30.04.2019

ОКСФОРД, МАДРИД, ХОФСТРА, КАРЛОВО

университетлари олимлари Ўзбекистон Миллий университети талабаларига дарс ўтмоқда

Кейинги йилларда дунёнинг энг рейтинги баланд бўлган олий даргоҳларида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар Ўзбекистонга келиб, турли олий ўқув юртларида талабаларга сабоқ бермоқдалар. Ўтган йили дунё рейтингида 100 таликка кирадиган АҚШнинг Хофстра университетидан келган Александр Наймарк Марказий Осиё археологияси ҳақида, Чехиянинг Карлово университетидан келган профессор Анна Августинова археологияда географик ахборот тизимлари фанидан талабаларга сабоқ берганди.

Хесус Хил Фуенсанта — мадридлик олим. У яқинда Ўзбекистон Миллий университети тарих факультетининг археология йўналишида ўқиётган 1-2-курс талабаларига инсон эволюцияси ва олд тарих фанидан маърузалар ўқиди ва амалий машғулотлар ўтди.

— 2018 йили Испаниянинг Мадрид автоном университети ходимлари билан археология йўналиши бўйича тажриба алмашишга келишган эдик, — дейди ЎзМУ тарих факультети декани ўринбосари Отабек Мўминов. — Бу таълим даргоҳи дунё рейтингида 186 ўринда туради. Ўшанда жаноб Хесус талабаларимизга археологик давлат тадқиқотлари ва топилмаларига ишлов бериш фанидан дарс берди. 2019 йил апрель ойида эса Мадрид автоном университети ва Ўзбекистон Миллий университети ўртасида 2021 йилгача мўлжалланган шартнома имзоланди ва жаноб Хесус яна талабаларга сабоқ беришга келди. Шартномада талабалар алмашинуви, испан археологларини археологик тадқиқотларга жалб қилиш ҳам кўзда тутилган. Кафедра аъзолари билан яқиндан танишган олим ёш ўқитувчимиз Ҳикматжон Фармоновга илмий раҳбар бўлди. PHD диссертациясини ёқлаш учун мавзу берди.

Хесус сентябрь ойида яна Ўзбекистонга қайтади. Қаршининг энг қадимги ўрнида жойлашган Эрхурмо ёдгорлигида факультетимизнинг археология кафедраси профессор-ўқитувчилари ва талабалари Мадрид Автоном университети профессор-ўқитувчилари билан биргаликда 5 ҳафталик халқаро археологик дала тадқиқотларини ўтказишади.

Айни дамда тарихнинг манбашунослик фани бўйича дунё рейтингида биринчи ўринни эгаллаб турган Буюк Британиянинг Оксфорд университетидан ташриф буюрган олим дарс бермоқда. Улар 3 ой давомида талабалар билан бирга бўлади.

Бундай ҳамкорликлар ўз-ўзидан яхши самара беради, талабаларимизнинг тил ўрганишга бўлган қизиқишини янада оширади. Хорижий ўқитувчилар бераётган сабоқ туфайли талабаларимиз турк, испан ва инглиз тилларини ҳам ўзлаштириб боришаяпти.

 

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА,

ЎзМУ журналистика факультети талабаси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: