Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
30.04.2019

ҲАЙРАТЛАРИМ СУРАТИ

Охири. Бошланиши ўтган сонларда.

 

Хотима ўрнида

«Онадан туғилган пайғамбарлар ҳам»

Кўзга ташланмайдиган, кўзингга оддийгина, жуда ҳам оддий кўринган баъзи одамлар қалбида битмас-туганмас маънавият жавоҳирлари яширинган бўларкан. Қаҳрамоним оддий Сурхон қизи Тўфа Боймуродова ҳаётини ўрганганим сайин бунга имоним комил бўлди. Ҳақиқатан ҳам, инсон элу юртига чиройли сўзию пардозу андози билан эмас, амаллари билан таниларкан. Қаҳрамонимни адолат, ҳақиқат учун курашувчан, мақсади йўлидан қайтмайдиган, жасоратли, кучли бир шахс сифатида кашф этдим. Бундай ишларга менинг ҳам ғайрат-шижоатим етармиди, бардош бера олармидим, дея у бошидан кечирган синоатларни ўзимда, бошқаларда хаёлан синаб кўрмоқчи бўламан, лекин аниқ жавоб топа олмайман... Демак, бунинг учун фақат Тўфа Боймуродовага ўхшаган шахс бўлиши керак, чоғи.

Кўз олдимдан яна унинг хайрли ишлари кино лентасидай ўта бошлайди...

Тошкентдан юк машинасига юзлаб анвойи гуллар, манзарали дарахтлар кўчатларини ортиб, ҳайдовчи ёнида ўн соатлаб йўл босиб, Музработга етиб келмоқ, қабристонга кўчатларни ташимоқ, экмоқ, бу юмушларга дўсти-биродарларини чорлаб ёрдам уюштирмоқ... Баъзида нақ пахтазорларни суғориб юрган мироблар каби иссиқ қайтиб, ой чиққанда қабристонга эккан кўчатлари оралаб суғориб юришлари, буни кўрган ҳамқишлоқларининг «Одам қабристонга кундузи йўлашга чўчийди-ку, Тўфа тунда қўрқмасмикан», деган хавотирлари, танбеҳларига эътибор бермаслиги... Опаси Тўхтанинг «Қабристонга экканларимиз қуриб-қақшаб кетибди, сув йўқ, нима қилай» дея синглисига қилган қўнғироқларига жавобан Тўфа Тошкентдан туриб, чўнтагидаги борини қоқиб-суқиб, алоқа йўллари орқали Музработга жўнатаркан, «Тезроқ сув сотиб олиб, кўчатларни суғоринглар», дея қилган илтижоларини эшитаётгандай бўламан...

«Шу дорини топиб келмасангизлар, поччангизнинг яшаб қолишига умид кам», дейишганда Музработ шифохонасидан ярим тунда отилиб чиқиб Термизга, ундан Бойсунга, Бойсундан яна Музработ дорихоналарини кезиб, айтилган дори-дармонни ўз вақтида етказиб келиб, шифокор қўлига топшириш билан толиққан, хорғин Тўфанинг бирдан ҳушидан кетиб қолишида фидойиларнинг фидойиси бўлган меҳрибон инсонни кўраман...

Қай бирини айтай, қай биридан сўзлай?!... Унинг ҳаётида бундай хайрли, саховатли воқеалар беҳисоб.

Саховат дегани нима, саховатпеша, яхши инсонлар деб кимларни биламиз?! Саховатпешалик ҳам назаримда истеъдодга ўхшаган камёб хислат, илоҳий неъматдир. У ички, руҳий комиллик, етуклик, пирликдир...

Қабристонларга мақбаралар, шийпонлар қураётган, ногиронлар, муҳтожларни мунтазам йўқлаб турадиган, ҳатто етим-есирлар учун махсус иморатлар қуриб бераётган саховатнинг минг бир йўлларида хайрли ишлар қилаётган минг бир ватандошларимиз билан фахрланамиз. Шуни айтиш керакки, уларнинг аксарияти ўзига тўқ, фаровон яшаётган ва ўз эҳтиёжларидан ортиғини саховат йўлига сарфлаётган одамлар.

Дунё миқёсида оладиган бўлсак, саховат йўлидаги буюк хизматлари учун Нобель мукофотига сазовар бўлган Она Тереза ёки «Меҳр маликаси» номи билан донг таратган ва у ҳам Нобель мукофотига тавсия этилган малика Диана каби қанчалаб шахслар бўлганки, улар қилган хайрли ишлар ҳамон тилларда достон. Лекин бу саховатпеша инсонларнинг беҳисоб ҳомийлари бўлган.

Тўфа Боймуродованинг-чи?! Ундан қабристонга бахшида қилган сарф-харажатларни қаердан олгансиз, дея сўраганлар ҳам бўлган. Одатда саховат учун сарфланган маблағ ҳақида айтиш одобдан эмас. Ўнг қўл кўрсатган саховатни чап қўл билмасин, дейишади, пири комилларимиз. Тўғри, у бадавлат эмас. Шунинг учун ҳам унинг эҳсонлари манбаини билишга қизиқувчилар бордир. Уларга бир сирни очмасам бўлмас. У умр бўйи ҳалол меҳнати орқасида бир бошпанага эга бўлиш учун йиғиб юрган, тишининг кавагида асраган маблағини қабристон ободончилиги учун сарфлаб юборди. Ҳозирда у ижара уйда яшайди. У ҳам тўкин-сочин, фароғатда яшашни, сайру саёҳатлар қилишни, Маккаю Мадинани зиёрат қилиб қайтишни, эл қатори кичкина бўлса ҳам бир енгил машина сотиб олиб, юртдошлари, қариндош-уруғлари ҳузурига Музработга ҳайдаб кириб боришни орзу қилганди... Буни қарангки, онаизори ётган қабристонни обод қилиш, яшнатиш иштиёқи ҳамма орзуларидан устун келди. Ваҳоланки, йиққан маблағлари ҳамма орзу-ҳавасларига етиб-ортарди. Мен унинг шахсига, имони-комилига ана шу нуқтаи назардан қарайман. Қабристонга онаси номини бериш ҳақидаги халқ қарорини бекор қилишгандан кейин ҳам у бу муқаддас даргоҳни ободонлаштириш ишларидан бир дам тўхтамади. Демак, у онаси номи учунгина эмас, балки хотира гўшасини гуллаб-яшнатиш, эл-юрт ғами, ташвишини енгиллаштириш учун яшашдан муроди ҳосил бўлганди...

Тўғри, у қабристонни гулу кўчатлар экиб, сув омборлари қуриб, сув ости қувурлари ўтқазиб, бу масканни қанчалик гуллаб-яшнатмасин, марҳумларга жон ато этолмаслигини билади. Лекин у марҳумларни бағрига олган она тупроққа жон ато этмоқчи. Бу тупроқда гуркираган боғлар яратмоқчи. Бу боғу эрамлардан ўтганлар ҳам, уларни йўқлаб келаётганлар ҳам баҳраманд бўлишига ишонади. Буни қаранки, яхши одамларни кўролмайдиганлар ҳам бўларкан. Ўйлаб ўйимга етолмайман. Уларнинг қулоғига эй, биродар, бир қавминг қабристонни обод қилишга киришган экан, фахрланмайсанми?! Ғафлат уйқусидаги улусини уйғотиб, ҳидоят йўлига бошлаган экан, рози бўл, ахир! Аёл боши билан баъзи эр йигитлар қилолмаётган ишларни дўндираётганидан ибрат олмайсанми, дегинг келади...

Қарама-қаршиликлар, тўсиқлар фиғони авж олган пайтларда Тўфага чекинишни маслаҳат берганлар ҳам бўлди. Орзу-ният, мақсад йўлларидан орқага қайтиб бўладими?! Шундай одамлар борки, орзу-мақсадлар сари курашаётиб, умри поёнига етиб қолганини ҳам сезмай қоладилар. Улардан бу ҳолатга ачинмайсизми, деб сўрасангиз, нега ачинай, мен умри зое кетганларга ачинаман. Армонларим ушалди, мақсадимга етдим, бундай умрнинг садақаси кетсанг арзийди, дейишади. Тўфа Боймуродова ҳам ана шундай инсонлар тоифасидан. Қаҳрамонимнинг мана шу жиҳатлари мени ўзига мафтун этди.

Тўфа Аллоҳим, онаизори ҳузурига ёруғ юз билан борадиган бўлди. Фарзандлик бурчини бу қадар олий мақомда намоён этмак эл-юртимиз фарзандларига ибрат бўлсин. Сафар мобайнида Музработ туманининг ўнлаб оқсоқоллари, фаоллари билан учрашдим, суҳбатларида бўлдим. Тўфа номи дуоларга тушгани бежиз эмас экан. Юртдошлари, жигаргўшалари унга тоғдек суяниб, фахрланиб яшаётганлари бежиз эмас экан...

Қаҳрамоним ҳақидаги ҳикоям охирлаб қолди. У ҳозир 55 ёшда. Ўрта маълумотли. Бир йилдан буён Тошкент шаҳри «Фарҳод» бозори биқинида жойлашган мўъжазгина новвойхона бекаси, кичик тадбиркор. Қўл остида олтита ишчи бор. Унинг куч-ғайрати, шижоатини кузатиб, каттагина корхоналарни бошқара олиш салоҳиятини сезасан. Менга иш беринг, иш буюринг, вазифа топширинг ва ёрдамлашинг, қўллаб-қувватланг, ишончингизни оқлаганим бўлсин, деяётганга ўхшайди...

Буюк Ўзбекистонимизнинг буюк келажагини мана шундай қалби ловуллаб турган, оташнафас инсонлар яратади. Халқимиз шуларга ишонади, шулардан ўрганади, шуларга эргашади. У билан яқиндан танишиб, янги дунё очгандек, янги камоли бир инсонни кашф этгандек бўлдим. Тўфалар замонамиз бунёдкорлари, замонамиз қаҳрамонлари. Журналистик фаолиятимдаги энг ноёб топилмам, қаҳрамоним билан фахрланаман. Ундан Сурхон воҳасининг ўзига ўхшаган ҳаётни янгидан яратувчи, яшнатувчи бунёдкор хотин-қизларнинг нафаси келиб турибди. Унинг курашчан ғаройиб ҳаёти мени ҳайратларга солди. Ёзганларимни шу ҳайратларим сурати сифатида қабул қилинг. Суратим унга айнан ўхшадими, ўхшамадими, билмадим. Мен рассом эмасман. Рассомлар портрет яратаётганларида ҳар хил бўёқлардан фойдаланадилар, бадиий эҳтиросларга бериладилар...

Мен Тўфа Боймуродова билан боғлиқ айни ҳақиқатлар суратини чизишга интилдим. Чунки мен журналистман. Журналист кўрган-кечирганлари, эшитган, билган ҳақиқатларидан бир қадам ҳам нари-берига силжий олмайди.

Қаҳрамоним ҳаёти билан яқиндан танишганим сайин бир нарсага яна ва яна иқрор бўлдимки, ҳақиқат эгилар экан, букилар экан ва ҳатто йиқилар экан, лекин синмас экан. У сувда чўкмас, оловда ёнмас, инкор этиб бўлмас хилқат экан. Бу мен билган ҳақиқатлар эди.

 

Дилбар Маҳмудова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: