Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
25.12.2018

БИТТА ОДАМНИНГ ИШЛИ БЎЛИШИ ЎНТА МУАММОНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Боймурод ЮСУПОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:

— Мамлакатимиз Президенти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қи­линганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида аҳо­ли бандлигини таъминлаш ва ишсизликни камайтириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган зарур чоралар кўришимиз лозимлигига алоҳида эътибор қаратди. Бугунги кунда меҳнат бозорини ўрганиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан бирга иқтисодиётнинг реал секторидаги талабни 10-15 йил олдин прогноз қилиб, шунга қараб мутахассис тайёрлаш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

Маърузада меҳнат бозорини ўрганиш, ҳақиқий ишсизлар сонини аниқлаш, иқтисодиётнинг норасмий секторида аҳоли бандлигини ўрганиш, хорижга иш қидириб кетганларни сонини аниқлаш каби ҳақли ва адолатли саволлар ўртага ташланди.

Маълумки, партиямизнинг Сайловолди дастурида меҳнатга лаёқатли аҳолининг муносиб ҳақ тўланадиган иш топишга интилишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва тадбиркорлигини рағбатлантириш, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта биринчи иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-ша­роитларни яратиш белгиланган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини йўлга қўйиш мақсадида ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Шунга мувофиқ тарзда амалий Ҳаракат дастурида Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан 2015-2019 йилларда назорат-таҳлил фаолияти доирасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитиш йўл­га қўйилди.

Бу жараёнда меҳнат бозорида вазият мураккаб бўлган туман ва шаҳарлар рўйхатини аниқлаш, хизматлар соҳасини ривожлантириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун «старт-ап» лойиҳаларини амалга ошириш, «Ҳар бир оила — тадбиркор» ҳамда «Ёшлар — келажагимиз» давлат дастурлари доирасида сезиларли ишлар амалга оширилишига эътибор қаратилди. Партиянинг маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда тижорат банклари томонидан фуқароларга ўз ишини йўлга қўйиш учун микрокредитлар ажратиш ҳажмини янада ошириш борасидаги ишларнинг аҳволини ўрганди. Шу асосда партиямиз гуруҳлари ташаббуси билан 37 та масала махаллий Кенгашларнинг сес­сияларида муҳокама қилинди ва мутасаддиларнинг 20 дан ортиқ ҳисоботлари эшитилди.

Аммо, бу ишларнинг аксарияти Кенгашлар иш режасида олдиндан мавжуд бўлган масалалардир. Электорат манфаатларига дахлдор масалаларни вакиллик органлари муҳокамаларига олиб чиқишда партия гуруҳларининг ташаббускорлиги сезилмаяпти.

Бу борадаги ишлар етарли даражада мувофиқлаштирилмаганлиги натижасида мамлакатимиз фуқароларининг чет элга норасмий равишда иш қидириб чиқиб кетиш ҳолатлари давом этиб, бугунги кунда юртдошларимизнинг 1,3 миллионга яқини Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркия ва бошқа мамлакатларда норасмий меҳнат фаолиятини юритишмоқда.

Норасмий меҳнат миграцияси, Ўзбекистон билан бошқа мамлакатлар ўртасида келишувнинг йўқлиги, фуқароларимизнинг хорижий давлатларда ҳуқуқлари бузилиши, жумладан, иш ҳақини ололмаслиги, зарур вақтда тиббий хизматдан фойдалана олмаслик, яшаш шароитлари ва хавф­сизлиги таъминланмаслигига сабаб бўлмоқда. Бу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш, меҳнат миграция­сига доир халқаро алоқаларни ривожлантириш мақсадида Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Қонунга кўра, фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш бўйича фаолият билан эндиликда Ташқи меҳнат миг­рация­си агентлиги билан бир қаторда хусусий бандлик агент­ликлари ҳам шуғулланиши мумкин. Қонунда иш қидираётган шахс­ларни чет элда ишга жойлаштириш бўйича хусусий бандлик агентликлари фао­лия­тини тартибга солувчи меъёрлар белгиланди.

Бундан ташқари, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш, меҳнат миграциясига доир халқаро алоқаларни ривожлантириш мақсадида Корея, Япония, Польша, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар билан алоқалар ўрнатиш бўйича келишув битимлари тузилмоқда.

Шу билан бирга, бандлик соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда ҳалигача эскирган иш шакллари ва услубларидан фойдаланилмоқда. Меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш ҳоллари сақланиб қолмоқда. Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга юзаки ёндашув ҳолатлари учрамоқда.

Касб-ҳунар коллежлари касб­лар бўйича қуруқ диплом берадиган даргоҳга айланиб қолганлиги айни ҳақиқатдир.

Республиканинг меҳнат бозоридаги вазият мураккаб бўлган туманларда ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда. Квоталанган иш ўринларига ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган фуқароларни заҳираланган иш ўринларига тўлиқ ишга жойлаштирилишини таъминлашда муаммолар мавжуд. Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларида жойларда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кенг жамоатчилик ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва жавобгарлик механизмларидан яхши фойдаланилмаяпти.

Президентимизнинг 2017 йил 6 майдаги ПҚ-2960 сонли қарорига мувофиқ аҳолини иш билан таъминлаш жараёнининг самарадорлигини ошириш учун маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулияти оширилиши белгиланган эди. Аммо кузатишлар шундан гувоҳлик бермоқдаки, бугунги кунда бу тизим самарали ишламаяпти. Мисол учун, янги ташкил этилган бар­қарор иш ўринлари сонининг меҳнат бозори талабларига мос келмаслиги мувозанат бузилишига, республикамизнинг айрим минтақаларида ишсизлик даражасининг ошиб кетишига, ноқонуний меҳнат миграцияси ва норасмий бандликнинг ўсишига олиб келмоқда.

Бу муаммоларни бартараф этиш учун нима қилишимиз керак?

Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини тубдан кучайтириш талаб этилади. Бунинг учун биринчи навбатда маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари иш самарадорлигини тубдан ўзгартиришимиз лозим бўлади.

Меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларни ишга жойлаштиришни таъминлаш, аҳолини мавсумий ишларга жалб этиш ишлари етарли даражада олиб борилмаяпти. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси вақтинчалик банд бўлмаган аҳолининг мавсумий ишларда иштирок этишини молиялаштириш ҳисобланади. Аммо бу борада амалга оширилаётган ишлар кутилганидек эмаслиги жойлардаги ўрганишларда аён бўлмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ишсизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш ўта долзарб вазифалардан бирига айланди. Бу ишга жиддий ёндашишимиз, эртага муаммолар янада кўпаймаслиги учун бугун астойдил ҳаракат қилишимиз зарур.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: