Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
21.05.2019

АБИТУРИЕНТЛАРНИ КАТТА ЎЗГАРИШЛАР КУТМОҚДА

Ўқув йили якуни олдидан битирувчиларнинг хаёлини биргина савол банд қилади: Бу йил тест синовларида қандай ўзгаришлар кутиляпти?

Нафақат абитуриентлар, балки уларнинг ота-оналари ҳам мазкур мавзудаги ҳар қандай ахборотга бефарқ қарашмайди, албатта. Хусусан, жорий йилнинг май ойида эълон қилинган олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент ҳамда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ва халқаро баҳолаш тизими сертификатларини татбиқ қилиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳам ҳеч биримизнинг эътиборимиздан четда қолмади.

Хўш, мазкур ҳужжатларга биноан жорий йилги тест синовларида қандай янгиликлар кутилмоқда? Миллий матбуот марказидаги анжуманда Давлат тест маркази масъуллари шу ҳақда атрофлича маълумот берди.

      Абитуриентларни катта ўзгаришлар кутмоқда, — деди Давлат тест маркази директори ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев. — Жорий йилдан бошлаб улар давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кириш учун фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари июль-август ойларида бўлиб ўтади. Таъкидлаш керакки, ташкилий жиҳатларнинг кўп вақт ва куч талаб қилиши, абитуриентларнинг сони кескин ошиши ҳисобга олинган ҳолда шу қарорга келинган.

Шунингдек, жорий ўқув йилидан бошлаб абитуриент бир вақтнинг ўзида олий таълим муассасасига ўқишга киришда фанлар мажмуасига мувофиқ келувчи 3 та бакалавриат таълим йўналишидаги танловда иштирок этади. Бунда тест синовини топширадиган фанлар мажмуасининг мослиги эътиборга олинади. Шунга қараб, абитуриент томонидан таълим йўналишларига устуворлик белгиланади.

Энди кўпчиликни қизиқтирган масалага тўхталсак. Жорий йилдан бошлаб олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиш учун энг кам иш ҳамининг ярим баробари миқдорида йиғим ундириладиган бўлди. Ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно. Шу ўринда изоҳ бериб ўтсам. Албатта, аксарият кишиларда эҳтиёжманд оила фарзандлари учун мазкур тўлов оғирлик қилмайдими, деган табиий савол туғилади. Бу йил абитуриентга ўзи рўйхатдан ўтган, аниқроғи, доимий истиқомат қиладиган жойида ёки бошқа қулай, деб биладиган ҳудудда тест синовида иштирок этиш имконияти берилади. Бу ўз навбатида ортиқча вақт, маблағ сарфланиши ҳамда сарсонгарчиликларнинг олдини олади. Демак, абитуриент ўз ҳудудида рўйхатдан ўтишини, тест синовларини ҳам ўзига қулай ҳудудда топширишини ҳисобга олганда, мазкур йиғим у қадар оғирлик қилмайди.

Абитуриентлардан тушган тўловлар эса тест синовларининг янада сифатли ва қулай шароитларда ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни молиявий таъминлашга қаратилади. Ушбу маблағлар биноларнинг ижара тўлови, катта қувватли совутгичлар, шахсни аниқлаш, биометрика, мобиль алоқа воситаларининг тўлқинларини тўсувчи қурилмалари ва кузатиш камералари, ота-оналар кузатуви учун мониторлар билан жиҳозлаш каби ишларга йўналтирилади. Шу билан бирга тест синовларини ташкил этиш жуда катта молиявий маблағларни талаб этади. Ҳатто абитуриентлардан тушган тўловлар мавжуд харажатларни қоплаш учун етарли, деб бўлмайди. Тезкор ўқийдиган оптик қурилмалар харидини амалга ошириш, хорижий экспертларни жалб қилиш ҳам катта маблағни талаб этади. Шунингдек, йиғимлар хорижий ватандошларни Давлат тест марказига ишга олиш, 4 мингдан ортиқ гуруҳ назоратчиларига тўланадигаан иш ҳақи, уларга ташкил этиладиган тушлик, тест материалларини сифатли тайёрлаш, ўз вақтида етказиб бериш, олиб келиш, сақлаш ва шу каби ишларга ҳам сарфланиши кўзда тутилган.

Тест синовларига тўловнинг жорий этилиши амалда тайёргарликсиз келаётган билимсиз ва ғаразли мақсад билан иштирок этаётган абитуриентлар сони ҳамда тест синовлари жараёнида ўзгадан ёрдам олиш ва ёрдам бериш ҳолатларининг камайишига хизмат қилади.

 — Ўтган йили абитуриентлар талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани бўйича маълумотни, тўплаган балларини тест топширган кунининг эртасига билиб олганди, — деди Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Диёрбек Қўчқоров. — Жорий йилда эса абитуриент тест синовида тўплаган баллари ҳақидаги маълумотни имтиҳон кунининг эртасига билади. Талабаликка қабул қилинган ёки қилинмагани тўғрисидаги ахборот эса Давлат тест марказининг веб сайтида тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида эълон қилинади. Хорижий тажрибага кўра, тест натижалари Россия Федерациясида бир ҳафтадан, Жанубий Кореяда бир ойдан, Японияда 15 кун, Туркияда ҳам 15 ва Қозоғистонда бир ойдан кейин эълон қилинади.

2020-2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест фанлари мажмуаси икки бўлимга ажратилади. Биринчи бўлимга барча тест топширувчи абитуриетлар учун мажбурий уч — она тили, математика, Ўзбекистон тарихи фанлари киритилади. Иккинчи бўлимда эса бакалавриат таълим йўналишига мос 2 фан бўйича тест саволлари бўлади. Мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари соддалаштирилган бўлиб, абитуриентларнинг умумий саводхонлиги ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилади.

— Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ва халқаро баҳолаш тизими сертификатларининг амал қилиши билан боғлиқ янгиликлар кўпчиликнинг эътиборини тортди, — деди Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Сардор Ражабов. — Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланди. Унга кўра, чет тилини билиш даражаси бўйича тегишли сертификатга эга бўлган абитериентлар қўллаб-қувватланади. 2019-2020 ўқув йилида асосий фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори даражада белгиланди.

Чет тиллари асосий фан сифатида киритилмаган бакалавриат таълим йўналишлари учун B1, қолганларига эса B2 ва ундан юқори даража татбиқ этилади.

Яширишнинг ҳожати йўқ. Кўпчилик синов даражаси ўзгарганидан норози бўлди. Яъни, ўтган ўқув йилида фақат B1 даражасини олиш кифоя эди. Жорий йилдан эса юқоридаги тартиб жорий этилди. Жаҳон тажрибасини олиб қарайдиган бўлсак, ҳеч бир мамлакатда B1 даражаси имтиҳондан юқори балл билан ўтиш учун етарли, деб ҳисобланмайди. Энг камида B2 даражасини олиш талаб қилинади. Аввало, шуни айтиш керакки, ўтган йилда бу тажриба сифатида қўлланилди ва синов тариқасида B1 даражаси олинганди. Ҳозир битирувчиларнинг барчаси B1 ва B1+ даража билан ўқишни тугатмоқда. Биз яна имтиҳон қилиб, шу даражани тасдиқлашимиз эса бироз мантиқсизликдай туюилади. Албатта, бу ихтиёрий имтиҳон. Абитуриентга имтиёз олиш имконияти берилаяпти, холос.

Шунингдек, Тошкент давлат юридик университети учун алоҳида сертификат даражаси бўйича тартиб белгиланди.

Давлат тест маркази томонидан берилган миллий сертификатнинг имтиёзи ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати даврида сақлаб қолинади.

Яна бир масала. Жойлардаги учрашувларда тест саволларидаги чалкашликлар хусусида кўп сўровлар бўлади. Ҳар қандай жараёнда ҳам хатоликлар бўлиши мумкин. Аммо иложи борича бу каби ҳолатларга йўл қўймаган маъқул. Шуларни ҳисобга олиб, жорий йилда экспертларни бир неча босқичли танлов асосида ишга олишни йўлга қўйдик. Ҳар бир тест саволи уч мартадан ортиқ муҳокамадан ўтказилмоқда. Экспертларимиздан ягона талабимиз икки хил хулосага келишга сабаб бўлмайдиган, чалғитмайдиган саволлар тузишдир. Бизнинг мақсадимиз абитуриентни чалғитиб, баллини пасайтириш эмас, уларнинг ҳақиқий билимига баҳо бериш, энг муносиблари танланишига эришишдир.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: