16.07.2019

8621 ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ВА 102,7 МИЛЛИАРД СЎМЛИК ТОВАРЛАР...

Давлат божхона қўмитасининг жорий йилнинг биринчи ярим йиллик фаолияти якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоселектор шаклида ташкил қилинган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар божхона бошқармалари, «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси, Божхона институти ва Миллий кинология маркази шахсий таркиби иштирок этди.

Йиғилишда Президентимизнинг 2019 йил 27 июндаги «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида божхона хизмати органлари томонидан амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди.

— Ушбу фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солишга хизмат қилмоқда, — деди Давлат божхона қўмитаси раиси Муротжон Азимов. — Жумладан, жорий йилда давлат бюджетига 7,2 триллион сўмга яқин божхона тўловлари ундирилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,1 фоизга кўпайган. Натижада, божхона тўловлари бўйича кўзланган режа 105,5 фоизга бажарилган. Шу билан бирга, республикамиз божхоначилари томонидан контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш йўналишида ўтказилган ва божхона кўриклари натижасида 8621 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 102,7 миллиард сўмлик товарларнинг ноқонуний олиб ўтилиши ва яширин айланмаси фош қилинди. Хусусан, 18,6 килограмм гиёҳвандлик воситалари, 29 минг 995 дона психотроп таблеткалар, 43 та қурол, 8,6 мингдан ортиқ тақиқланган диний мазмундаги материаллар ўз вақтида тўхтатиб қолинди.

Бундан ташқари, божхона органларида хавфларни бошқариш тизимининг жорий этилиши божхона назоратини камайтириш, унинг сифатини яхшилаш, мавжуд куч ва воситалардан мақбул фойдаланиш, божхона назоратини ўтказиш ҳамда расмийлаштириш учун сарфланган вақтни қисқартириш ва унинг самарадорлигини оширишга имкон берди. Мисол учун, божхона расмийлаштирувидан ўтказилган юкларнинг 60 фоизи, шунингдек, экспортга мўлжалланган юкларнинг 82 фоизи божхона кўригидан ўтказилмаган. Шунга қарамай, тизим кўмагида божхона ҳуқуқбузарликларини аниқлаш самарадорлиги деярли 4 мартага ошди ва натижада 18,6 миллиард сўмлик қўшимча божхона тўловлари ундирилган.

Товарларнинг экспорти учун сарфланган вақт 2018 йилга 4,3 мартага қисқариб, 39 дақиқани ташкил қилмоқда.

Ҳозирда юртимизда пишиқчилик палласи. Табиийки, бу даврда мева-сабзавотларнинг хорижга экспорти кўлами янада ошади. Айни пайтда маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришда божхона ходимлари туну кун экспортёрларга кўмаклашмоқда.

Йиғилишда кун тартибидаги яна бир долзарб масала кўриб чиқилди. Таҳлилларга кўра, ҳисобот даврида дори-дармон ва тиббиёт буюмлари, психотроп таблеткалар ва заргарлик буюмларини ноқонуний равишда олиб ўтишга уринишлар сезиларли равишда ортган.

Бу эса ҳудудий божхона бошқармалари томонидан ушбу йўналишда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишни талаб қилади. Бунда, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан унумли фойдаланиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Эришилган натижаларга қарамасдан, соҳада ҳамон ўз ечимини кутаётган муаммоли масалалар ҳам борлиги йиғилишда алоҳида қайд қилинди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган тадбирда тизимда йўл қўйилган қатор камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

Қўшимча ҳисобланган божхона тўловларини ўз вақтида ундириш, божхона тўловларини ҳисоблашда муҳим аҳамият касб этувчи божхона қийматини тўғри белгилаш каби масалалар шулар жумласидандир.

Шунингдек, тизимда коррупцияга қарши курашда муросасиз муҳитни шакллантириш масалалари чуқур таҳлил қилинди ҳамда йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: