Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
02.07.2019

ЖУРНАЛИСТНИНГ АСОСИЙ ҚУРОЛИ БУ — ҲАҚИҚАТ, ХОЛИСЛИК ВА АДОЛАТДИР

Ҳа, яна ўша гап. Журналист, оммавий ахборот воситаси ходими йил давомида ҳар куни, ҳар соатда, керак бўлса ҳар дақиқа ва сонияда оммани ахборот билан таъминлайди. Халқ дардини ёзади, давлат сиёсатини тарғиб қилади. Ёзнинг қайноқ палласига келганда эса қалам аҳлининг шаънига илиқ гаплар айтилади, улар алқаб, қадрланади. Бундан руҳланган, куч олган журналистлар яна йил давомида ғайратга тўлиб, ишлашда давом этади. Бу ўзимизнинг орамиздаги гаплар.

Масалага жиддийроқ ёндашадиган бўлсак, сўнгги йиллардаги ўзгаришлар журналистикани ҳам четлаб ўтмаяпти, албатта. Сўз ва фикр эркинлиги тушунчаси сабаб бугун гапирмаганнинг «тили чиқди», тили борларнинг «қаноти». Гўёки улар ўз сўзлари, фикрлари билан учиб юргандек.

Кези келганда бир гапни айтмоқчиман. Ҳар гал кимлар учундир муносабат ёзганимда, ўз фикрим, шарҳларим остига депутатми, партия фаолими исм-шарифини қолдиришга тўғри келганда алам қилгани рост. Бугун ушбу қайдларни ўз номимдан ёзар эканман, ўзгаришларга, янгиланишларга бефарқ эмаслигимни, революцияга эмас, эволюцияга ҳамиша тайёрлигимни, халқ манфаати, жамият тараққиётига хизмат қилувчи ҳар қандай эврилишга ҳамнафаслигимни билдирмоқчиман. Айниқса, куни кеча давлатимиз раҳбарининг табриги ва 27 июндаги қарори ҳамкасбларимиз фикрларига, ишларига қанот бўлди, десам ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.

Президент табригида мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилган. Соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, миллий медиа маконда турли мулк шакли ҳамда сиёсий-ижтимоий йўналишдаги оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият кўрсатиши учун зарур шароитлар яратилаётганига урғу берилган.

Асосийси, барча даражадаги раҳбар ва мутасаддилар эл-юрт фикри, замон талаблари билан ҳисоблашишга ўрганмоқда. Бундай мулоқот тараққиётимизни таъминлайдиган энг асосий омиллардан бири саналади. Лекин ҳар қандай ахборот ҳам танқидга сабаб бўлмаслиги ёки ҳар бир яхши, деб ўйлаганимиз ҳам мақтовга арзимаслиги мумкин. Шунинг учун бир ҳақиқат доим ёдимизда бўлиши шарт. Яъни, ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, энг аввал, ҳаққонийлик, холислик тамойилларига асосланиши зарур. Шу билан бир қаторда, унинг қонун ҳамда одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ёки хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги керак.

Тўғри, ҳамма ҳам гапириши, танқид қилиши, камчиликларни айтиши мумкин. Лекин ҳар бир гапни ўз ўрнида, жойида, шахсий манфаатсиз, ҳиссётларга берилмасдан айта олиш ҳақиқий санъат аслида...

Журналистни улкан ва чексиз ахборот уммонидаги қайиқчига ўхшатаман. У эшкакларни бир хилда эшиши зарур. Ана шунда у тўғри ва узоқ вақт сузиши, кўзланган манзилга оғишмай етиб бориши мумкин. Зотан, журналистнинг асосий қуроли — бу ҳақиқат, холислик ва адолатдир.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: