Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
23.04.2019

НОЁБ ҲУЖЖАТЛАР ХАЗИНАСИ

ХIX асрнинг 60-йилларидан ҳозирги давргача бўлган хаққоний тарихни ўзида акс эттирган

XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ҳудудида суратга олиш, кинематография ва овоз ёзиш техник воситаларининг тарқалиши муносабати билан янги турдаги манбалар пайдо бўла бошлади ва 1943 йилда Тошкент шаҳрида кинофотофоно ҳужжатлар марказий давлат архиви ташкил этилди.

Ўзбекистон тарихи, миллий, оилавий, диний урф-одатлар, байрамлар, халқ оғзаки ижоди намуналари ҳамда куй ва қўшиқ ижролари, рақслар, ҳунармандчилик ва санъат намуналари, XIX асрдаги ҳунармандларнинг иш услублари, театр труппаларининг кўчалардаги илк чиқишлари, инсонларнинг кийиниш ва безаниш маданияти, меъморчилик ва ёдгорлик намуналари архивда сақланаётган кинофотофоно ҳужжатларда акс этган.

Бундан ташқари, архивда Ўзбекистон ва Туркистон ўлкасининг ХIX асрнинг 60-йилларидан то ҳозирги давргача бўлган ҳаққоний тарихини ўзида акс эттирган ноёб ҳужжатлар йиғилган. Фотоҳужжатларда маҳаллий ҳокимият вакиллари, суд органлари фаолияти, Қўқон хони ва Бухоро амирининг халқаро муносабатлари ва алоқалари, мусулмон дини ва турмуш тарзини, фан ва маданият арбобларининг Ўзбекистонга ташрифлари ва ўзбек вакилларининг бошқа республикаларга сафарлари акс этган. Шунингдек, саноатнинг ривожланиши, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва алоқалар, яъни вокзал биноларининг кўринишлари, Тошкент темир йўли, Тошкентда Туркистон почта-телеграф хизматлари, савдо-сотиқ жараёнлари, газлама, дўппи, сопол идиш савдо дўкончалари, Самарқанддаги Регистон майдонидаги расталар, Андижон, Бухородаги бозорларнинг умумий кўринишлари тасвирланган. Бундан ташқари, архивда Ўзбекистон ҳудудида яшаган хотин-қизларининг ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи суратлар ҳам мавжуд.

Фотоҳужжатларда санъат ва маданиятнинг, миллий халқ ҳунармандчилиги янги турларининг яратилиши ва уларнинг ривожланиши, таниқли уста ва ҳунармандларнинг оилавий шажаралари, иш жараёнлари, халқаро кўргазмалардаги иштироклари ҳамда ютуқлари, халқаро танловлардаги ғалабалари, шогирдларга ўз маҳоратларини ўргатиш чоғи, ҳунармандчилик мактабларининг яратилишини кўришимиз мумкин.

Архивнинг кино ва сурат ҳужжатларида Иккинчи жаҳон уруши давридаги республика ҳаёти, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фронтдаги қаҳрамонлиги, фронт орқасида ўзбек халқининг етим болаларни асраб олиш, мамлакатга завод ва фабрикаларнинг эвакуация қилиниши, меҳнаткашларнинг митинглари, кўнгиллиларни фронтга кузатиш каби тарихий жараёнлар тасвирларини кўриш мумкин.

Урушдан кейинги даврларда республика ривожи, яъни, халқ хўжалиги тармоқлари, энергетика, ёқилғи саноати, металлургия, машинасозлик, станоксозлик, асбобсозлик саноати, транспорт ва алоқанинг ривожланиши тасвирланган кино, сурат сингари ҳужжатлар юртимиз тарихини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.

Архивда сақланаётган киноҳужжатлар таниқли операторлар Малик Қаюмов, Даврон Салимов, Шер Зоҳидов, Исай Гибалевичлар томонидан тасвирга олинган бўлиб, улар нафақат ахборот манбаи, балки ёш киношунослар ҳамда муқобил соҳа вакиллари учун ҳам катта мактабдир.

Овозли ҳужжатлар магнит лента ва грампластинка кўринишида бўлиб, улар Ўзбекистонда яшаб, ижод этган композиторларнинг асарлари, халқ мусиқалари, шеърий, насрий ва драматик асарлар, таниқли қўшиқчиларнинг чиқишлари, халқ бахшиларининг ижроси, аския санъатининг намуналари, халқ ижрочиларининг, жумладан, Тамарахоним, Фароғат Раҳматова, Мукаррама Турғунбоева, Назира Аҳмедова, Таваккал Қодиров, Маъмуржон Узоқов, Юнус Ражабий ва бошқа таниқли тарихий шахсларнинг овозли ёзувларидан иборат. Театр спектаклларидан инсценировкаларда Наби Раҳимов, Обид Юнусов, Сора Эшонтўраева, Ғани Аъзамов каби эл таниган ва севган театр дарғаларининг овозлари муҳрланган.

Бугунги кунда архив ҳужжатларини сақлаш учун зарур шароитлар яратилган. Сақловхоналарни махсус ҳаво тортувчи вентиляция ва кондиционер, ёнғин хавфсизлиги мосламалари ва қўриқлаш тизими билан жиҳозлаш шулар жумласидандир. Ҳужжатларнинг умрини узайтириш мақсадида уларга консервацион-профилактик ишлов бериш, зарур ҳолларда уларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ахборот технологиялари инсон ҳаётининг барча соҳалари, жумладан, архив муассасалари фаолиятини ҳам қамраб олди. Архив ҳужжатларини электрон кўринишга ўтказиш уларнинг тезкор қидирув тизимини ташкил этиш, нусхаларни фойдаланувчиларга тақдим этиш каби ишларни сифатли амалга оширишда ўз самарасини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси кинофотофоно ҳужжатлари Марказий давлат архиви ҳужжатлари мамлакат тарихини ўрганиш ва илмий тадқиқотлар учун бой манба бўлиб хизмат қилади.

 

Умида АКРАМОВА,

Кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архиви фондлар бош сақловчиси,

Зулфия СУЛЕЙМАНОВА,

Кинофотофоно ҳужжатлари Марказий давлат архиви бўлим мудири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: