Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
30.07.2019

Меҳр-шафқат тамойили

ҳайвонларга муносабатда ҳам кўриниши лозим

Ўзбекистон Республикаси барча масжидларининг (республикамизда 2000 дан ортиқ масжид рўйxатдан ўтган) 2019 йил 19 июль кунидаги жума намози xутбаси Ҳайвонларга инсоний, шафқатли муносабатда бўлиш мавзусига бағишланди.

Ислом динининг куч-қудрати шундаки, унинг асосини меҳр-мурувват, раҳм-шафқат, бағрикенглик тамойиллари ташкил этади. Ушбу эзгу хислатлар нафақат ота-онамиз, яқинларимиз, умуман, инсонларга, балки атроф-муҳит, бизни қуршаб турган табиат, ўсимлик дунёси ва албатта жониворларга нисбатан муносабатда ҳам намоён бўлиши лозим. Зеро, Яратган бу дунёни инсон, ҳайвонлар ва ўсимлик дунёси билан яхлит муштаракликда  яратган.

Аммо айрим кишилар ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлади,  уларга жонсиз буюмдек қарайди. Интернетда жониворларга нисбатан ваҳшийликлар тасвирланган  видеоларни кўриб, даҳшатга тушасиз. Масалан, Тошкент вилоятининг Олмалиқ туманида бир тўда бола бўғоз итнинг қорнига сим тиқиб, устидан бензин қуйиб ёқиб юборган. Қашқадарёда Халқаро Қизил китобга киритилган Ҳимолой қўнғир  айиғининг ваҳшийларча ўлдирилиши ёки Тошкент шаҳрининг истироҳат боғларидан бирида бўри деб тахмин қилинган итнинг Қутқарув хизмати ходимлари томонидан кўпчилик олдида, улар орасида вояга етмаган болалар ҳам бор, шафқатсизларча ўлдирилиши қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Шунингдек, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз ҳайвонларни тутиш бригадаси томонидан ҳайвонларни тутишда бениҳоя шафқатсиз усуллар (аёвсиз калтаклаш, қаттиқ  жисмлар  билан уриб майиб қилиш, оёқ-қўлларини узиш)  қўлланилиш ҳолатлари қайд этилмоқда.

 Суд статистикасининг кўрсатишича, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун ҳуқуқбузарлик содир этилиш ҳолатлари ортиб бориши кузатилмоқда.

Бир неча йиллардан бери фаолият юритиб келаётган ҳайвонларни ҳимоя қилиш "Меҳр ва Оқибат" нодавлат нотижорат жамиятининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорлиги ҳам жамиятимизда мавжуд ушбу муаммони бартараф этиш, инсонларда ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқат ҳиссини уйғотишга қаратилган.

– Биз учун Ўзбекистон мусулмонлар идораси каби ташкилотлар билан куч-ғайратларни бирлаштириш жуда муҳим, – дейди "Меҳр ва Оқибат" ННТ ижроия қўмитаси раиси Тимур Арипов. –  Саъй-ҳаракатларимиз бирлашсагина, бу йўналишда кутилган натижага эришишимиз, ҳайвонларга нисбатан гуманизм ғояларини шакллантиришимиз мумкин. Жума намозида ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқатли бўлиш ҳақидаги мавзунинг кўтарилиши  биринчиси эмас. Жорий йилнинг 4 январь кунидаги жума намозида ҳам   ушбу мавзу ҳақида сўз борганди.  Пойтаxтдаги масжидлардан бирида бўлиб, имомларнинг ҳайвонларга нисбатан раҳм-шафқат, инсоний муносабатда бўлишлик ҳақида сўз юритганларининг гувоҳи бўлдик. Фурсатдан фойдаланиб, "Меҳр ва Оқибат" ННТ xодимлари номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Муфти Усмонxон Алимовга мавзуниинг ёритилишида бевосита ёрдами учун миннатдорлик билдирамиз. 

– Динимиз ҳайвонларга нисбатан раҳмли бўлишга чақиради, бунинг исботи сифатида кўплаб ҳадислар ҳам мавжуд, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов. – Масалан, чанқаган итга шафқат кўрсатиб, қудуқдан сув олиб берган аёлнинг бор гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиргани ривоят қилинган (Имом Буxорий ривояти). Саҳобийлар сафарда бир қушнинг полапонларини олиб қўйишганда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам полапонларни ўз жойига қайтариб қўйишни буюрдилар (Имом Абу Довуд ривояти).  Ҳайвонларни азоблаш, ташналик ва очликда қолдириш,  ўлдириш ҳаромдир. Ҳадиси шарифда бир мушукни қамаб қўйиб қийнаган одамнинг оxиратда азобланиши ҳақида xабар берилди (Имом Буxорий ривояти). Бундан ташқари, динимиз ҳайвонлар иштирокидаги жангларни ҳам қатъий қоралайди. Ўйинларга пул тикиб, қимор  ташкил қилиш ва ҳатто томоша қилиш ҳам  тақиқланган. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни уриштиришдан қайтардилар» (Имом Термизий ривояти). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам юз қисмига тамға урилган эшакни кўриб: «Бунга тамға урганни Аллоҳ лаънатласин!»,  дедилар (Имом Муслим ривояти).

Яна ҳайвонларни «мусла» қилиш (тирик ҳайвонларнинг аъзоларини кесиб яралаш)дан ҳам қайтарилганмиз. Ҳайвонларга раҳм-шафқатнинг бундан-да олий даражаси – ҳатто гўшти учун  сўйилаётган ҳайвонни қийнамасликдир. Ҳадиси шарифларда сўйилаётган ҳайвонни қўпол равишда судрамаслик, пичоқни ҳайвонни олдида қайрамаслик ва бошқа ҳайвонлар олдида сўймаслик буюрилади. Қўйни йиқитиб қўйиб, пичоғини қайраётган бир кишига Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни бир неча марта ўлдирмоқчимисан?!»,  деб танбеҳ бердилар (Имом Ҳоким ривояти). Фатво китобларда агар зарар етказмаса, ҳашаротларни ҳам беҳуда ўлдириш мумкин эмаслиги зикр қилинган. Ҳайвонлар Яратганнинг бу дунёдаги тилсиз гувоҳларидир, аммо чин дунёда улар тилга кирадилар, дейилади  ҳадислардан яна бирида.

 Ҳайвонларга мана шундай меҳр-шафқат билан муомала қилишга буюрган шариатимиз. Демак, ҳайвонларга озор бериш, азоблаш ва уларга нисбатан шафқатсизлик шариатимизда оғир жиноят ҳисобланади. Зеро, шафқат ҳисси ахлоқнинг асосидир, ҳайвонларга шафқат қилмаган одамнинг инсонга ҳам шафқатли бўлишига ишониш қийин. Шу боис фарзандларимизга болалигидан ҳайвонларга озор бермаслик, уларга меҳрли бўлишни ўргатиш муҳим.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳайвонларга зўравонлик учун жавобгарликни оширишга доир «Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳужжат ҳам имзоланди.

Дилдора ЙЎЛДОШЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: