Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
16.07.2019

КЎЧАДА ҚОЛГАН КЕКСА ОЛИМ ЎЗ УЙИГА ҚАЧОН ҚАЙТАДИ?

Наманган муҳандислик технология (собиқ Наманган муҳандислик-иқтисодиёт) институти доценти, кафедра мудири Мадаминжон Деҳқонов ҳар куни Андижон вилояти, Балиқчи туманидан ишга қатнаб талабаларга сабоқ берган. Бир вилоятдан иккинчи вилоятга ҳар куни қатнаш қийинлиги ҳисобга олиниб, институт маъмурияти томонидан 1998 йилда Наманган шаҳридан унга турар-жой олиб берилган.

Институтнинг 1998 йил 25 февралдаги 15-сонли ички буйруғи ва 10 мартдаги 73-сонли ҳисоб варақ фактураси асосида «Ҳилол» хусусий фирмасига қарашли, Наманган шаҳар 1-кичик даҳа 65-уйнинг 58-хонадони 280 минг сўмга нархланиб, институт балансига сотиб олинади. Уйга тегишли бўлган ҳужжатлар (уй ордери, чизмаси, калит)ни фирма вакили И.Неъматуллаев ўз қўли билан институт комиссиясига тақдим қилади. Илмий кенгаш қарори билан бу хонадон Мадаминжон Деҳқоновга оиласи билан яшаш учун берилади. Ҳужжатларни комиссиядан қабул қилиб олган М.Деҳқонов шу уйда 16 йил тинчгина яшаб, талабаларга сабоқ бериб келди.

2013 йилнинг июнь ойида А.Маматов деган нотаниш шахс Мадаминжон Деҳқоновга учрашиб, у яшаб турган уйни 1997 йилда Буваходжаев Нуъмонжондан тилхат асосида сотиб олганини, 2013 йил 20 майда Наманган шаҳар 6-давлат нотариал идорасида тасдиқланган олди-сотди шартномаси асосида уйга эгалик ҳуқуқини қўлга киритганини, уйни бўшатиб беришини талаб қилади.

Мадаминжон Деҳқонов уйнинг барча ҳужжатлари ўзининг қўлида эканини, уларсиз олди-сотди қилиш мумкин эмаслигини айтади. Бунинг устига, уй институт балансида. Бу масалани институт раҳбарияти ҳал қилади, дейди. Шундан кейин А.Маматов М.Деҳқоновни уйдан мажбурий кўчириш, моддий ва маънавий зарарларини ундириб бериш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилади. 2013 йил 4 сентябрда Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди судьяси О.Турдиев «Ҳилол» фирмаси бошлиғи И.Неъматуллаев эгалик ҳуқуқи бўлмаган мулкни институтга қонунда белгиланган тартибда тузилмаган, нотариус тасдиқламаган шартнома асосида сотгани, сотиб олинган уй давлат рўйхатидан ўтказилмаганини асос қилиб М.Деҳқоновни яшаб турган уйидан мажбуран кўчириш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқаради.

Шундан кейин Наманган муҳандислик технология институти мазкур хонадоннинг олдинги эгаси Н.Буваходжаев, А.Маматов ҳамда Наманган шаҳар 6-давлат нотариал идорасининг шу иш бўйича олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида судга даъво аризаси киритади. Иш 2014 йил 27 августда Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судида судья И.Қўзибоев раислигида кўриб чиқилади. Лекин негадир судга жавобгар А.Маматов, «Ҳилол» фирмаси вакили И.Неъматуллаевлар чақирилмайди. Даъвогар – институт вакилининг бу шахсларни судга чақириш ҳақидаги талаби инобатга олинмайди.

2014 йил 27 августда Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судида иштирок этган уй эгаси Н.Буваходжаев: «Уйни 17-18 йил аввал Маматов Абдулмажидхонга тилхат орқали сотганман. А.Маматов Фарғонага кетадиган бўлиб, уни бир шахсга сотмоқчи бўлиб, заклад олган. Хотини жанжал қилганидан кейин уйни «Ҳилол» фирмасига сотган. «Ҳилол» фирмаси институтга сотган. 2013 йилда А.Маматов билан олди-сотди шартномаси тузганмиз», — деб кўрсатма берган. Шу тариқа иш ҳатто судда қатнашишни ўзига эп кўрмаган А.Маматов фойдасига ҳал этилади. Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди кассация инстанциясининг 2015 йил 15 январдаги ажрими билан суднинг бу ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилади.

Хўш, бу низоли хонадон аслида кимники ва нима учун бунчалик талашув-тортишувларга сабаб бўлмоқда?

Наманган шаҳар 1-кичик даҳа 65-уйнинг 38- ва 58-хонадони Н.Буваходжаевга тегишли бўлиб, А.Маматовнинг Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига берган даъво аризасининг 1-бандида: «58-хонадонни Н.Буваходжаевдан 1997 йилда тилхат орқали сотиб олдим», дейилган. 2013 йил 20 майда Наманган шаҳар 6-давлат нотариал идорасида тасдиқланган олди-сотди шартномасининг 3-бандида эса «Уй 2007 йил берилган 38450-сонли давлат ордерига асосан Н.Буваходжаевга тегишли», деб кўрсатилган. Бу мантиқсизлик эмасми?

65-уй 58-хонадонга эгалик ҳуқуқини берувчи 4092-сонли давлат ордери Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 22.04.1993 йилда Н.Буваходжаевга берилган. Унда Н.Буваходжаевга 2007 йилда берилган 38450-сонли давлат ордери қаердан келиб қолди?

 «Наманган ҳақиқати» газетасининг 2007 йил 8 августдаги 64- сонида «1993 йилда Н.Буваходжаевга берилган 65-уй 58-хонадонининг ҳужжатлари (4092- сонли давлат ордери) 2006 йил 13 майда юз берган ёнғин натижасида ёниб кетгани учун бекор қилинади» деган мазмунда эълон берилади. 2007 йил 10 августда (эътибор беринг, газетада эълон қилинганидан бир кун ўтиб!) Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Н.Буваходжаевга 65-уй 58-хонадон учун янгидан 38450 рақамли давлат ордери берилади!

Аслида эса, ФПКнинг 283-, 284-моддалари талабига кўра, уйга эгалик қилиш ҳуқуқини берадиган янги ордер ва бошқа тегишли ҳужжатларни бошқача тартибда олиш ёки тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирда, фуқарога бу ҳужжатлар суднинг ҳал қилув қарори асосида берилади. Уйини 1997 йилда А.Маматовга сотган Н.Буваходжаевга Қўмита мутасаддилари томонидан суднинг ҳал қилув қарорисиз 2007 йилда янги ордер ёзиб берилиши кишида шубҳа уйғотади.

Қонун бўйича, ёнғин офати содир бўлган хонадон соҳибига ёнғин назорати маҳкамаси тузган далолатнома асосида ордернинг дубликати берилиши керак эди. Лекин энг қизиғи, 65-уй 58-хонадонга тегишли, эгалик ҳуқуқини берувчи 4092-сонли давлат ордери ёниб кетмаган, у талабаларга дарс бериб юрган Мадаминжон Деҳқоновнинг қўлида эди! Бундан ташқари, янгидан берилган 38450 рақамли ордер Н.Буваходжаевга тегишли иккинчи хонадон, яъни, 65-уйда жойлашган 38-хонадонга эгалик қилиш ҳуқуқи сифатида берилган.

Наманган шаҳар «Ермулккадастр»ДУК бошлиғи А. Ҳожиев томонидан 2013 йил 10 июнда тасдиқланган 01/1920-рақамли маълумотномада: «Наманган шаҳар кичик ноҳия, 65-уй, 38-хонадон бўйича 2007 йил 10 августдаги 38450-сонли давлат ордерига асосан фуқаро Буваходжаев Нуъмон Раҳматуллаходжаевич номига кадастр ҳужжати тайёрланган. 2013 йил 20 майда Наманган шаҳар 6-сон давлат нотариал идорасининг 2476-сонли олди-сотди шартномасига асосан фуқаро Маматов Абдулмажидхон Тоштиллаевич номига кадастр ҳужжати тайёрланган. 1-кичик ноҳия 65-уй, 38-хонадон 5 хонадан иборат. Яшаш майдони 58,66 кв.м., фойдали майдони 93,78 кв.м., инвентар нархи 2956244 сўмни ташкил қилади,» – деб тўғри кўрсатилган.

2007 йилда янгидан берилган 38450 рақамли ордер асосида Наманган шаҳар кадастр хизмати ДУК томонидан 38-хонадон (58-эмас!) Н.Буваходжаев номига кадастр ҳужжати расмийлаштирилади. У қўлида тегишли ордер, кадастр ҳужжати бўлмагани ҳолда 58-хонадон бўйича А.Маматов билан олди-сотди шартномасини тузади ва уни тасдиқлатиш учун Наманган шаҳар 6-сонли давлат нотариал идорасига боради.

Бу шартномада Наманган шаҳар 1-кичик даҳа 65-уйдаги (рақамларга эътибор қаратинг!) яшаш майдони 58,9 кв.м., фойдали майдони 88,8 кв.м бўлган 58-хонадон олди-сотдиси акс эттирилган.

2013 йилнинг 20 май куни нотариус Б.Турсунқулов ҳужжатдаги уй рақамларини эътиборга олмасдан (нотариус бундай ҳолатларни эътиборга олмаслиги мумкин эмас!) шартномани тасдиқлаб, 10 кун муддат ичида уни кадастр рўйхатидан ўтказиш шартлигини таъкидлайди.

Нотариус тасдиқлаган шартноманинг 5-бандида: «Ушбу шартномага қадар квартира ҳеч кимга сотилмаган, низода бўлмаган, гаровга қўйилмаган ва бировга ўтказилиши тақиқланмаган», — дейилган.

Судда жавобгар сифатида қатнашган Наманган шаҳар 6-сон давлат нотариал идораси вакили З.Муҳиддинов Н.Буваходжаев томонидан 38-хонадон ордери ва кадастр ҳужжати тақдим этилган бўлишига қарамай, нима учун нотариус Б.Турсунқулов 58-хонадон олди-сотдиси бўйича тузилган шартномани тасдиқлагани ҳақидаги саволга жавоб беролмайди...

2013 йил 4 сентябрда Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди ҳал қилув қарорининг, 3-саҳифасида кўрсатилишича, Н.Буваходжаевга тегишли бўлган 65-уй, 58-хонадон Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 22.04.1993 йилда берилган 4092-сонли давлат ордерига асосан 6-давлат нотариал идораси томонидан 2013 йил 20 майда тасдиқланган олди-сотди шартномаси бўйича қонунда белгиланган тартибда сотилган эмиш.

Қайси далилларга асосланиб бундай хулоса чиқарилди? Буни техник хато ёки эътиборсизлик дейиш мумкинми?

Қонунларимизда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномасида нотариал шаклда рўйхатдан ўтказиш тартибларига риоя қилинмаган бўлса, унга сохта ҳужжатлар асосида даъвогарлик қилганларга бериб юбориш мумкинлиги кўрсатилмаган. Фуқаролик Кодексининг 112-моддаси 2-бандида: «Агар тарафлардан бири нотариал тасдиқлаш талаб қилинадиган битимни тўла ва қисман бажарган бўлса, иккинчи тараф эса битимни нотариал расмийлаштиришдан бош тортса, суд битимни бажарган тарафнинг талаби бўйича уни ҳақиқий деб ҳисоблашга ҳақлидир. Бу ҳолда битимни кейинчалик нотариал расмийлаштириш талаб қилинмайди,» дейилган.

Институт 58-хонадонни сотиб олаётганида шартномани тўла бажарган. Келишилган сумма банкка тўла ўтказиб берилган. Мулк ўз вақтида қабул қилиб олинган. Суд эса мулкни А.Маматов фойдасига ҳал қилаяпти.

Яшаб турган уйидан ва севимли ишидан айрилган Мадаминжон Деҳқонов ҳозиргача бу масалани адолатли ҳал қилиш бўйича турли инстанцияларга шикоят хати билан мурожаат қилиб келмоқда. Лекин бири иккинчисидан фарқ қилмайдиган жавоб хатларида фирма билан институт ўртасида тузилган шартнома кўчмас мулк олди-сотдиси учун қонунда белгиланган шаклда ва мазмунда тузилмагани, нотариал тартибда тасдиқланмагани, давлат рўйхатидан ўтказилмагани, фирма низоли уйга нисбатан эгалик ҳуқуқига эга бўлмагани учун суд қарорларига протест келтириб бўлмаслиги кўрсатиб келинмоқда.

М.Деҳқонов сўнгги умид билан Республика Олий судига ариза билан мурожаат қилди. Шикоятлар ва фуқароларни қабул қилиш бўлими бошлиғи А.Эронов томонидан 2016 йил 27 октябрь куни имзоланган жавоб хатида давлат божи тўланмагани учун бу шикоят ҳаракатсиз қолдирилгани билдирилган. М.Деҳқонов давлат божининг 50 фоизини тўлаган тақдирда Олий судга қайта мурожаат қилиши мумкин экан. М.Деҳқонов илм кишиси, жўжабирдай жон, бутун умр институтдан олган маоши билан яшаган, ҳозиргача ҳатто велосипед ҳам ололмаган. Бироқ қонун қонунда. Низоли уйнинг баҳоси эсатахминан 150 миллион деб белгиланган тақдирда ҳам М.Деҳқонов берган шикоятини ҳаракатга келтириш учун дастлаб 15 миллион сўм, кейин яна 15 миллион сўм давлат божи тўлаши керак экан. У бунча пулни қаердан олади? Кўчада қолган кекса олим шу ҳақда ўйламоқда, лекин ўйининг охирига етолмаяпти...

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: