Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
16.04.2019

ДИНИЙ ВА ДУНЁВИЙ ТАЪЛИМ ЙЎНАЛИШЛАРИНИ ЎЗИДА МУЖАССАМ ЭТГАН АКАДЕМИЯ

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ушбу олий таълим муассасасининг фаолияти, олиб борилаётган ишлар, келгусидаги режалар борасида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда академиянинг профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирда таълим муассасасининг илмий салоҳияти, яратилган шарт-шароитлар, қадимий қўлёзма манбалардан фойдаланиш имконияти, бой маънавий меросни ёшлар қалбига сингдириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Президентимизнинг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан ташкил этилган.

Бугунги кунда академияда ҳам диний (Қуръони Карим, ҳадиси шариф, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, ислом тарихи, манбашунослиги ва фалсафаси, диншунослик), ҳам дунёвий (халқаро муносабатлар, хорижий тиллар, зиёрат туризми ҳамда мумтоз шарқ адабиёти) таълим йўналишлари бўйича бакалавр, магистр ва докторантлар тайёрланмоқда. Шунингдек, таълим муассасасида исломшунослик, мумтоз шарқ филологияси, ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факультетлари фаолият юритмоқда.

Академия таркибий жиҳатдан ўзига хос хусусиятга эга. Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази, ислом дини ва маданияти, миллий мероси, қадимий анъаналарни ҳар томонлама ўрганиш, мавжуд манбаларни тадқиқ ва нашр қилиш, замонавий диний жараёнларни илмий таҳлил қилиш ва тегишли таклиф-тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган. «Манбалар хазинаси» бўлимининг қўлёзма ва тошбосма китоблардан иборат фонди асосан аҳоли қўлида сақланаётган тарихий, ноёб китобларни сотиб олиш эвазига бойиб бормоқда. Бугун фондда 500 нусхага яқин қўлёзма, 1500 нусхага яқин тошбосма, ўн минг нусхадан ортиқ замонавий китоб сақланмоқда. Манбалар ичида Қуръон ва ҳадис илмлари, тасаввуф, мантиқ, балоғат илмлари, шунингдек, табиий фанларга оид математика, астрономия, геометрия ва тиббиёт каби соҳаларга тааллуқли китоблар бор.

— Ўзбекистон халқаро ислом академияси бой ресурсларга, кенг имконият, илмий салоҳият ва инфратузилмага эга, — дейди академия ректори Шуҳрат Ёвқочев. — Шу маънода келгусида фаолиятимизни янада ривожлантириш учун халқаро ҳамкорлик масалаларига катта эътибор бермоқдамиз. Хориждан фақатгина талабалар эмас, профессор-ўқитувчилар ҳам жалб этилмоқда. Айни пайтда Миср, Туркия, Буюк Британия, Қозоғистон, Индонезия, Япония ва Россия олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик бўйича 14 ҳужжат имзоланган. Улар асосида талабалар алмашинуви, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, халқаро конференция ва семинарлар ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Яна шуни айтиш мумкинки, хорижликлар томонидан академияга бўлаётган қизиқиш ортиб бормоқда. Сўнгги йилда академияга Европа, Америка, Австралия, Африка ва Осиё қитъаларининг йигирмага яқин давлатидан 30 дан зиёд делегацияси ташриф буюрди. АҚШ, Туркия, Миср, Марокаш, Буюк Британия, Малайзия, Саудия Арабистони, МДҲ давлатларида ўтган нуфузли конференция ва тадбирларда таълим муассасаси вакиллари иштирок этишмоқда.

Бундан ташқари, уч нафар хорижлик профессор-ўқитувчи ўқув жараёнига жалб қилинди. Хусусан, япониялик Кеничи Тезука информатика ва ахборот технологиялари бўйича, мисрлик Магди Заъбал ва Убайд Абдулжаввад араб тилидан таълим бериб келмоқда. Шунингдек, академияда Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Хажжар, АҚШнинг Глобал муносабатлар институти фахрий президенти Крис Сайпл, Венгриянинг Э.Лоранд номидаги Будапешт университети доктори Бенедек Пери каби мутахассислар талабаларга маъруза ўқиди.

Тадбирда хорижлик талабаларни кўпроқ жалб этиш, академиянинг халқаро миқёсдаги ўрни ва ролини ошириш, чет эл кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмалар ва тошбосма асарлар орқали «Манбалар хазинаси»ни мунтазам бойитиб бориш зарурлиги тўғрисида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: