Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
18.06.2019

ЯПОН ФОТОСУРАТЧИСИНИНГ ҲАЙРАТЛАРИ

БМТнинг Халқаро маданиятларни яқинлаштириш ўн йиллиги, «Самарқандиана» энциклопедик лойиҳаси доирасида Регистон ансамблидаги Тиллакори мадрасаси галереясида япониялик фотосуратчи Жин Акинонинг «Лаҳзаларга муҳрланган ўзбек анъанаси» фотоальбоми тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбек анъанавий архитектурасини ўзида акс эттирган ушбу альбомдан ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарлар суратлари ўрин олган. Китобда кўрсатилган барча суратлар замонавий QR-код билан махсус веб-сайтга уланган бўлиб, бу китобнинг доимий янгиланиб туриши ва қўшимча маълумотларни онлайн режимида олиш имконияти борлигидир.

— Дастлабки суратларни Самарқандда олганман, — дейди Жин Акино. — 2008 йилда «Самарқандиана» энциклопедик лойиҳасида қатнашганим сабабли, Самарқанд давлат музейида шахсий кўргазма ўтказиш имконияти пайдо бўлди. Мен кўплаб ўзбекистонликлар билан танишдим, улар билан ҳамкорлик қилаяпман. Бу фотокитоб менинг ўн йиллик меҳнатим маҳсули ва Ўзбекистон — Япония маданий алоқаларининг ўзига хос меваси, дейиш мумкин.

Жин Акино 1970 йилда таваллуд топган. Токио университетининг иқтисодиёт факультетини тугатгандан кейин эркин ижодкор сифатида иш бошлаган. International Photography Awards (АҚШ), La Prix de la Photographie de Paris (Франция) ва шунга ўхшаш кўплаб халқаро танловларда совриндор бўлган. Унинг ижоди асосан Буюк Ипак йўлида жойлашган мамлакатлар архитектураси ва маданияти билан боғлиқ. Шунингдек, ЮНЕСКО ва Япония миллий информатика университети томонидан Ипак йўлининг маданий меросини рақамли архивлаш учун ўтказилган Digital Silk Road Project лойиҳасида қатнашган. 2007 йилда унинг «Самарқанднинг меъморий гўзаллигига саёҳат» кўргазмаси кўҳна шаҳарнинг 2750 йиллигига бағишлаб Самарқанд ва Токиода деярли бир вақтда тақдим этилган.

Унинг «Буюк Ипак йўли тарихидаги ранг-баранг шакл ва бўёқлар: Ўзбекистоннинг жавоҳир шаҳарлари ЮНЕСКО Бутунжаҳон меросининг бир қисми сифатида» шахсий фотокўргазмаси Самарқанд давлат музейида (2008) ва Тошкентда бўлиб ўтган еттинчи Халқаро фотобиенналесида (2014) тақдим этилган. Жин Акино Токиодаги ўз шахсий мактабида ёшларга фотосурат сирларидан сабоқ бериб келмоқда.

Тақдимот Регистон ансамбли дирекцияси, «Самарқандиана» энциклопедик лойиҳаси, Самарқанд шаҳар 5-сон маданият марказининг «Эсперанто» интернационал дўстлик тўгараги аъзолари ҳамкорлигида ташкил этилди.

 

А. ИВАНОВ,

«Самарқандиана» энциклопедик лойиҳаси ташкилотчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: