Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
20.12.2018

БАҲОНИНГ «БЕБАҲО» БАҲОСИ

Рустам ХОЛМУРОДОВ, Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор:

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш ҳақида матбуотда ўқиб, мутахассис сифатида мени ва ҳамкасбларимни ўйлантириб келаётган олий таълимдаги баъзи бир масалалар ҳақида фикр юритдим.

Олий таълим тизимида олиб борилаётган таълим-тарбия ишларининг самарадорлиги мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижадорлигини таъминлайдиган асосий омиллардандир.

Кейинги икки йилда олий таълим тизимида бизнинг кўнглимизни тоғдек кўтарадиган бир қатор ишлар бошланди. Ҳеч шубҳасиз, қабул қилинаётган қарорлар, фармонлар ва ишлаб чиқилаётган низомлар олий таълимнинг сифатини таъминлашга қаратилган.

Президентимизнинг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳам таълим сифатини тизимли равишда яхшилаб боришни таъминлайдиган аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Олий таълимдаги ислоҳотлар, айниқса, кейинги икки йил ичида қабул қилинган «йўл хариталари», таълим сифатини кўтаришга қаратилган қатор чора-тадбирлар олий таълимни оёққа турғазишга асос бўлмоқда. Хусусан, ўқув режаларини тубдан такомиллаштириш, фан дастурларини истеъмолчилар ва мукаммаллашиб бораётган ижтимоий-иқтисодий соҳалар талабига тўла мувофиқлаштириш зарурияти пайдо бўлмоқда. Айниқса, ўқув жараёнининг адабиётлар билан қай даражада таъминланганлиги ва бунда хорижнинг етакчи олий таълим муассасалари тажрибасини инобатга олиш, таълимнинг инновацион усулларини ўрганиш ва амалда татбиқ этиш, профессор-ўқитувчиларнинг хорижда малака ошириш ва турли муддатлардаги стажировкасини таъминлаш, хорижнинг етакчи профессорларини университетларимизга таклиф қилиб, маҳорат дарслари ташкил этиш, хорижий университетлар билан ҳамкорликни шаклан ва мазмунан кенгайтириш каби масалалар долзарб вазифалар этиб белгиланди.

2018-2019 ўқув йили учун талабалар қабул қилишнинг янги тартиби амалга оширилаётгани ислоҳотларнинг ташкилий ва сифат жиҳатидан жуда катта, залворли қадами бўлди. Таъкидлаш керакки, янги ўқув йили бошланиши билан, биринчи дарслардаёқ ўтган даврда қабул қилинган талабалар билан бу йилгисининг фарқи яққол кўзга ташланди.

Яқинда эълон қилинган «Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисида»ги Низом ҳар жиҳатдан мукаммал меъёрий ҳужжат бўлиб, унинг тўлақонли ижроси таъминланса, олий таълим сифатини жиддий кўтариш имконияти яратилади.

Бироқ, амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирлар қаторида яна бир муҳим омил борки, менинг назаримда, уни эътиборга олмасдан мавжуд муаммони ҳал этиш амримаҳол. Мамлакатга бугунги кунда ва яқин келажакда олий таълимнинг сифатли натижаси зарур. Президентимиз куни кеча мамлакатимизда замонавий кадрларга эҳтиёжни таъминлаш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига бағишланган йиғилишда алоҳида таъкидлаганидек, замон талаби, ислоҳотлар шиддатига мос кадрлар тарбиялашимиз керак. Келажагимиз, эртанги кунимиз бу масалани бугун қандай ҳал қилишимизга боғлиқ.

Давлат раҳбари томонидан вазифа аниқ қўйилмоқда. Энди бош масала бу йўлдаги муаммоларни бартараф этишдан иборат.

Бу масалани мен «баҳонинг баҳоси» деб номлаган бўлардим. Бу муаммони тушуниб етиш учун олий таълим тарихига назар солмай иложимиз йўқ. Муаммонинг илдизлари шунчалик узоққа бориб тақаладики, уни таҳлил қилмай, тегишли хулосалар чиқармай, зарурий ечимни топиб бўлмайди. Очиқроқ айтадиган бўлсак, гап ўқувчига, талабага, унинг меҳнатига, билимига номувофиқ, ошириб баҳо қўйиш ҳақида боряпти. Узоқ йиллардан буён (бир неча ўн йиллар давомида) ўқувчи ва талабанинг билим даражасини ошириб баҳолаш таълим муассасасининг ўзлаштириш кўрсаткичини ҳақиқатдан узоқлаштирди. Собиқ шўролар даврида ҳатто «контингентни сақлаб қолиш» деган бир ярамас тушунча бор эди. Вазирлик коллегияларида олий таълим муассасалари раҳбарларининг бундай кўрсаткич бўйича ҳисоботлари эшитилиб, айрим олий таълим муассасалари раҳбарларига жазо берилган вақтлар ҳам бўлган. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида бошланган бундай нотўғри сиёсат ўқитувчиларни талабалар билимини объектив баҳолашдан узоқлаштирибгина қолмасдан, олий таълим муассасалари маъмурияти билан ўқитувчилар ўртасида маълум зиддиятларга ҳам сабаб бўлди. У даврларда олий таълим муассасаси ўқитувчиси анча принципиал ва талабчан эди. Лекин узоқ йиллар давомида юқоридан ««2» баҳо қўйилмасин», деган талаб аста-секинлик билан ўқитувчиларнинг принципиал ва талабчанлигини «синдирди», уларнинг бундай ҳолатга кўникишларини шакллантирди. Таълим муассасаларида ҳақиқатдан йироқ, пуч ва ёлғон бўлган юқори ўзлаштириш кўрсаткичи бериш одатга айланиб борди ва таълимнинг «қўшиб ёзиш» варианти пайдо бўлди. Бу иллатнинг жамиятга зарари иқтисодий «қўшиб ёзиш»дан ҳам узоқроққа борадиган яширин шаклга кирди ва ундан қутилиш қийин кечмоқда.

1990 йилларга келиб, олий таълим муассасаларида қабул режалари қисқара бошлади. Бу эса, ўз навбатида, ўқитувчиларни ўзларининг контингентини сақлаб қолишга ундади, чунки талабалар сонининг қисқариши ўқитувчиларни тўлиқсиз штат бирликларига тушиб қолишига олиб келади ва уларнинг моддий аҳволига жиддий таъсир кўрсатади.

«Икки» баҳо қўймаслик ва бошқа бир қатор вазиятлар охир-оқибат якуний имтиҳонларда айрим ўқитувчиларнинг талабалардан таъмагирлик қилишларига олиб келди. 2000 йиллар бошларида қабул режасида муайян ўсиш бошланишига қарамай, ўтган ўн йилликларда талаба билимини баҳолашдаги бу жиддий камчилик сақланиб қолди ва энди бу усул қабулдаги камчиликларни хаспўшлаш механизмига айланди. Шундай қилиб, олий таълим муассасаларида ўтган 35-40 йил давомида шаклланган талабалар билимини баҳолашдаги номутаносиблик уларни мустақил билим олишдан совитди, китобга, кутубхонага мурожаат қилишдан қайтарди. Талаба «қўл учида», енгил-елпи, номигагина ўқишга мослашди. Бундай вазиятга муайян даражада ўқитувчи ҳам кўникди. Муаллим учун умумий билим даражаси саёз талабалар гуруҳида жиддий тайёрланиб дарс ўтиш эҳтиёжи ўз аҳамиятини йўқота бошлади. Айрим профессор-ўқитувчилар ўз устида умуман ишламай қўйди.

Хуллас, бугунга келиб талабанинг жорий билими баҳоси объективликдан йироқ бўлиб, «баҳо»нинг асл баҳоси пастлашиб кетди. Бундай салбий муҳит иқтидорли талабаларнинг ҳам тўлақонли таълим олиб, мамлакатнинг кадрлар элитасини тўлдиришларига жиддий тўсқинлик қилди.

Президентимизнинг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси асосида қабул қилинган янги «Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисида»ги низом айнан шу камчиликни бартараф этишга қаратилган бўлиб, уни олий таълим сифатини кўтаришда муҳим қадам, деб ҳисоблайман.

Якуний баҳолашнинг дарс ўтган муаллим иштирокисиз ўтказилиши аста-секинлик билан талаба билими даражасини баҳолашнинг объективлигини таъминлайди. Низом, том маънода, ўқитувчи фаолиятига нисбатан талабни ошириш механизмини яратади ва шу тариқа унинг педагогик масъулиятини ҳам оширади.

Талаба билимини объектив баҳолашни тарихан бузилган ҳолатидан бугунги талаб ва меъёрга тўлақонли қайтариш олий таълим ислоҳотининг ҳал қилувчи омили бўлади. Лекин бу ислоҳот омиллари ичида талаба билимини баҳолаш энг оғриқлиси ва жиддий қаршиликка учрайдигани бўлгани учун уни биргалашиб енгмасдан туриб, таълим сифатини ошириш, ўқув режаларини мукаммаллаштириш, янги педагогик технологияларни жорий қилиш, хорижлик профессорларни таклиф этиш ва бошқа омиллар самарадорлигига эришиб бўлмайди. Захирадаги бу муҳим омилни ҳам ишга сола олсак, Президентимиз саъй-ҳаракатларининг натижаларидан бири сифатида нисбатан қисқа муддатда олий таълим сифатини юқори даражага кўтариб, биз ҳавас билан қарайдиган хорижий етакчи университетлар қаторидан муносиб жой олишимизга ишончим комил.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: