16.07.2019

МУСТАҚИЛЛИК МАСЪУЛИЯТИ

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Самарқанд давлат университети профессори:

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисидаги қарорини ўқиб, кўнглимдан ушбу фикрлар ўтди.

Мустақиллик қадри, истиқлолнинг муқаддаслиги, озодлик туйғуси инсон учун нақадар азиз ва муҳимлигини бизнинг авлод жуда яхши билади.

Ота-боболаримиз қатағон қилиниб, ўз юртларидан мосуво бўлганида, мустабид тузум зиндонларида қон ютганида, бебаҳо китоблар ёқилганида, кўмилганида, тарих сохталаштирилганида, авлодлар хўрланганида, дин ва диёнат, ор ва номус топталганида халқимиз озодликни қанчалар қумсаганди, соғинганди, кутганди.

Асрий истибдод барҳам топиб, мустақиллик қўлга киритилганда, қадримиз тикланди, қаддимиз тикланди. Бутун вужуд-вужудимизга сингиб кетган қўрқув иллати йўқолди. Биз миллат сифатида ўз асрий анъаналаримиз, қадриятларимизни асраб-авайлаш, бойитиш имкониятига эга бўлдик.

Халқимиз турмуши ўнгланди. Одамларда ишонч ва умид пайдо бўлди. Инсон ҳақ-ҳуқуқлари давлат ва жамият томонидан ҳимоя қилина бошланди. Йиллар давомида тараққиётга тўсиқ бўлиб келаётган кўплаб иллатлар рўй-рост айтилди. Бартараф этиш чоралари кўрилди.

Президентимиз томонидан ҳаётимиз мазмун-моҳиятига айланган одамларни рози қилиш концепцияси бутун халқимизни ҳаракатга келтирди. Одамлар яхши яшаш учун курашадиган, талаб қиладиган, интиладиган бўлди.

Жамиятда пайдо бўлган фикрсизлик, лоқайдлик, мутелик ўрнини таклифлар, мулоҳазалар, мунозаралар, баҳслар эгаллади. Бугунги одамлар ҳар қандай топшириқни бажарадиган, кўрсатилган йўлдан юрадиган одамлар эмас, уларнинг ўз дунёқараши, ўз фикри, ўз танлаган йўли бор. Бундай демократик жараёнларнинг бошланишига, ривожланишига, одамлар онгу шуурига ўрнашишига, бир сўз билан айтганда, бутун жамият уйғонишига албатта Президентимизнинг даъватлари, халқ билан мулоқоти оддий одамларни тинглаши сабаб бўлди.

Мамлакат бўйлаб юз бераётган ислоҳотларда одамлар иштироки, жамоатчилик назорати, талаб ва истакларнинг ўрни ва роли тобора ошиб бораётгани озод юрт одамлари онгу тафаккурида буюк эврилишлар юз бераётганини кўрсатади.

Биргина олий таълим тизимини олиб кўрайлик. Мен ярим асрлик фаолиятим давомида одамларнинг илм маърифат олишига бўлган сунъий чекловларни кўриб ич-ичимдан эзилардим. Фарзандларимиз олий таълим даргоҳларидаги илмий салоҳиятдан фойдаланолмай, баҳраманд бўлолмай юришарди.

Бугун аввало олим улуғланмоқда, университет ва институтларнинг моддий-техник базаси бутунлай янгиланди. Профессор-ўқитувчиларнинг маоши кескин кўтарилди. Қабул квоталари оширилди. Сиртқи ва кечки бўлимлар очилди. Истеъдодли ёшлар, илм-фан намояндалари қўллаб-қувватланмоқда. Чет эллардаги фан ва таълим марказлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилди. Олий ўқув юртларининг филиаллари очилмоқда. Бу нимани кўрсатади? Ўзбекистонда илм-фанни, маънавият ва маърифатни халққа тобора яқинлаштириш ҳаракати бошланганлигини англатади.

Мен фаолият кўрсатаётган Самарқанд давлат университети тарихини татбиқ этиш, халқаро нуфузга эга бўлган мазкур таълим даргоҳини Улуғбек мадрасасининг вориси сифатида тан олиш масалалари ҳам ўзининг ижобий ечимини топмоқда. Университетимиз бўйича қабул қилинган Ҳукумат қарорида белгиланган вазифаларни бажариш борасида жуда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда.

Илм йўлини танлаётганларнинг кўпаяётгани, илмий мактаблар фаолияти тикланаётгани қалбимда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади. Минг афсуски, қанча йилларни бой бердик. Илм кишилари рўзғорини тебратолмасдан бошқа юмушларга ўзларини уришга мажбур бўлишди. Кейинги уч йил давомида илмдан кетиш эмас, илмга қайтиш бошланди. Илм аҳлида хотиржамлик, ишонч пайдо бўлди. Олий таълим даргоҳларида сўниб қолган илм чўғлари, гулханларга айланмоқда. Янгиликлар, интилишлар даври бошланди.

Мухтасар айтганда, бугун миллат зиммасида мустақилликни мустаҳкамлаш, тараққий эттириш, миллий ҳамжиҳатликка, миллий бирликка, миллий юксалишга эришиш бурчи ва масъулияти турибди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: