29.12.2018

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ТОЖИКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН ТЕЛЕФОН ОРҚАЛИ МУЛОҚОТИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, эзгу тилаклар билдирдилар.

Кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари ва аниқ лойиҳалари, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари ривожи ғоят жадал суръат касб этгани ҳамда стратегик шериклик даражасига кўтарилгани алоҳида қайд этилди.

Бунга, аввало, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг жорий йилда бўлиб ўтган тарихий давлат ташрифлари якунларида эришилган келишувлар асос бўлди.

Ўзаро визасиз тартиб жорий этилди, давлат чегараларидаги барча ўтиш пунктлари фаолияти қайта тикланди. Чегарадош ҳудудлар ўртасида мунтазам алмашувлар йўлга қўйилди.

Бош вазирлар раислигида қўшма Ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритмоқда.

Давлат раҳбарлари икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ошганини мамнуният билан қайд этдилар. Электр энергияси ва табиий газни барқарор етказиб бериш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик амалга оширилмоқда, ўзаро автомобиль қатнови ва авиапарвозлар мунтазам йўлга қўйилди.

Президентлар маданий-гуманитар мулоқот изчил кенгайиб бораётгани, Ўзбекистон ва Тожикистонда ўтказилаётган турли тадбирларда мамлакатларимиз ижодий жамоаларининг мунтазам иштирок этаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Тошкент ва Душанбеда «Дўстлик кечалари» муваффақиятли ўтказилгани мамлакатларимиз ва халқларимиз маданий ва маънавий яқинлигининг ёрқин ифодаси бўлди. Душанбе ва Самарқандда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкаллари ўрнатилди.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари фаровонлиги йўлида бундан буён ҳам кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.

Мулоқот сўнггида Президентлар яна бир бор бир-бирини табриклаб, Янги йилда қардош халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

 

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: