Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
07.05.2019

БАРОКАТ ВА МАҒФИРАТ ОЙИ

Исомиддин қори АҲРОРОВ, Шайхонтоҳур туман «Хожа Аҳрор Вали» жомеъ масжиди имом-хатиби:

— Коинот, маҳлуқот ва мавжудотларни йўқдан бор қилиб яратган, бандаларига яхшилик мавсуми, гуноҳларимизни шу тафайли кечирилишига сабаб бўлган ибодатлар ва дуолар ижобат бўладиган Рамазон ойини муносиб кутиб олишга буйруқ берган Улуғ Роббимизга ҳамду саноларимиз бўлсин!

Ўн бир ой давомида турли-хил амалларни қиламиз. Бандамиз, ожизмиз, баъзида билиб, баъзида билмай гуноҳ қилиб қўямиз. Рамазонда эса ғалвир кўтарилади ва ана шу хатолар кечириладиган ойдир, қачонки, савобларимиз сероб бўлса. Рамазон арабча сўздан олинган бўлиб, маъноларини алломалар турлича: сақламоқ, сақланмоқ, эҳтиёт қилмоқ, эҳтиёт бўлмоқ, куйдирмоқ, кечирмоқ тарзида баён қилишган. Бандани тутган рўзасини, ибодатини қабул қилиб, Рамазонгача нимаики, қилган гуноҳлари бўлса шуни куйдирилишини билдиради.

Аввало, шу ҳақда ўйлашимиз керакки, биз муборак Рамазон ойига қандай тайёргарлик кўрдик? Қайси ҳолатда кириб бормоқдамиз ва Рамазонда қандай амалларни қилишни режалаштириб қўйдик? Биз қалбимиз билан, холис муҳаббат билан тайёргарлик кўриб борсак, тутган рўзамиздан ҳузур-ҳаловат топамиз, дуоларимиздан лаззат оламиз. Улуғларимиз Рамазонга 6 ой қолганда Аллоҳим Бизларни Рамазонга ўзинг етказгин, деб дуо қилса, Рамазон ўткандан кейин эса 6 ой давомида эй Роббим, ўзинг тутган рўзамизни, ибодатимизни қабул қилгин, деб дуо қилишаркан. Сиз билан бизнинг ҳам умримиз ана шундай бўлиши керак. Демак, олдимизда қандай улуғ ой турганини ҳис қилайлик.

Ўтган йили бир одам: «Анча қази, асал, гўшт, ёнғоқ заҳира қилиб қўйдим, насиб бўлса, етса керак-а», деб савол берган эди. Ниятимиз тоза бўлмаса, қалбимизда қаноат, сабр, рўзага нисбатан ихлосимиз, муҳаббатимиз бўлмаса, тонналаб йиғсак ҳам у етмайди. Тайёргарлик деганда қалбан ва руҳан тайёр туришимиз керак. Бу — Аллоҳ фарз қилган ибодат! Унга мен қандай тайёргарлик кўрдим? Ғийбатимиз йўқми, ёлғонимиз йўқми, гуноҳ-туҳматларимиз йўқми, ўзига ношукурчилигимиз йўқми?

Аёлларимиз ҳаёт, турмуш ташвишлари билан болам-чақам, деб тайёргарлик эсидан чиқиб қолган бўлиши мумкин. Уларга, қизларимизга, опа-сингилларимизга ҳам эслатиб қўяйлик. Ана шунда Рамазон хонадонимизга раҳмат, барокат ойи бўлиб келади. Чунки, Аллоҳ кўриб турибди. Бандам мен фарз қилган ибодатимга тайёргарлигини қара. Аллоҳ таоло ўшанга яраша барокат беради.

Рамазон ойида рўза тутиб, ибодат қилиб, юрган одамнинг ҳис-туйғуси кучаяди. Яъни рўзадор бўлиб юрган одам ҳеч ким бўлмаса ҳам рўзасини очиб юбормайди. Худо кўриб турибдику, деган ҳис туйғуси бўлади. Агар ана шу ҳис туйғу ҳар бир дақиқада сиз билан бизнинг ёдимизда бўлса, ҳаётимиз ўйлаганимиздек осуда ўтади. Нима учун турмушимиз паст-баландликлардан иборат? Вақти-вақти билан муаммоларга, қийинчиликларга, машаққатларга дуч келамиз? Бунга сиз билан бизнинг ожизлигимиз, эътиқодимизда Аллоҳ бизни кузатиб турибдику, деган ҳис туйғуни камлиги, саёзлиги сабаб бўлади.

Рамазон рўзаси балоғат ёшига етган ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарз. Узурлик ҳолатлар: сут эмадиган боласи, ҳомиладор, бемор, мусофир, рўза тутишга монеълик қиладиган касаллиги бўлса, улар истисно. Кимки, бетоб ёки сафарда бўлиб, рўзасини тута олмаган кунларини бошқа кунларда тутиши мумкин. Аллоҳ бизга енгиллик истайди. Агар банда қасддан рўза тутмаса бир кунга 60 кун тутиб беришлик лозим бўлади. Аллоҳ таоло бизни шу ибодатларга мувофиқ қилгани учун ҳам ўзига таслим бўлиб, тан олиб, унинг буйруқларини амалга ошириб, қайтариқларидан қайтиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га эргашиб, рўзаларини мукаммал тутиш бандалик вазифамиз.

Бугун фан, тиббиёт олимлари ҳам рўза — очлик одамларни ички ва ташқи кўп касалликларига шифо бўлишига сабаб бўлишини асослашди. Яъни инсон бир йилда ихтиёрий равишда 28-29 кун оч қолиши керак экан. Тиббиёт олимлари текширувига кўра, бир йил давомида рўза тутмай турли ҳил даво воситаларини ичиб юрган одамнинг ташхисига қараганда, бир ойлик фарз рўзасини, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатига эргашиб, йил давомида ҳар ойда уч кун рўзаларини тутиб юрган инсоннинг таҳлили анча тоза чиққан экан. Рамазонда ҳам руҳий, ҳам жисмий, ҳам маънавий, ҳам қалбий жиҳатдан покликка эришилади.

Бу ойда оиламизда китобхонликни йўлга қўяйлик. Ҳеч бўлмаганда охиратимизга, эътиқодимизга, иймонимизга, аҳлоқимизга ҳужжат бўладиган битта китобни ўқийлик. Ўзбек тилида чиққан Қуръонни фарзандларимизга ўқиб берайлик.

Улуғларимизни қаранг, улар Рамазонни қандай ўтказишган? Имом Зуҳорий айтган экан, Рамазон ойи бу оч-наҳорларни қорнини тўйдириш ойидир. Ифторлик қиламиз ҳа, кимларни айтамиз? Ушбу тадбирларимизга қорни тўқ кишиларни таклиф қиламиз. Ифторликка ҳақиқий муҳтожларни чақирадиганлар орамизда бор, лекин кам. Баъзилар уларни паст санайди. Бир муҳтож ғариб одам келиб қолса, ҳалиги ўзига тўқ танишимизга ёмон кўринмаслик учун қувиб соламиз. Рамазон ойида Аллоҳ таоло битта яхшиликка 100 дан ортиқ савоб беради.

Имом Молий моликий мазҳабининг асосчиси, улуғ алломамизнинг «ал-Муватто» деган китоблари аҳли илмлар ичида маълум ва машҳур... Ул зот Рамазон келса ҳадис илмини тўхтатиб қўяр экан. Ҳадис илми ҳам буюк илм. Расулуллоҳни битта ҳадисини ўқиб, унга ўз ҳаётида мукаммал амал қилиб юрган бандасига, Расулуллоҳ 100 та шаҳид савобини бераркан. 1 та шаҳид 70 одамни шафоат қилиш ҳуқуқига эга. Битта суннатига шунча мукофот. Ана шу суннатларни ҳаётимизга қўллашимиз керак. Шул инсон ҳадис илмини тўхтатиб, Қуръон ўқишга киришар экан. Қуръон ўқилган жойга Аллоҳни барокати ёғилади.

Ҳадис илмининг султони, муҳаддислар устози буюк бобокалонимиз Имом Бухорий ҳазратлари ҳам Рамазон ойида бир кунда бир марта ҳатим қиларкан. Ундан ташқари таровеҳда иштирок қилиб, уч кунда бир марта ҳатим қиларканлар. Улар Рамазонни ана шундай ўтказар эканлар.

Ғурур, кибр мўмин-мусулмонга ярашмайди. Айбимизни одамлар кўриб қолмасин, деб қандай беркитсак, яхшилигимизни ҳам худди шундай беркитишимиз керак. Ана шунда мусулмон бўламиз. Қуръонда ҳамма нарса бор. Фақат бугун биз Қуръонни тўғридан-тўғри ўқий олмаймиз. Кимгадир эргашиб ўқишимиз лозим. Ҳадисдан биз билим олишимиз учун уламоларга эргашишимиз керак. Уламолар кимга эргашади. Ўзидан олдинги уламоларга. Улар кимга тобеинларга, тобеинлар кимга саҳобаларга. Саҳобалар кимга, Пайғамбар алайҳиссаломга...

Бошқа дин вакили бўлган бир инсоннинг фарзанди бозорда хурмо еб юрган экан, ота, ўғлига қараб, ўғлим, бу ишингни йиғиштир, мусулмонларнинг Рамазон ойи бошланди. Уларга азият бермагин, дебди. Ул одам вафот этгандан сўнг, жаннатга тушган эмиш. Ундан сабабини сўрашса, мен мусулмонларни Рамазон ойини ҳурмат қилиб, ўғлимни хурмо ейишдан қайтарганим учун шу ерга тушдим, деб жавоб берибди. Қаранг биргина ҳурмат учун шунча мукофот. Агар ҳар бир мусулмон бу ойда ғийбат қилмаса, бўхтон қилмаса, рўзасини тутса, Қуръон ўқиса, серсадақа бўлса ва кейин ҳам бу аммалларини давом эттирса қаранг қанча савоб бўлади. Ғафлатда қолишга ҳаққимиз йўқ.

Мусулмон одам на ҳаракати, тили ва на бирон бир амали билан бошқаларга зарар бериши керак эмас. Барчамиз ўзимизнинг яхши амалларимиз билан ибрат бўладиган вақт келди. Унга бепарво бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мусулмонларнинг аслида қандайлигини-ю, қўпорувчи ким, бузғунчи ким, террор ким, мутаассиб ким, миллатпараст, фитначи кимлигини бутун дунё билсин, ўзимизнинг эзгу амалларимиз билан мусулмоннинг кимлигини кўрсатайлик.

Ақл-фаросат, идрок, илм ва маърифат билан ҳаёт кечирса инсон гуноҳ қилмайди. Рўза тутиб, ёлғон ҳам гапирмайлик, ношаръий сўзларни ишлатмайлик, ғийбат, зино қилмайлик. Шунингдек, араз-гиналарни унутайлик, ким биландир аразлашиб қолган бўлсак, келсин мендан кечирим сўрасин эмас, биз биродаримиздан биринчи бўлиб, кечирим сўрайлик. Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак бир ҳадислари бор: «Гина-кудратчини дини йўқ». Аллоҳ қалбимиздан гина-кудратнни илдизи билан чиқариб ташлаб, ҳақиқий ўзини, динига, бандаларига мухлис, яратганга содиқ, чин мўмин-муслимдек ҳаёт кечириш бахтига муваффақ айласин.

Хотира ва қадрлаш кунлари яқинлашяпти, яқинларимизни, ота-оналаримизни қабрларини обод қилиб қўяйлик. Ёмғирлар ёғди, чўкиб, очилиб қолмадимикан?.. Шуни бир кўрайлик. Дам олиш кунлари набиралар, фарзандлар, ака-укалар, яқинлар билан бирга қабристонни зиёрат қилайлик, уларни эслайлик, ҳақларига зикрлар қилайлик. «Ўтган ота-онангни руҳини чинқиратмагин», деган нақл бекорга айтилмаган. Бу ҳадисда ҳам бор. Улуғларимиз буни қуйидагича келтирадилар: Албатта амалларингиз ўтиб кетган яқинларингизга кўрсатилди, агар қилган амалларингиз сийлайи раҳим, ибодат, зикр, шукур, тақво, ака-укани ўртасида мерос талашиш бўлмаса ва шунга ўхшаган яхши амаллар кўп бўлса, уларнинг руҳлари хурсанд бўлишади, фахрланишади. Агар қилиб юрган амалимиз ўғирлик, зулм, адоват, душманлик, йўлтўсарлик, бузғунчилик, инсонларга азият бериш бўлса, руҳлар бундан чинқираб, яқинларидан қочаркан ва Аллоҳим бизни ортимизда қолганларни ўзинг бизни қандай ҳимоя қилиб, маърифатга, яхшиликка бошлаб қўйган бўлсанг, уларни ҳам яхшиликка бошламагунингга қадар жонларини олмагин, деб дуо қиларкан. Бу ҳам савоб, барокот, суннат.

Қабрларга эътиборсиз бўлмайлик, унинг ичида ё жаннат, ё дўзах бор. Уни қай бирига муносиб бўлишимиз бу ҳаётимизда қандай ишлар қилганимиз билан боғлиқлигини унутмайлик.

Ўз замонасининг машҳурларидан бўлган Чустий домла ҳам бу борада сиз билан бизга ўрнак бўлиб қуйидаги сўзларини айтганлар:

Эсласин руҳимни авлодим десанг, сен ҳам ўтган авлодингни ҳурмат эт...

Яратган Роббимиз кириб келган Муборак Рамазон ойини элимизга, халқимизга, оилаларимизга раҳматли, мағфиратли ва барокатли ойлардан бўлишини насиб этсин!


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: