Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
30.07.2019

ЯНГИЛАНИБ, ЁШАРАЁТГАН ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНИМ

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ шоири:

— Юртимизга шундай бир нурафшон кунлар келдики, умрнинг ҳар дами, ҳар нафаси сизга бахт билан боқаётгандай, шундай шукуҳли кунлар учун сен нима қилдинг, деб савол бераётгандай бўлади. Кўнгил бир ҳаприқиб қўяди. Ўтган умрингга, орқада қолган узун йўлларга бир қараб оласан. Қандай яшаганинг, сендан қолган излар, сен қилган меҳнат, чеккан машаққатларнинг баҳоси борми, дея ўз-ўзингга савол берасан. Бу меҳнатларинг бугунги бахтли кунларда кичик бир заррадек бўлса ҳам кўриняптими, деган ўйга борасан. Шунда бахтдан чақнаб югуриб келаётган неваранг бағрингга отилади. Унинг орзу-умидлардан тўлиб тошаётган юрак уришларини сезасан. Ҳали болалар боғчасида бўлса ҳам инглизча гапираётган ёки корейс, немис тилида қўшиқ айтаётган чеварангизнинг янги замонга янги чечакдай илдиз отаётганидан кўнглингиз тўлиб-тошади.

Бундай бахтли ҳис-ҳаяжонлар мана, 28 йилдирки, ҳар бир олган нафасимиз, ҳар босган қадамимиз, янги орзу-мақсадлар, интилишларимиз, эл учун, унинг келажаги учун қилган, қилаётган ҳар бир ишимиз шу ота маконнинг кенгликларига сингиб, дарахтларга, гулларга қўшилиб ўсаётгандай.

Истиқлолимиз 28 ёшга тўлмоқда. Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори билан танишар эканмиз, қалбимиз шукроналик, бунёдкорликлардан фахрланиш, фарзандларимиз бахтидан қувонч ҳисларига йўғрилади.

«Мамлакатимиз тарихида ўчмас саҳифа очган буюк истиқлол туфайли Ўзбекистон ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бормоқда», дейилади қарорда. Ҳақиқатда ҳам шундай бўлаётир.

Мисол учун, Нукус шаҳрининг кўчаларидан юрсангиз, ҳаётимизнинг нақадар жўшқин, нақадар кўркам, салобатли бўлиб бораётгани, инсон шаъни, қадри улуғланаётганига гувоҳ бўласиз. Нафақат марказий кўчалар, Нукуснинг тўрт томони, эски, янги қалъа, деб аталувчи мавзелари, «Дўстлик», «Каттаоғар» каналларининг ҳар иккала соҳили обод гўшаларга айланаётганидан баҳри дилингиз очилади. Янги аэропорт, темирйўл вокзали атрофида кўплаб сайёҳларни учратасиз.

Айниқса, бутун жаҳон нигоҳи Мўйноққа қаратилгани нафақат қорақалпоғистонликларни, бутун Ўзбекистон халқини қувонтирмоқда. Бундан 10-15 йиллар олдин Қорақалпоғистон Орол денгизи инқирози оқибатида шўрлаб, тузли шамоллар эсиб, экологияси бузилган бир умидсиз воҳа сифатида қаралган бўлса, сўнгги 2 йилда бу фикрлар мутлақо ўзгарди.

Икки ярим йил ичида давлатимиз раҳбари республикамизда беш марта бўлиб, жараёнлар билан яқиндан танишди. 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунларидаги сафаридан сўнг 11 триллион 534 миллиард сўмлик 793 та лойиҳа қабул қилиниб, шунинг натижасида 12 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилмоқда.

Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида дунё жамоатчилиги эътиборини Орол муаммосига қаратгани, яқиндагина Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида, Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида бу муаммони яна бир маротаба кўтариб чиққанлиги халқимизга бўлган эътибор ва алоҳида ғамхўрлигининг натижасидир.

Шунингдек, бу борада муҳтарам Президентимизнинг Мўйноқ туманига ташрифи давомида берилган кўрсатмалар асосида жорий йил 16 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мўйноқ туманида 2019-2021 йилларда 1 трлн. 485 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланиб, бу борадаги кўламли ишлар бошланиб кетган.

2019 йилнинг ўзида 622 млрд. сўмлик 8 та мактабгача таълим, 7 та мактаб, 4 та спорт, 6 та соғлиқни сақлаш, 8 та маданият муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳамда 20 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бошлаб юборилди. Ўтган қисқа вақт ичида бир нечта объектлар фойдаланишга топширилди. Мисол учун, 800 ўринли Амфитеатр ва Давлат хизматлари маркази янгидан қурилди ҳамда туман стадиони ва Маданият маркази реконструкцияси тўлиқ якунланди.

Шунингдек, 7-сонли умумтаълим мактаби ва 32-сонли қишлоқ врачлик пунктида реконструкция ишлари ҳамда 33-сонли қишлоқ врачлик пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилиш арафасида турибди.

Булардан ташқари, Мўйноқ туманида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 26 трлн. 974,8 млрд. сўмлик 75 та лойиҳани амалга ошириш юзасидан ишлар бошланмоқда.

Буларнинг ҳаммаси бизлар учун чексиз фахр-ифтихор эмасми? Янгиланган, тобора яшариб, кўркам бир диёрга айланаётган Қорақалпоғистонимизнинг ўрни Ўзбекистонда ярқираб кўринмоқда. Нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам, дунёнинг бошқа давлатларида ҳам бу масканга бўлган қизиқиш, эътибор, ҳурмат ортаётганини кўриб қувонамиз.

Кегейли туманида «Kegeyli qog'oz» МЧЖ томонидан 31,4 млрд. сўмлик инвестиция ҳисобига целлюлоза ишлаб чиқариш, лакрицани чуқур қайта ишлаб чиқарувчи «Ланко-мия» корхонаси ишга тушди.

Нукус шаҳридан Чимбой томонга йўлга чиқсангиз, қорақалпоқ кенгликларининг ўзига хос жозибаси, табиати кўнглингизни яйратади, кенг ва равон йўллар тезда сизни Халқобод шаҳарчасига етказади. Яқиндагина пала-партиш, очиқ-сочиқ бозори, деворлари нураб кетган икки ёки уч дўкон биноларигина кўриниб турадиган шаҳарча кейинги икки йилда бошқа қиёфага кирди.

Замонавий бозор, савдо шохобчалари, маъмурий бинолар, болалар ўйингоҳлари кўзга тушади. Айниқса, гулларга тўла йўлаклар, қатор ям-яшил арчалар шаҳарчага ўзича хос кўрк бериб турибди. Сал ичкарироқда аҳоли томорқаларидаги боғлар, сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилаётган ихчам томорқа ерлар ҳам аҳолининг дастурхони тўкин-сочин бўлиши учун хизмат қилмоқда.

Буларнинг ҳаммасида юртимизда бўлаётган янгиланишлар, бу ютуқларда халқимизнинг бунёдкор меҳнати мужассам эканини ўйлаб, кўнглингиз тўлади. Тўғри, ҳали жойларда ҳаёт тубдан ўзгариб кетгани йўқ. Аммо катта янгиликлар рўй бераётганини кўзимиз кўриб турибди. Биргина Нукус — Чимбой йўллари, унинг икки томонида барқ уриб турган янги ҳаёт нафақат сўзлаб турибди, балки куйлаб турибди.

Маълумки, Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ҳар бир ташрифи ва берган топшириқлари шу халқнинг асрий орзу-умидлари рўёбга чиқиши, аҳоли турмуш фаровонлиги ўсиши, кўпроқ экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, чет эл инвестициялари ҳисобига саноатни ривожлантириш сингари муҳим вазифаларга қаратиб келинмоқда.

Чимбойда шу кунларда «ZANG TEX» масъулияти чекланган жамияти Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда 10 млн. доллар миқдоридаги инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда. Натижада Чимбойда ип йигирув ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ишга тушади. Янги иш ўринлари яратилади.

Бугунги кунда Чимбой шаҳри маркази, қишлоқлар қиёфаси давримизга мос равишда ўзгариб, яшариб бораётганлигини кўрамиз. Айниқса, жорий йилга мўлжалланган инвестиция дастури доирасида оилавий поликлиника, бандликни таъминлаш маркази биноси, болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда.

Чимбойда «Обод қишлоқ» дастури доирасида «Қамиш ариқ», «Бахтли», «Кўкча» овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 44 объектда ободонлаштириш, таъмирлаш, қайта қуриш ишлари ҳамжамиҳатлик билан олиб борилмоқда. Бу ишлар учун 28 миллиард сўмдан кўп маблағ ажратилган.

Халқимиз Чимбойда ҳар куни бир яхши янгилик, деб, хурсанд бўлади. Мана, яқинда Ёшлар куни муносабати билан туман ёшларига икки қаватли китоб дунёси дўкони совға қилинди. Шу куни туман марказида икки жойда замонавий спорт майдончаси ҳам ёшларга фойдаланишга топширилди.

Амударё тумани ўзининг деҳқончилик тажрибаси билан машҳур. Кейинги йилларда туман миришкорлари Ўзбекистон Республикасида биринчилардан бўлиб пилла, ғалла, пахта тайёрлаш режаларини ортиғи билан уддалаб келмоқдалар. Пиллакорлар 182,9 тонна пилла етиштириб шартномавий режани 104,1 фоизга бажарди. Фермер хўжаликлари томонидан давлат хирмонига 9748,4 тонна дон етказиб берилди. Режа 145,6 фоизга бажарилди. Фақат булар эмас. Амударё туманида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мустақиллик — энг улуғ байрам. Шукроналик, рози бўлиб яшаш, ҳаётдаги имкониятлардан самарали фойдаланишга интилиш бахтли давраларда қайта-қайта намоён бўлмоқда. Бу давраларнинг иштирокчилари қалбидан қўшиқлар отилиб чиқмоқда.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: