Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
11.12.2018

ЭРКИНЛИК, ФАРОВОНЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ

Ҳотамжон КЕТМОНОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари:

— Конституция халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб, дунё майдонида тенг ҳуқуқли аъзо сифатида фаолият юритиш учун мустаҳкам асос бўлиб келмоқда. Унинг асосий моҳияти халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш, муносиб ҳаёт шароитлари яратишдан иборатдир.

Шу боисдан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ҳаммамиз учун бирдек муқаддас сана ҳисобланади. Бу байрам арафасида эришилаётган натижаларни сарҳисоб қиламиз, олдимизда турган муҳим вазифаларни белгилаб оламиз. Конституцияда халқимизнинг энг эзгу интилишлари, улуғ орзу-мақсадлари муҳрланган. Бундай юксак марраларга етишиш учун, қайси соҳа вакили бўлишимиздан қатьи назар, бажарган ишларимиздан ҳаволанмаслигимиз, аксинча, ҳали кўп меҳнат қилишимиз шарт.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини тинглаб, энг аввал хаёлдан шундай фикрлар ўтди.

Конституция нима дегани? Конс­титуция бу – аввало ҳуқуқ дегани, инсонпарварлик ғоялари устуворлиги дегани. Охирги икки йилда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича муҳим чоралар кўрилгани натижасида мамлакатимизда ушбу йўналишда мисли кўрилмаган ўзгаришлар кузатилди.

Давлатимиз раҳбари келтирган рақамларга эътибор берайлик, жорий йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят иши далиллар етарли бўлмагани сабабли тугатилган, судлар томонидан 590 нафар шахс оқланган. Таққослаш учун: бу рақам 2016 йилда бор-йўғи 28 тани, 2017 йилда эса 263 тани ташкил этган. Бир пайтлар назоратга олинган 20 мингдан ортиқ юртдошларимиз «махсус ҳисоблар»дан чиқарилган. Мана шу рақамлар ортида қанча инсонларнинг тақдири, яна қанча оилаларнинг бахту қувончи турибди. Энг аҳамиятлиси, ана шу мисоллар мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларга юртдошларимиз ва жаҳон ҳамжамиятининг ишончини мустаҳкамламоқда.

Алоҳида эътиборга молик масала шундаки, юртимизда фуқароларнинг нафақат ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларини кафолатлашга, шу билан бирга, Конституцияда белгиланган бош­қа устувор ҳуқуқларни рўёбга чиқаришга катта урғу берилмоқда. Маълумки, Бош қомусимизда иқтисодий фаолият муҳофаза этилиши кафолатланган. Агар мамлакатда сиёсий ҳуқуқлар таъминланиб, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларга етарли эътибор қаратилмаса, ислоҳотлар кемтик бўлиб қолади. Шу маънода аҳолининг ҳар томонлама муносиб ва адолатли турмуш кечиришига эришиш, бунинг учун қулай шароит яратиш масалалари доимий эътиборда турибди. Иқтисодиётни жадал ривожлантириш, мамла­катимизнинг инвестициявий ­жозибадорлигини ошириш ­учун жамоатчилик, бизнес ҳамжамия­ти, халқаро молиявий ташкилотлар, нуфузли экспертларнинг атрофлича муҳокамаларидан сўнг қабул қилинган Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси, унинг асосида амалга оширилаётган ўзгаришлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Хусусан, келгуси йилдан жисмоний шахслар учун ҳозиргача амал қилиб келган энг юқори 22,5 фоизлик даромад солиғи ставкаси ўрнига 12 фоизлик ставка белгиланди, 8 фоизлик суғурта бадали эса бекор қилинмоқда. Ягона ижтимоий тўлов ставкаси илгариги 25 фоиз ўрнига 12 фоиз этиб белгиланмоқда. Тўғриси, узоқ йиллар давомида иқтисодий ислоҳотлар ҳақида баландпарвоз гаплар кўп гапирилган бўлса-да, амалда оддий одамларга солиқ юки юқорилигича сақланиб қолаётгани аҳолини ўйлантириб келаётган эди. Ушбу муҳим масалага реал ёндашилиши натижасида муҳим енгилликлар ҳаётга жорий этилмоқда. Оилаларнинг даромадини оширишда, муносиб турмуш кечириш билан боғлиқ ҳуқуқлари рўёбга чиқишида бу ишларнинг аҳамияти беқиёсдир.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича жорий этилаётган янгиликлар, эришилаётган натижалар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Ютуқлар ўзимизники, лекин биз бундан кейин нима қиламиз?.. Президентимиз маърузасида бу саволга аниқ-равшан жавоб бор.

Айниқса, ижтимоий соҳада белгиланган вазифалар партиямиз, барча даражадаги ташкилотларимиз ва депутатларимиз учун дастуриламалга айланиши жоиз.

Аввало, мамлакатимиздаги ижтимоий ҳимоя моделини реал талаблар асосида умумэътироф этилган халқаро стандартлар даражасига кўтариш вазифаси белгиланди. Тан олиш керак, ижтимоий ҳимоя модели эски унсурлардан холи эмаслиги сабабли кўплаб муаммолар келиб чиқмоқда. Биргина эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан имтиёзли таъминлаш масаласини олайлик. Очиғи, йиллар мобайнида бу долзарб иш эътибордан четда қолиб келган, вақт ўтгани сайин бу борадаги муаммолар кўпайиб бораётган эди. Гарчи осон бўлмаса-да, энди имконият ва ресурс топиляпти. Жорий йилнинг ўзида 21 минг 500 дан зиёд муҳтож оила арзон уй-жой билан таъминланди. Уй-жойли бўлиш бизнинг одамлар учун жуда катта қадрият ҳисобланади. Уйли оиланинг кўнгли бутун бўлади, рўзғорига барака киради. Шунинг учун бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиши эзгуликка хизмат қилади.

Фаол электорат вакилларимизнинг асосий қисми меҳнат қилаётган тиббиёт ва таълим соҳалари ходимларининг алоҳида ижтимоий қўллаб-қувватланиши машаққатли касб эгаларининг ҳурмат-иззатини жойига қўйишда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

Партиямиз ташкилотлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз бир неча йиллардан бери касб-ҳунар коллежларидаги таълим, ўқувчиларнинг касб амалиёти билан боғлиқ жараёнлар юзасидан ўрганишлар олиб боради. Президентимизнинг «касб-ҳунар коллежлари, афсуски, аксарият ҳолларда реал талаб бўлмаган касблар бўйича қуруқ диплом берадиган даргоҳга айланиб қолди», деган аччиқ гапларини эшитиб, мушоҳада қилиб, тўғриси, қаерда хато қилганимизни тушундим. Биз бу масалани кўп муҳокама қилганмиз, мутасадди ташкилотларга танқидий фикр­ларимизни билдирганмиз, гўё шунинг билан ўз вазифамизни бажаргандай бўлганмиз. Лекин қандай амалий натижага эришилди, деган саволларга ҳозир жўяли жавобимиз йўқ. Англаб олаётган аччиқ ҳақиқатимиз шуки, қуруқ танқид билан муаммога ечим топиб бўлмас экан. Камчиликларни кўрсатиш билан чекланиш парламент аъзосига умуман ярашмайди.

Давлатимиз раҳбари белгилаб берган энг муҳим йўналишлардан яна бири, партиямиз учун балки энг муҳими, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишсизликни камайтириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган зарур чоралар кўришимиз кераклигидир.

«Мамлакатимизда ишсизлар сони қанча? Иқтисодиётнинг норасмий секторида неча фоиз аҳоли банд? Хорижга иш қидириб кетганларнинг сони-чи?»... Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш асосий мақсади бўлган партиямиз бу саволларга аниқ жавоб беришга, амалга оширган муайян таклифларини кўрсатишга қийналади. Бу каби таҳлилларга эга бўлмасдан туриб, амалий натижага эришиш имконсиз, албатта.

Жорий йилда аҳоли вакиллари билан учрашувларда, турли ҳудудларда энг кўп муҳокама қилинган муаммолардан бири янги қурилаётган уй-жойларнинг сифатига бориб тақалди. Оммавий ахборот воситаларида бу масала бўйича кўплаб танқидий мақолалар эълон қилинди. Партиямиз ташкилотлари, барча даражадаги депутатларимизга шу ҳақда кўплаб мурожаатлар ҳам бўлди. Айрим англашилмовчиликларни баратарф этишга эришилди ҳам. Аммо муаммони мамлакат миқёсида яхлит ўрганиб, таҳлил қилишга улгурмадик. Келгуси йил мазкур йўналишда алоҳида режа асосида қатъий иш юритсак, электоратимиз вакилларига кўпроқ фойдамиз теккан бўларди.

Ҳаётимизда кузатилаётган ­муаммо ва камчиликларнинг асосий сабаби нимага бориб тақалади? Биринчи навбатда қонунлар ижросига. Президентимиз маърузасида парламентнинг бу соҳадаги фаолиятида туб ўзгариш сезил­маёт­гани таъкидланди. Жумладан, жорий йилда давлат органлари ва мансабдор шахсларга Сенат бор-йўғи 2 та, Қонунчилик палатаси эса 3 та парламент сўрови юборгани кескин тан­қид қилинди.

«Парламент мажлисларида марказий органлар ва ҳудудлар раҳбарлари ҳисоботларини эшитдик», деб мақтанамиз. Лекин савол туғилади: бундай ҳисоботлар бўлаётган бўлса, уларнинг натижалари бўйича қандай ҳужжатлар қабул қилинди ва ижрога йўналтирилди? Фаолияти қониқарли бўлмаган қайси вазир ёки ҳокимга нисбатан муносабат билдирилди? Халқ вакилларининг қатъий позицияси қаерда қолди?..» Маърузада келтирилган ана шу аччиқ саволларга амалий иш билан жавоб берадиган вақтимиз келди. Акс ҳолда, сайловчилар билдирган юксак ишончни оқламаган, олтинга тенг вақтни беҳуда ўтказган бўламиз.

Олий Мажлис ҳақиқий баҳс-мунозаралар майдонига айланмагани фаолиятимизга берилган реал баҳо, деб ўйлайман. Октябрь ­ойида фракциямизнинг жорий йилдаги 9 ойлик фаолиятини таҳлил қилдик. Фракциямиз ташаббуси билан 1 та парламент сўрови, 3 та парламент эшитуви, 2 та «Ҳукумат соати» амалга оширилгани, аниқланган муаммолар ечимига қаратилган 22 та депутатлик сўрови юборилгани ҳақида оммавий ахборот воситаларига маълумот бериш билан чекландик. Лекин бу маълумотлар билан танишган сайловчилар, партиямиз аъзолари уларнинг натижалари ҳақидаги саволларига жавоб топишга қийналишини ўйламаган эканмиз. 9 ой давомида фракциямиз аъзолари ОАВ да 3 мингдан ортиқ чиқиш қилди. Аммо бу чиқишларда мамлакат миқёсидаги қандай муаммолар кўтарилди, қандай амалий таклифлар берилди, деган саволларга, афсуски, ҳеч нарса дея олмаймиз.

Бирон мавзуда ойлаб, ҳафталаб, соатлаб баҳс-мунозара юритиш мумкин. Бироқ натижа бўлмаса, бундай баҳсдан ҳеч кимга фойда йўқ. Масалага шу нуқтаи назардан қарасак, Президентимиз ҳақиқий баҳс-мунозара, деганда нимани назарда тутаётганини тушунамиз. Парламентдаги мунозаралар аниқ мақсадга хизмат қилиши, муҳими, ундан муайян натижа бўлиши зарур. Ҳар бир саволни пухта ўйлаш, ҳар томонлама асослаш шарт. Баъзида шундай бўладики, ижро ҳокимияти вакиллари депутатларнинг саволларига жўяли жавоб бера олмайди, кейин маълумот беришини айтиб вазиятдан чиқишга уринади. Шундай пайт­ларда, тўғриси, уларни тушунишга ҳаракат қиламиз. Демократик ислоҳотлар қатъийлик ва принципиалликни тақозо қилаётганда масалани кўндаланг қўйишни, талаб қилишни кундалик иш тартибимизга айлантиришимиз зарур. Керак бўлса, долзарб масалалар юзасидан ОАВ орқали фракциямизнинг баёнотини мунтазам равишда эълон қилиб боришимиз керак. Токи, аҳоли, партиямиз аъзолари қайси масалада фракциямиз позицияси қандай экани ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлсин.

Президентимиз маърузасида парламент сўровлари ва парламент эшитувларининг таъсирчанлигини ошириш, депутат ва сенаторларнинг жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш асосида таклиф бериш кўникмасини мустаҳкамлаш масалаларида аниқ кўрсатмалар берилди.

Шу ўринда парламент зиммасига қўйилган муҳим вазифалардан бирига алоҳида эътибор қаратишимиз керак, деб ҳисоблайман. Бу қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалиётидан воз кечиш ва тўғридан-тўғри қўлланадиган қонунлар қабул қилиш вазифасидир. Аслида қонунлар ижроси таъминланмаслиги, турли-туман англашилмовчилик ва чалкашликлар келиб чиқишининг асосий сабаби ана шу муаммо билан боғлиқ бўлмоқда. Чунки кўплаб қонунларимиздаги асосий муносабатлар, тартиб-таомиллар асосан қонуности меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Натижада нима бўляпти? Парламент муайян қонуннинг ижросини ўрганиш учун ижро ҳокимияти белгилаган ҳужжатга асос сифатида қарашга мажбур бўляпти. Яъни, давлат, жамият ва фуқаролар ўртасидаги муҳим муносабатлар бевосита қонун орқали эмас, бошқа ҳужжатлар орқали тартибга солиняпти. Бундай ҳолат қонунлар ижроси таъминланишига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Ушбу ҳолатни ўзгартириш, ташаббусни қўлга олиш энг аввало парламент аъзоларининг масъулияти, салоҳияти ва фидойилигига боғлиқ бўлиб қолмоқда.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: