Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
25.06.2019

«БИЗ ЭРТАНГИ КУН МУТАХАССИСИНИ ТАЙЁРЛАШИМИЗ КЕРАК»

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон МАРАҲИМОВ:

– Президентимизнинг 2019-2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида тизимдаги камчиликлар танқидий таҳлил қилинган ҳамда таълим-тарбия ишларини тудан такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланган.

Университетимизга Президентимизнинг 2019 йил 24 майдаги ташрифи тарихий воқеа бўлди. Биз ҳозиргача университетимизнинг тарихи, эришган ютуқлари билан мақтаниб юрамиз. Лекин, тан олиш керак, сўнгги 25-30 йил ичида олий таълим тизимида таълим-тарбия салоҳияти пасайиб кетди. Тайёрлаётган кадрларимизнинг билими, савияси, малака кўникмаларидан ўзимиз ҳам, иш берувчилар ҳам қониқмаяпти. Биз бу камчиликларни тузатиш учун нима иш қилдик? Университетда кейнги 10-20 йил ичида қандай илмий мактаблар яратилди? Қайси йўналишларда, тадқиқотларда натижаларга эришдик? Тайёрлаётган кадрларимизнинг салоҳиятида қандай ўсиш бор?

Бу саволларга бугунги кунда бирортамиз жўяли жавоб беролмаймиз. 1990 йилдан буён ўқув режалари, фан дастурларини ўзгартириб, уларни яхшилашга ҳаракат қиляпмиз, лекин эски қолипдан чиқиб кета олмаяпмиз. 4 йилда нечта фан ўқитилади, битта талаба нечта фанни ўзлаштираяпти? Уларнинг ҳафталик юкламаси қанча бўлиши керак?

Бугун биотехнология, нефть кимёси, нанотехнологиялар, сунъий интеллект, нейроинформатика, квант компьютерлари каби замонавий лойиҳалар юртимизга кириб келмоқда. Қуёш ва атом электр энергиясидан фойдаланилмоқда. Мазкур соҳаларда кадрлар тайёрлаш ишлари қониқарли эмас. Бунақада, 5-10 йилдан кейин аҳволимиз қандай бўлади? Халқаро марказ таҳлилларига кўра, 2035 йилга бориб, меҳнат бозоридаги рақамли технологиялар малакасига эга бўлган кадрларга эҳтиёж қарийб 70 фоизни ташкил қилар экан. Биз рақамли технологиялар борасида қандай кадрлар тайёрламаяпмиз?

Қарорда шу масалалар алоҳида таҳлил қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб берилган. Нафақат, вазифалар, йўналишлар, уларни амалга ошириш механизмлари қадамма-қадам кўрсатиб берилган. Қарор билан тасдиқланган 9 устувор йўналиш, алоҳида дастурлар белгиланди. Кейинги 5 йил ичида ана шу вазифалар амалга оширилса, Миллий университет тайёрлаётган кадрларга меҳнат бозорида эҳтиёж зарур бўлган университетга айланади. Қарорда ушбу масалалар чуқур таҳлил қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Университетимизга янги ўқитиш технологияси, янги таълим йўналишлари кириб келяпти. Энг муҳими, дунё тан олган олимлар ўзбек талабаларига дарс беряпти. Ломоносов номидаги Москва давлат университети билан Мирзо Улуғбек номидаги илмий таълим маркази ташкил этилди. Бу йилдан бошлаб Москва давлат университети билан биргаликда иккиёқлама диплом бериладиган, қўшма дастур асосида 2 та мутахассислик бўйича кадрлар тайёрлашни бошладик. 3 нафар талабамиз ана шу йўналиш бўйича ўқияпти. Ўқув режаси, фан дастурини бутун дунё тан олган Исроил университетидан олдик. Ўқув лабораторияларини ривожлантиришнинг биринчи босқичида 6 миллион доллар ажратиладиган бўлди.

Профессор-ўқитувчиларимиз ижод қилиши учун етарли шарт-шароит яратилиши керак. Талабаларга таълим-тарбия берадиган ёш оилаларнинг уй-жойи бўлса, хотиржам бўлади, илмида, ишида барака, ривож бўлади. Ҳозир, аспирантлар, докторантлар уйи каби 6 та уй қурилмоқда. Бундан ташқари, талабалар турар-жойи ҳам қайтадан таъмирланади. Энг замонавий спорт комплекси талабалар шаҳарчасида қурилади. Буларнинг ҳаммаси олимлар, педагоглар, талабалар учун. Энди бизга билдирилган ишонч, имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, рақобатбардош кадрларни тайёрлашни йўлга қўйишимиз керак.

Олимлар қадрини топди. Ҳозирга қадар жамиятнинг энг пешқадам одами ким эди? Савдогар, бизнесмен. Чунки қанақа йўл билан бўлмасин, пул топган одам олдинда эди. Энди зиёлиларимизга, олимларимизга эътибор қаратилмоқда, уларнинг меҳнати эъзоз топмоқда.

Қарорга эътибор берган бўлсангиз, профессор-ўқитувчиларнинг моддий таъминотига алоҳида эътибор бериляпти. Энди фан доктори 60 фоиз устама ҳақ олади. Фан номзоди учун 30 фоизгача ойлик маошига қўшиб бериш белгиланди. Мана шу қўшилган устама ҳақларини ҳисоб-китоб қилиб кўрдик. 1 сентябрдан бошлаб фан доктори, профессор 11 миллион 264 минг сўм олар экан. Ёш олим, фан номзоди 8 миллион сўмдан ошиқ маош оладиган бўлади. Шу вақтгача ҳеч қайси соҳада бунақанги катта маош бўлмаган. Биласизми, 2018 йилда фан доктори, профессорларнинг ойлик маоши 2 миллион сўмга ҳам бормас эди. Ҳозир улар 6 миллион сўм олади. 1 июльда 7, 1 сентябрдан 12 миллион сўм бўлади.

Биз эртанги кун мутахассисларини тайёрлашимиз керак. Тўғри, университетда талабаларга аниқ фанлар чуқур ўргатилади. Математика физика, биология соҳасида фундаментал билимларга эга бўлган кадрлар кўп. Лекин уларда муҳандислик, аналитик тадқиқот, фикрлаш, яратувчанлик малакаси йўқ. Улар физикани, кимё қонуниятларини яхши билади. Нанотехнологияларни ўрганяпти. Лекин эртага янги технологияларни ким яратади?

Тошкент давлат техника университети, Тўқимачилик институти ва бошқа олий ўқув юртлари инженер-муҳандислик йўналиши талабалари фикрлаш малакасига ўргатилаяпти, улар бор технологиялардан самарали фойдаланади. Лекин мутлақ янги, эртанги кун технологияларини экспорт қилишни қачон бошлаймиз? Фармацевтика соҳасида синтез қиладиган реакторни чет элдан сотиб оламиз. Ўшани яратадиган тадқиқотчи олим бизда топилмайдими? Топилади, фақат унга шароит яратиб бериш керак.

Шунинг учун университетда муҳандислик тадқиқотлари факультети очилади. Уни хориждаги нуфузли университет билан бирга йўлга қўямиз. Магистрларни, ёш ўқитувчиларимизни тажриба орттириш учун энг кучли университетларга малака оширишга юборамиз. Ҳозирдан буни режалаштираяпмиз. Бундан ташқари, фундаментал биокимё факультетини ташкил этамиз. Бу мутахассисларни тиббиёт институтларида тайёрлаб бўлмайди. Амалий математика ва интеллектуал технологиялар факультети очилади.

2018 йил сентябридан то ҳозирга қадар 6 нафар ёш олим чет элда малака ошириб келди. Чехияда ўқиб, Малайзия ва Германия университетларида 5 йил давомида талабаларга дарс берган Ҳаким Собиров ҳозир бизда ишлаяпти. Ўзбек-исроил факультети декани ўринбосари, Сарбонна университетида таълим олган ёш олимни ишга олдик. Фан доктори, Германияда компьютер хавфсизлиги бўйича фан докторлигини ҳимоя қилган олимимиз ҳозир талабаларимизга дарс бераяпти. Уларнинг сони янада кўпаяди.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали ҳар йили камида 50-60 нафар профессор-ўқитувчи чет элдаги олий таълим муассасаларида ўз малакасини ошириб келишига имкон яратилди. Ўқитувчи ҳар 3 йилда хорижда амалиёт ўтаса, илғор технологиялар билан танишади, уларнинг ютуқ ва камчиликларини ўрганади ва қайтиб келиб, талабаларга ўргатади. Докторантлар илмий тадқиқотларини шу йўналишда олиб боради, диссертация мавзусини ҳам ўшандан келиб чиқиб белгилайди. Бу бўйича алоҳида дастур қабул қилиняпти.

Замон ўзгараяпти, дунёқарашлар ўзгараяпти. Бугунги кун ўтди, эртага бир гап бўлар, деган эскича муносабатлардан воз кечиш пайти келди. Агар воз кечолмасак, ўрнимизни мардларча бўшатиб берайлик. Бу жойга муносиб инсонлар келсин. Мен бугун бошқача ўйлашим, бошқача ишлашим керак. Проректорлар, деканлар, кафедра мудирлари, умуман, ҳар биримиз замондан, тараққиётдан орқада қолмаслигимиз лозим. Бўлмаса, тарих бизни кечирмайди. 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: