдан кейин ҳудуд бугунгидан-да ўзгача чирой касб этади ва мен бунга аминман.

Дарҳақиқат, вилоятда инвестиция киритиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича жиддий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган йили давлат бюджетига 3 миллиард сўмга яқин маблағ туширилди. Бу йил ялпи ишлаб чиқарилган маҳсулотни 1,5 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Жорий йил якунига қадар 178 миллион доллар инвестиция киритиш режалаштирилган. Бу борадаги режа дастлабки ярим йилликда қарийб 60 фоизга бажарилди.

Шунингдек, вилоят ҳокими тадбир иштирокчиларига давлатимиз раҳбарининг ҳудудга ташрифи давомида, Сирдарё республикамизнинг бошқа вилоятларига ҳар бир соҳада намуна бўлмоғи лозимлиги хусусида мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига юклаган топшириқлар, вилоятнинг қишлоқ хўжалиги, саноат, ишлаб чиқариш салоҳияти ва ҳуддуда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари борасида ҳам гапириб берди.

Учрашувдан сўнг тадбир иштирокчилари Ховос туманининг янги марказидаги улкан бунёдкорлик ишлари, туманда қад ростлаган янги масжид, туман ҳудудидаги Ховостепа тарихий ёдгорлиги билан танишишди.

Журналистлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 18 майдаги «Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида қилинаётган ишлар билан танишиш мақсадида вилоят марказидаги ушбу мактабда бўлди.

2019 йил 13 март куни Гулистон шаҳрида 150 ўринга мўлжалланган ушбу зиё маскани – Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанига ихтисослаштирилган мактаб-интернатни барпо этиш учун тамал тоши қўйилган эди. Тез орада қурилиш ишлари амалга оширилиб, кўркам бино қад ростлади.

Шунингдек, меҳмонлар Гулистон шаҳридаги «Буюк келажак» массивида янги қурилган кўп қаватли уйларда яратилган шароит билан танишиб, бу ерда истиқомат қилаётганлар билан суҳбатлашди.

Барча қулайлик яратилган янги массивдаги ушбу 5 қаватли уйларнинг 30 хонадонида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари, 30 хонадонида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, 11 хонадонида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари, 49 хонадонида ички ишлар органлари ходимлари истиқомат қилмоқда.

Тадбир иштирокчиларининг Сирдарёдаги сўнгги манзили Гулистон шаҳрида «Oʻqituvchi» бренди остида ишга туширилган, 10 минг нусхадан зиёд китоб фонди ва кафесига эга замонавий Book Cafе – китоб дўкони бўлди. 2 ой муддатда барпо этилган ушбу Book Cafе тадбир иштирокчиларида жуда яхши таассурот қолдирди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан Сирдарё вилоятига ташкил этилган бир кунлик медиа-тур мана шундай таассуротларга бой бўлди.

 

Абдужалол ҚАЮМОВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: