Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
18.06.2019

ОЛИЙ ДАРАЖАДАГИ УЧРАШУВЛАР

доирасида 58 та икки томонлама ҳужжат имзоланган. 2021 йилгача 5,25 миллиард долларлик 244 инвестицион лойиҳаларнинг амалиётга жорий қилиниши кўзда тутилган

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Нeъматов Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида олий даражадаги ташрифлар ҳамда жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида мамлакатимиз ҳаётидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий тадбирлар тўғрисида маълумот берди.

— Бугунги кунда нафақат бизнинг минтақамиз, балки бутун дунёдаги вазият кескин равишда ўзгариб бораётган бир пайтда жамоатчиликни Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш нуқтаи назаридан бу каби тадбирлар жуда муҳим ва фойдалидир, — деди Илҳом Нeъматов. — Шу муносабат билан бугун мен сизларга ўтган давр мобайнида вазирлик томонидан ўтказилган асосий тадбирлар бўйича маълумот бермоқчиман.

Йил бошидан буён Президентимизнинг хорижий давлатларга 4 ташрифи амалга оширилди, Ўзбекистонга 4 чет эл давлат раҳбарларининг ташрифи бўлиб ўтди. Хусусан, жорий йилнинг 18-20 январь кунлари Давлатимиз раҳбари Ҳиндистонга ташриф буюриб, Бош вазир Нарендра Моди таклифига биноан «Жўшқин Гужарат — 2019» халқаро инвестиция саммитида иштирок этди.

Шуни таъкидлаш жоизки, «Жўшқин Гужарат – 2019» саммитида иштирок этган хорижий давлатларнинг 80 дан зиёд юқори мартабали вакиллари ҳамда тўртта бош вазир орасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ҳиндистон ҳукумати раисининг бош меҳмони сифатида қабул қилинди. Ҳиндистоннинг Осиё қитъасидаги етакчи давлатлардан бири эканлиги ҳисобга олинган ҳолда, ҳинд ҳукуматининг бу эътибори жаҳон ҳамжамияти томонидан Нарендра Модининг Ўзбекистон раҳбарига ҳамда унинг олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатига юксак ҳурмати сифатида баҳоланди.

Саммит доирасида аниқ ва муҳим иқтисодий натижаларга эришилди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти савдо-иқтисодий, инновацион, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга оид бешта муҳим ташаббусни илгари сурди. Бундан ташқари, 108,6 миллион долларлик 7 та инвестицион битим имзоланди ва қиймати 72,8 миллион долларлик 8 та экспорт шартнома тузилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 21-22 январь кунлари Президентимизнинг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи бўлиб ўтди. Ташриф доирасида Президентимиз Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, канцлер Ангела Меркел, Бундестаг раиси Вольфганг Шойбле, Бавария Бош вазири Маркус Зёдер ва ишбилармон доира вакиллари билан учрашди. Икки ва кўп томонлама ҳамкорлик бўйича кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Муҳокамалар натижасида умумий қиймати 4 миллиард евродан ортиқ бўлган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

2019 йилнинг 24-26 март кунлари Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи бўлиб ўтди. Ташриф чоғида савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, қиймати 10 миллиард доллардан зиёд икки томонлама ҳужжатлар ва инвестицион келишувлар имзоланди.

Бундан ташқари, 14-15 апрель кунлари Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи бўлиб ўтди. Ушбу ташриф доирасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича 9 та ҳужжат имзоланди.

18-21 апрель кунлари Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлди. Савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий-техникавий соҳалардаги умумий қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.

24-27 апрель кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» халқаро форумида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Шунингдек, Хитой Халқ Республикаси Раиси, Беларусь ва Тожикистон Президентлари, Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори ва БМТ Бош котиби билан учрашувлар бўлиб ўтди.

27-29 май кунлари Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг жавоб расмий ташрифи бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра, икки томонлама ҳужжатлар пакети имзоланди, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди, жумладан, молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш доирасида қиймати 123,8 миллион евролик шартномалар имзоланди.

Шунингдек, 31 май — 2 июнь кунлари Европа Кенгаши раиси Дональд Туск Ўзбекистонга ташриф буюрди. Европа Иттифоқи Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондига 5 миллион евро ажратишини маълум қилди.

Хусусан, Европа томони қуйидаги соҳалардаги лойиҳаларга молиявий-техникавий ёрдам кўрсатади: бюджетни қўллаб-қувватлашга 40 миллион евро, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига 5 миллион евро, қишлоқ ҳудудларида бандликни оширишга 5 миллион евро, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази негизида афғон талабаларини тайёрлашга 2 миллион евро ва бошқаларга.

Яна шуни таъкидламоқчи эдимки, энг муҳими юқорида айтиб ўтилган олий даражадаги тадбирлар доирасида 58 та икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Бундан ташқари, ўтган вақт мобайнида Республика раҳбарияти томонидан АҚШ, Япония, Хитой, Россиядан ҳамда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва БМТ каби халқаро ташкилотлардан юқори даражадаги делегациялар қабул қилинди. 15 дан ортиқ давлат ва халқаро тузилмалар раҳбарлари билан юқори даражадаги музокаралар ўтказилди. Асосийси, глобал ва минтақавий давлатлар билан ҳамкорлик фаол ривожланмоқда.

Яна шуни айтиш мумкинки, мамлакат иқтисодиётига чет эл инвестицияларини жалб қилиш, экспорт ҳажмини ва хорижий сайёҳлар оқимини оширишга вазирлик алоҳида эътибор қаратмоқда. 2018 йилнинг ноябридан жорий йилнинг июнь ойигача бўлган давр мобайнида Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналари томонидан қишлоқ хўжалиги, саноат, коммунал хизматлар, қурилиш, тиббиёт, фармацевтика, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда амалга оширилиши режалаштирилган 5,25 миллиард долларлик 244 та инвестицион лойиҳалар ишлаб чиқилди. Жумладан, қиймати 1,7 миллиард долларлик 163 та лойиҳа 2019 йил мобайнида амалга оширилади. Ушбу лойиҳаларнинг асосий қисми 2020-2021 йилларда бажарилиши кўзда тутилган.

Ўзбек товарларини ташқи бозорларга экспорт қилиш ва мамлакатга хорижий сайёҳларни жалб қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 5 ойи давомида дипломатик ваколатхоналаримиз жойлашган мамлакатларга ўзбек маҳсулотларининг экспорти 30,6 фоизга ошди ва 3 миллиард 504,6 миллион долларни ташкил этди. Сайёҳлар сони жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида 42 фоизга ошиб, 1,3 миллион кишини ташкил этди.

Матбуот анжуманида журналистларни, аниқроғи жамоатчиликни қизиқтирган кўплаб маълумотлар келтирилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: