«Тараққиёт стратегияси» марказида Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши ёш тадқиқотчилар иштирокида форум ўтказди.
— Бугун ғоялар, янгиликлар мамлакатнинг ривожланиш даражасини белгилаб бераётгани ҳеч кимга сир эмас, — деди Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар Бобохонов. — Партия фаоллари ва илмий тадқиқот олиб бораётган ёшлар, олимлар иштирокида ташкил этилаётган илмий-амалий конференция ҳам партиямизнинг янгича фикрлар, хилма-хил қарашлар воситасида ривожланишига амалий ёрдам беради, деб ўйлаймиз.
— Форумда бойитилиши қийин бўлган олтин-мишьякли рудаларни бойитиш технологияси ҳақидаги илмий тадқиқот ишим билан иштирок этдим, — дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети талабаси Назокат Шарифова. — Қизғин ва юқори талаблар асосида ўтган икки босқичли саралашдан ўтиб, ғолиблар сафидан ўрин олдим. Ташкилотчилар ва бир қатор экспертлар томонидан тадқиқотим юқори баҳоланганидан хурсанд бўлдим. Эътиборли томони шундаки, партия форумда ғолиб, деб топилган лойиҳаларни амалиётга тадбиқ этишда бизга яқиндан кўмак берадиган бўлди. Ўйлайманки, бундай қўллаб-қувватлов самара беради. Ўз навбатида биз ҳам лойиҳамиз орқали тараққиётга ҳиссамизни қўшамиз.
— Форум ўтказилишидан тасодифан хабар топдим, — деди Тошкент иқтисодиёт университети талабаси Саодат Саъдуллаева. — Одатдаги форумлардан яна бири бўлса керак, деган ўйга боргандим. Аммо адашган эканман. Форум давомида барча ёшлар қатори мен ҳам ўз лойиҳамни намойиш этдим. Партиянинг ҳар бир лойиҳа билан алоҳида иш олиб боргани, уни амалга ошириш бўйича бизга кўмакчи бўлаётганидан янада қувондим. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, лойиҳаларга қўйилган талаблар жуда юқори. Демак, форумдан кўзланган мақсадлар катта.
Ёшлар томонидан тақдим этилган лойиҳа ва илмий мақолалар экспертлар томонидан саралаб олинди. Энг яхши лойиҳа муаллифлари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирожиддин ШОНАЗАРОВ,
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши бўлим мудири.