Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
18.12.2018

ТИНЧЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК УЛУҒЛАНГАН ТАШАББУСНИ БМТГА АЪЗО 193 ДАВЛАТ БИР ОВОЗДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАДИ

БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» номли махсус резолюция қабул қилинди.

«2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»нинг бешинчи йўналиши диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакат Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга юксак эътибор қаратаётганининг намунаси ҳамдир.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортган эди. Мазкур ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга моликдир.

Ушбу глобал чақириқ, чорлов янграганига бир йилдан сал кўпроқ вақт ўтди. Шу муддат ичида бу эзгу ташаббуснинг нечоғли долзарб экани, у она сайёрамиз истиқболи учун нақадар муҳим аҳамият касб этишини бутун дунё халқлари англаб етишди. Натижада жорий йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган мазкур резолюция БМТга аъзо 193 та давлат томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Нафақат қўллаб-қувватланди, балки барча қитъаларнинг 50 дан зиёд мамлакати билан ҳаммуаллифликда қабул қилинди. Бу — юксак эътироф.

Резолюцияда маърифатпарварлик ғоясини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилиб, сайёрамизда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ва ўзаро англашувнинг нечоғли муҳимлиги эътироф этилди.

Ушбу ҳужжат барча аъзо давлатларнинг фикр, виждон, дин ёки эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга доир саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга ундагани билан ҳам аҳамиятлидир. Унда таълим, илм-фан, маданият воситасида миллатлараро ҳамкорликни кенгайтириш орқали ЮНЕСКОнинг дунёда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатишдаги муҳим роли эътироф этилади.

Бу ҳужжат бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликни таъминлашга қаратилган.

Эсингизда бўлса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид мамлакатимизда бўлиб, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш, динга эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ўзгариш ва ислоҳотларни юксак баҳолади.

Яқинда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумининг Самарқанд шаҳрида ўтказилгани ҳам мамлакатимизда дин ва виждон эркинлиги тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.

Юртимизда кенг қамровли халқ­чил ислоҳотлар даври кечмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар асл моҳияти ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг ҳаётдан рози бўлиб яшашига қаратилган. Инсон қадр-қиммати ва шаъни юксак даражага кўтарилган. Зеро, муқаддас динимизда ҳам яхши фазилатлар улуғланган, инсоннинг мушкулини осон қилиш, машаққатини кетказиш энг савобли амал, дея қайд этилган.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон дунёвий демократик ривожланиш йўлини танлаган мамлакат эканидан, ўз навбатида, барча дин вакилларига бирдек эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Резолюциянинг қабул қилиниши натижасида энди БМТга аъзо давлатларнинг таълим муассасаларида диннинг инсонпарварлик моҳияти кенг тарғиб этилади. Шунингдек, давлатлар маълум мажбуриятларни ҳам ўз бўйнига олади. Бу мажбуриятлар нималардан иборат десак, аввало, дин ҳеч қачон зўравонликлар билан бир қаторга қўйилмайди, экстремизм, терроризм сўзлари дин билан боғланмайди. Чунончи, Президентимиз ўз нутқида аниқ ва тиниқ айтиб ўтган эдики, ислом терро­ри­змни қоралайди, уни терроризм билан боғлаш мумкин эмас.

Бугун муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган қора кучлар инсониятга қарши жиноятларни авж олдираётган бир шароитда бу чақириқ чуқур ўйланган, шунинг баробарида яқин тарихда йўл қўйилган хатолардан жиддий хулоса қилинган ҳолда айтилган таклиф бўлди. Бу таклифнинг айнан бизнинг давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилиши эса мамлакатимиз буюк маърифатпарварлар юрти экани, халқимиз мудом маърифатга ошнолигининг яна бир исботидир.

Эндиликда БМТга аъзо давлатлар резолюциядан келиб чиқиб, миллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари, жумладан, Интернет тармоғида кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйишади, бағрикенглик, зўравонликка барҳам бериш ҳамда дин ва эътиқод эркинлигига доир маърифий ахборот тарқатиш каби тегишли коммуникацион стратегияни жорий этишади. Бу, ўз навбатида, диннинг, жумладан, ислом динининг асл моҳиятини, унинг тинчликпарварлик ва эзгуликка асосланганини тарғиб этишга қаратилган. Зотан, тўғри тал­қин қилинган эътиқод фақат тинч­ликни, одамийликни улуғлайди.

 

Аброр ПЎЛАТОВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот котиби.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: