Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
07.05.2019

ЗЕРИКАЁТГАН СЕНАТОРЛАР, МУДРАЁТГАН ҚАТНАШЧИЛАР

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисидан репортаж

3 май, соат 9:20. Олий Мажлис Сенатининг катта мажлис зали. Сенаторлар, ҳукумат вакиллари залга бирин-кетин кириб келяпти.

Ҳукумат аъзолари бир-бирлари билан қуюқ сўрашяпти. Айниқса, нисбатан ёшроқ ҳисобланадиган вазирлар ўзаро анча илиқ ва самимий муносабатда экани сезилади. Уларнинг орасида Адлия вазири Русланбек Давлатов ҳамда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов фаолроқ мулоқотда бўляпти. Бу икки вазир ёнма-ён ўтиргани учун шундай кўрингандир, эҳтимол.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ним табассум, очиқ чеҳрада юриши билан ҳукумат аъзолари орасида ажралиб турибди. Бир қанча сенаторлар Бош прокурор Отабек Муродов билан қуюқроқ сўрашиб, кўпроқ мулоқот қилишга, нималарнидир айтиб қолишга интилгандай туюлади.

Энг ёш вазирлардан бири, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев қўл телефонининг экранига қараб, хотиржам, айни пайтда ўйчан ўтирибди.

Соат 9:46. Деярли барча ўриндиқлар тўлиб бўлди.

Умуман, вазирлар ва турли давлат идоралари раҳбарлари бир-бири билан мулойим гаплашишга, ҳурматини ифода этишга ҳаракат қиляпти. Катта раҳбарлик вазифаларига эга бўлмаган сенаторлар эса анча камтар бўлиб ўтирибди, балки бу хаёлга шунчаки келиб қолган фикрдир...

Айрим сенаторларнинг олдида газеталар, журналлар, кроссворд-бошқотирмалар ҳам кўзга ташланади.

Соат 9:58...

Залга Сенат раҳбарияти кириб келди, сенаторлар рўйхатдан ўтди, давлат мадҳияси янграй бошлади, ҳамма ўрнидан туриб, ўнг қўлини чап кўксига қўйди...

Айрим ташкилий масалалардан сўнг Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистондаги ислоҳотлар натижалари тўғрисида маъруза қила бошлади, кишининг кўнглини кўтарадиган мисоллар келтирилди...

Сенат раиси «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури ижроси бўйича бир кун аввал ўтказилган видеоселектор йиғилишида катта маблағлар самарали йўналтирилмагани танқид қилинганини таъкидлади. Айрим давлатлар пул тополмаётган бир пайтда бундай совуққонлик ва масъулиятсизликка ўрин йўқлигини айтди.

Суғурта соҳасидаги жиддий муаммога эътибор қаратилди. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда фаолият юритаётган суғурта ташкилотлари чет элдаги суғурта компанияларига 2017 ва 2018 йилларда қарийб 300 млрд. сўмлик суғурта тўловларини ўтказиб берган. Суғурта ташкилотларига ташқаридан келиб тушган суғурта тўловлари миқдори бу даврда 30 баробар кам бўлган.

Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунда акс этган битта меъёр туфайли миллиардлаб пуллар хорижга чиқиб кетаётган экан. Шунинг учун бу қонунни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келганига урғу берилди...

«Сувоқава» давлат унитар корхонасига қарашли сув тозалаш иншоотларининг 88 фоизи фаолият юритмаётгани, республикадаги 60 га яқин сув тозалаш иншоотидан чиқаётган оқава сувларда ҳам зарарли моддалар меъёрдан бир неча марта юқори экани танқид қилинди...

Мамлакатимизда 600 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бор киши меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги номувофиқликлар, хизмат кўрсатувчи ташкилотлардаги турли сунъий тўсиқлар, кераксиз текширишлар ва аҳамиятсиз маълумотномалар сўрашдан азият чекаяпти. Ногиронлиги бор инсонлар қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан фойдаланиш учун давлат мулозимларидан «мурувват» кутишга мажбур бўляпти...

Тошкент вилоятида минглаб иш ўринлари бўш турибди. Йиллар давомида иш қидираётган юртдошларимизнинг овозини эшитмаяпмизми?..

Н.Йўлдошев маърузасида ана шундай маълумотлар келтирилди, бир томондан аччиқ, бошқа томондан аламли саволлар ҳам берилди.

Соат 10:41. Кириш сўз, маъруза тугади. Кун тартиби тасдиқланиб, муҳокамалар бошланди.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун бўйича сўзга чиққан сенатор паст ва юмшоқ овозда 10 дақиқача маъруза ўқиди. Бу вақт ичида залда ўтирган айрим қатнашчилар зерикаётгандай туюлади.

Хоразмдан сайланган сенатор Баҳодир Тожиев қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ва унинг аҳамияти ҳақида баланд овозда маъруза ўқиди. Залда фаоллашиш сезилгандай бўлди.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев савол берган сенаторга жавобан ер участкаларини хусусийлаштириш учун сотиш жараёни интернет-онлайн тартибда, очиқ ва шаффоф амалга оширилишига ваъда берди.

Сенат раиси қонунни овозга қўйишга чоғланаётган паллада Бош вазир ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров сўз сўраб, муҳокамадаги қонун бўйича ҳукумат қарашини билдирди. Қонун муҳокамаси пайтида ҳукумат вакиллари ўз ташаббуси билан камдан-кам ҳолларда сўз сўрайди.

Қандай масалалар кўриб чиқилиши, кимлар сўзга чиқиши, кимлар кимларга қандай саволлар бериши олдиндан белгилаб қўйиладигандай туюладиган, бунинг устига, шу тахлит кун бўйи давом этадиган йиғилишда ўтириш анча мураккаб.

Умуман, Сенат мажлисида қонунлар ўзига хос уч босқичда кўриб чиқилади. Дастлаб қонун ҳақида умумий маъруза ўқилади, ҳукумат вакилларига саволлар берилади, шундан сўнг муносабат билдириш учун сенаторларга сўз берилади. Кейин қонун овозга қўйилади.

Жараён ҳар доим бир хил, ўта расмий кайфиятда давом этиши одамни толиқтириб қўйиши мумкин.

Жамият ва давлат учун қонун қабул қилиш катта ҳодиса. Бу ҳужжатлар эртага юртни тараққий эттириши ё тўсиқ яратиши мумкин, шундай қонунлар борки, 10, 100 минглаб фуқаролар ишлайдиган соҳалардаги муҳитни, тартиб-қоидаларни ўзгартириб юбориши, яъни инсонлар ҳаёти ва тақдирига таъсир этиши ёки ҳеч нарсани ўзгартира олмаслиги мумкин. Шундай экан, қонун қабул қилиш ёки уни маъқуллаш ўта масъулиятли жараён, жиддий воқеа ҳисобланади...

Навбатдаги қонун овозга қўйилди. Айрим сенаторлар ўқиб турган газета ёки журнал саҳифасидан кўз узмасдан тўртта тугма ичидан «маъқуллаш» тугмасини топа олиши ва қарамасдан жуда аниқликда босиши кишини ҳайрон қолдиради.

Бу муносабат билдирувчи ҳаракатми ёхуд рефлексга ўхшаган, ўз-ўзидан рўй берадиган ҳаракатми, аниқ бир фикр билдириш қийин.

Кун тартибидаги масалалар бўйича сўзга чиққан барча сенаторлар олдиндан тайёрланган матнларни оғишмай ўқиб бергани, саволлар кичкина қоғозчалардан ўқилгани муайян хулосалар учун муҳим белги бўлиши мумкин.

Навбатдаги қонуннинг аҳамияти ҳақида сўз юритилаётган пайтда сенаторлар, давлат идоралари вакилларини кузатамиз. Бир сенатор бошқа бир сенатордан бошқотирмадаги қандайдир сўзни топишда ёрдам сўради...

Балконда бир қатор вазирлик ва идоралардан таклиф этилган ходимлар зерикиб ўтиргани уларнинг юз-кўзи, ҳаракатларидан кўриниб турибди, айримлари мудраб кетишдан зўрға ўзини тийиб тургандек туюлади. Уларни тушуниш мумкиндир, икки-уч соат вақтнинг асосий қисмида маърузалар сокин ва расмий оҳангда ўқиб берилаётган пайтда диққатни жамлаб ўтириш осон эмас...

Ялпи мажлисда муҳим қонунлар 80 га яқин ва ундан ортиқ овоз билан маъқулланди. Баъзи қонунлар маъқулланишига айрим сенаторлар бетараф қолди...

Тарихий ўзгаришлар сари дадил қадамлар ташлаяпмиз, сўз ва фикр эркинлиги халқу миллат истиқболи учун нақадар азиз экани билиняпти, бу йилги парламент сайловларидан катта ўзгаришлар кутиляпти, жуда яқин йилларда парламентдаги баҳс-мунозаралар чинакамига қизийди, шунда ҳеч ким зерикмайдиган бўлади...

Балконда шулар ҳақида ўйлаб, яхши ниятлар билан ўтирганимизда ялпи мажлисда тушлик учун танаффус эълон қилинди...

Қарашларимиз, фикрларимиз кимнидир ранжитган бўлса, узр сўраймиз.

 

Тўлқин Тўрахонов,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: