Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
18.12.2018

АДОЛАТ ЙЎЛИДАГИ ҚАТЪИЙ КУРАШ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи кишини чуқур ўйлашга, хулосалар чиқариб олишга ундамоқда, кўнгилда кўпдан-кўп фикрлар уйғотмоқда

Маърузани матбуотда такрор ва такрор ўқиб, аввало, бир ҳақиқатни чуқур ҳис этдик, мамлакатимизда инсон ҳуқуқи, манфаати ҳимояси йўлида бошланган шиддатли ислоҳотлар мавсумий эмас, улар изчил давом этади. Президентнинг қатъий сўзлари, янги таклифлари бунга кафолат беради. Биз кеча хаёлимизга келтирмаган, ақлимиз етмаган, етсада, ишонишимиз қийин бўлган масалалар кун тартибига қўйилмоқда, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар билдирилмоқда.

Маъруза маъно-мазмунидан кўриниб турибди, мамлакатимизда қилинаётган барча ишлар инсон ҳуқуқи ва манфаатини самарали ҳимоя этишга, инсонни улуғлашга қаратилган. Бунга кўплаб мисоллар келтирилди...

Ўйлаб қарасак, улуғ ва савобли, қиёси йўқ ишлар бўлаяпти. Бу эътирофда ­муболаға йўқ. Кўриб, билиб турибмиз, уй-жойсиз, муҳтожликда кун кўриб келаётган юзлаб, минглаб одамларга қачон бунчалик кенг қамровли эътибор, амалий ёрдам кўрсатилган? Қачон шунчалаб уй-жой бепул берилган, жиҳозлаб берилган? Қайсидир корхонанинг қоровулхонасида, ­омборхонаси бурчагида ёки қариндошининг бир кулбасида бола-чақаси билан йиллаб яшаб келаётган ногирон кишилар, якка-ёлғиз аёлларнинг уй-жой билан таъминланаётгани инсонпарварликнинг чинакам намунаси эмасми? Уларнинг қувончи, кўз ёшларини кўрган, юраклари қатидан отилиб чиқаётган сўзларини эшитган киши бу савобли ишлар аҳамияти нақадар юксаклигини ҳис этади, англайди.

Президентимиз маърузасида мамлакатимизда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришлар Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучидан далолатлиги алоҳида таъкидланди. Шу ўринда бир фикр хаёлга келади. Конституция инсонпарварлик ғоялари, улуғ мақсадлар билан ҳар қанча тўлдирилмасин, ҳаётда ўз ижросини топмаса, ҳеч қачон қадри бўлмайди. Бу аччиқ ҳақиқатни яқин ўтмишда ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Конституция қоғозда қолиб, ҳаётда бошқа тартиб бўларди. Оддий қилиб айтганда, гап бошқа, иш бошқа эди.

Масалан, суд-ҳуқуқ соҳасини олайлик. Конституцияда нималар дейилганди-ю, амалда қандай эди?.. Халқимиз ҳуқуқлари, шаъни, қадри шафқатсиз поймол этиб келинганини кекса авлод яхши билади. Афсуски, мустақиллик йилларида ҳам ўтган замон иллатларидан қутулиш қийин кечди. Ички ишлар, прокуратура, суд, миллий хавфсизлик хизмати одамлар тасаввурида асосан жазоловчи идоралар сифатида муҳрланган эди. Бундан икки йил илгари суд-ҳуқуқ тизими ­фаолияти тўғрисида ниҳоятда аччиқ, аммо очиқ гаплар айтилди, тарихий ислоҳотлар бошланди. Бу идоралар жазоловчи эмас, балки инсон ҳуқуқи, манфаатини ҳимоя этиши кераклиги қаттиқ уқтирилди. Ҳар бирининг вазифаси, ваколат доираси аниқ белгилаб берилди. Бундан икки йил илгари судларда оқлов амалиёти деярли қўлланилмаётганлиги, бундай ҳолат фуқаролар ҳуқуқларини поймол этаётгани, одамларда ҳақли норозиликларни келтириб чиқараётгани таҳлил этиб берилган эди.

Бир файласуф асоссиз чиқарилган ҳар бир ҳукм жамият виждонига отилган ўқ, деган экан. Ўзбекона қилиб айтганда, айбсиз одамни қамоққа ташлаш гуноҳи азимдир. Асоссиз қамоқда ётиш азобини бошидан ўтказган билади. Ҳақсизлик, адолатсизлик инсон қадрини ерга уради, умрини қисқартиради, юрагида битмас жароҳат қолдиради. Шунинг учун ҳам ноҳақ қамалган одамни оқлаш, оиласи бағрига, ҳаётга қайтариш, адолатни тиклаш энг савоб ва улуғ ишлардандир. Билиб-билмай жиноятга қўл урган, қилган ишидан чин дилдан пушаймон бўлганларни авф этиш инсонпарварликнинг олий кўриниши, амалий намо­йиши эмасми?..

Маърузада келтирилган айрим рақамларга эътибор қаратайлик: Жорий йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят иши далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли тугатилди. Илгари қандай бўларди? Далил топ, исботла, бўйнига қўй, деб қўшимча терговга қайтариларди, тергов чўзилиб, қонунсизлик авж олиб, бегуноҳ одам қамоқда изтироб чекиб ётаверарди. Яна бир рақам: судлар томонидан 590 нафар шахс оқланибди. Бу рақам 2016 йилда бор-йўғи 28 тани ташкил этгани ёки 2017 йилда 263 та эканини ҳисобга олсак, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани яққол кўринади. Бундан беш-ўн йил илгари бир йилда шунча одам оқланишини тасаввур этиш мумкинмиди? Қанча ёзманг, югурманг, қон ютманг, оқлов йўқ эди. Чунки қонундан устун кучлар, буйруқлар бор эди. Судьялар юрагини ҳовучлаб иш кўриши ҳам аламли ҳақиқат эди...

Бугун айбдорни айбдор, айб­сизни айбсиз, деб очиқ айтилиши, оқлов ҳукмлари чиқарилаётгани аввало, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар самарасидир. Конституциямизда битилган кафолатларнинг ҳаётдаги ижросидир, инсонпарварлик сиёсатининг яққол мисолидир.

Халқаро экспертлар Ўзбекистон Конституцияси умуминсоний ғояларга, миллий қадриятларга асосланган энг инсонпарвар конс­титуциялардан бири эканини кўп бор эътироф этишган. Бугун эса Конституция асосида юртимизда олиб борилаётган тарихий ислоҳотларни, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни ибрат қилиб кўрсатишмоқда. Бугун биз бир ҳақиқатни тобора теран ва чуқур англаб етмоқдамиз: Энг улуғ, савобли иш — одамлар ҳуқуқи, манфаатини ҳимоя этиш, энг олий вазифа — халқимизга ҳалол хизмат қилиш. Бу ишларни бировга кўз-кўз қилиш ёки ном чиқариш учун эмас, фарзандларимиз келажаги, халқимиз бахт-саодати, она ватанимиз — жонажон Ўзбекистонимиз тараққиёти, кучли-қувватли бўл­моғи учун қилмоқдамиз.

Инсон ҳуқуқи фақат суд-ҳуқуқ тизими фаолияти билан боғлиқ эмас, албатта. Меҳнат қилиш, таълим олиш, тадбиркорлик эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенглиги ва давлат томонидан муҳофаза этилиши кафолатланган. Бошқача айтганда, инсон муносиб яшаши учун нимаики зарур бўлса, ҳаммаси унинг ҳуқуқлари ҳисобланади. Ҳуқуқлар бузилиши эса асосан мансабдор шахслар томонидан содир этилади. Маърузада жуда оғир бир рақам келтирилди. Мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳимояси учун кескин кураш бораётган, кўп аччиқ синовларни, адолатсизликларни бошидан ўтказган халқимиз иззат-ҳурматини жойига қўйиш, қадр-қимматини улуғлаш, юртдошларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш учун ҳаловат билмай кураш кетаётган бир пайтда 1 минг 177 нафар мансабдор шахс коррупцияда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилганини қандай баҳолаш мумкин? Улар орасида туман, вилоят ҳокимлари ҳам борлиги кишини қаттиқ ўйга толдиради. Ҳоким бўлиш — катта шараф, ўзингдан яхши ном қолдириш учун яратилган улкан имконият. Давлат раҳбари сенга одамлар тақдирини ишониб топширяпти. Шу ишончнинг ўзи катта бахт, ҳар кимга насиб этмайдиган бахт. Бу ишончни қадр­лаб, туну кун элга, юртга садоқат билан меҳнат қилаётган ҳокимлар бор. Аммо юзи қора бўлиб қолган ҳокимларни ким, нима йўлдан урди? Лаганбардорларми, очкўзликми, масъулиятсизликми?.. Эҳтимол жамоатчилик назорати йўқлиги сабабли бу иллатлардан қутула олмаётгандирмиз? Савол ва сабаб кўп, албатта.

Аммо маърузада коррупциядек оғир, жирканч жиноятларга муросасиз бўлмасак, жамоатчилик назоратини ўрнатмасак, бу балога қарши курашимиз самарали бўлмаслиги айтилди. Президент жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, Олий Мажлис палаталарида Коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмиталар ташкил этишни таклиф қилди.

Жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ғоят муҳим ўрин тутишини ҳам таъкидлади. Афсуски, бу борада биз журналистлар ҳамон сукут сақлаб келаяпмиз. Бугун бунинг сабабларини ўзимиздан сўрашимиз ва унга жавоб топишимиз зарур бўлади.

Ҳаёт тажрибасидан маълумки, қаерда жамоатчилик назорати суст бўлса, ўша ерда коррупция авж олади, муаммолар кўпайиб кетади, одамлар жабр кўради. Оммавий ахборот воситаларида эса аксарият ҳолларда фалончиев пора билан қўлга тушибди, қамоққа олинибди, деган хабарлар билан чегараланамиз. Ўша раҳбар коррупция тузоғига илиниб қолишига нима сабаб бўлди, уни бунга нима мажбур қилди? Унинг иродаси сустмиди, тарбияси мўртмиди, маънавияти кемтикмиди?.. деган саволлар устида ўйламаймиз. Таҳлилий хулосалар чиқаришга ҳар доим ҳам интилмаймиз.

Маърузадаги бирорта масала йўқки, оммавий ахборот воситаларига дахлдор бўлмаса. Шу боис ҳам уни бугунги ва эртанги фаолиятимиз учун дастуриламал, деб биламиз. Маърузани диққат билан ўқисак, ҳаётимизнинг кўпдан-кўп муаммоларига жавоб топамиз. Жамият олдидаги жавобгарлик, бурч ва масъулиятимизни чуқур ҳис этамиз. Адолат ўз-ўзидан ўрнатилмаслиги, бунинг учун ҳар биримиз ҳар куни қатьий курашмоғимиз лозимлигини англаймиз.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: