Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
30.07.2019

БОЙСУНДА ЯНГИ ГАЗ КОНИ ТОПИЛДИ

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида газ кони очилиши ҳақида ўтган асрнинг 80-йилларида катта шов-шув кўтарилиб, матбуотда турли хабарлар тарқалган эди. Ўша кунларни хотирласам, ҳовлимизнинг рўпарасидаги чойхона ёнида ҳар куни тўпланган 15-20 нафарга яқин одам тўпланиши, пешонасида «Буравой» деб, ёзиб қўйилган усти очиқ машина уларни қаёққадир олиб кетиб, кечқурун қайтариб олиб келиб қўйиши кўз ўнгимда гавдаланади. Кейин нима бўлдию одамлар ҳам, машина ҳам кўринмай кетди, газ кони ҳақидаги гап-сўзлар ҳам тўхтади.

Бундан икки йил муқаддам газ кони очилиши ҳақида яна миш-миш тарқалди. Лекин бу гал гап-гаплигича қолиб кетмади. Президентимизининг 2017 йил апрелда Россия Федерациясига ташрифи чоғида россиялик инвесторлар билан учрашувидан сўнг орадан кўп вақт ўтмай, Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» деб, номланган газ конида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Имзоланган битимга асосан бу ерда дастлабки қидирув ишлари ва газ-кимё мажмуасини қуриш назарда тутилган.

Бу кон лойиҳасининг умумий қиймати 5,2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиб, икки босқичда амалга оширилади. 2018-2022 йилларга мўлжалланган биринчи босқичда йилига 5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга йирик завод қурилади. Жумладан, «Эрта газ» дастури доирасида 2020 йилдан бошлаб, 2 минг 800 метр чуқурликдаги газ қатламидан йилига 1 миллиард куб метргача газ қазиб олинади. 2023 йилда эса яна 15 та қудуқ фойдаланишга топширилиб, газни қайта ишлаш заводининг иккинчи линияси ишга туширилади ва газ қазиб олиш йилига 5 миллиард куб метрга етказилади.

Шунингдек, 2023-2025 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичда 1,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш ҳисобидан йилига 500 минг тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган газ-кимё мажмуаси барпо этилади. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг жами 2 минг 200 иш ўрни яратилади.

Ҳозирги кунда газ конининг 160 квадрат километр майдонида Хитойнинг «BJP» компанияси томонидан ЗД сейсмик қидирув ишлари ўтказилди. «Eriell» компанияси томонидан 7 та баҳолаш қудуғи бурғиланмоқда. Айни пайтда бу ерда жами 1 минг 125 ишчи, жумладан «Бейкер Хюз», «Халибёртон» ва «Шлюмберже» каби хорижий компанияларнинг мутахассислари меҳнат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 30 апрель ва 1 май кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи пайтида «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конида ҳам бўлиб, битим доирасидаги ишларнинг бориши билан яқиндан танишган эди. Жумладан, лойиҳа ҳамкори, «Altmax Holding LTD» компанияси таъсисчиси, россиялик инвестор Андрей Филатов билан газни қайта ишлаш мажмуасини лойиҳалаштириш ва уни қуриш, шунингдек, дастлабки геология-қидирув ишлари натижалари ҳақида суҳбатлашганди.

Мана, куни кеча хушхабар тарқалди. Газ конида олиб борилаётган пармалаш ишлари натижасида бу ерда яна бир янги газ кони топилган. Газнинг бир суткада қуйилиб келиши ўртача 300 минг куб метрни ташкил қилмоқда. Пармалаш ишлари ва скважина қурилиши «Surhan gas chemical operating company» МЧЖ ҳамда Марказий Осиё, Россия Федарацияси ва Яқин Шарқда бир қатор лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган «Eriell» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

 

Абди ҚОДИРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: