Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
13.11.2018

«НАМУНАЛИ УЙЛАР ҚУРИЛИШИ НАЗОРАТИ КИМНИНГ ЗИММАСИДА?

Ёки қурилиши назоратсиз қолган уйлар, овораю сарсон одамлар ҳақида»

Газетамизнинг жорий йил 18 сентябрь сонида юқоридаги сарлавҳа остида танқидий мақола чоп этилган эди. Унда Тошкент вилояти Тошкент туманидаги Кўктерак маҳалла фуқаролар йиғини, «Кўктерак» массивида намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойлар ўз вақтида қурилмай, уй эгалари норози бўлаётгани баён этилганди. Уй эгалари билан 2017 йил июль ­ойида «Қишлоқ қурилиш инвест» Тошкент вилояти филиали ва «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки Тошкент вилояти минтақавий филиали билан «ипотека кредити бериш» тўғрисида асосий шартномалар тузилгани ва шартномага кўра, уйлар 2018 йил 1 июлда қуриб битказилиши лозим бўлган. Аммо, ўтган вақт мобайнида қурилишга масъул бўлган «Регуляр строй» МЧЖ уйнинг фақатгина деворларини кўтариб, том қисминигина ёпган, ушбу ишлар ҳам сифатсиз бажарилгани кўрсатиб ўтилган эди.

Ушбу танқидий мақолага келган жавоб хатларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Тошкент вилоят прокуратурасининг жавоби:

«Намунали уйлар қурилиши назорати кимнинг зиммасида?» сарлавҳали мақолада кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мутахассислар иштирокида кўриб чиқилди.

Аниқланишича, Тошкент тумани, Кўктерак ҚФЙ манзилида якка тартибда қурилаётган уй-жойни намунавий лойиҳага мувофиқ қуриш бўйича 10 нафар фуқаро билан «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Тошкент вилояти филиали ўртасида 21.06.2017 йилда шартнома тузилган бўлиб, «Регуляр строй» МЧЖ томонидан қурилиш ишлари амалга оширилган.

Мазкур шартноманинг 6.1-бандига кўра уйларни қуриб битказиш муддати 01.07.2018 йил белгиланган бўлиб, ўз муддатида қурилиш якунланмаганлиги боис уй эгаларининг асосли эътирозларини келтириб чиқарган.

Мақолада кўрсатиб ўтилган барча ҳолатларни мутахассислар иштирокида кўриб чиқиш жараёнида, вилоят прокуратурасининг аралашуви билан «Регуляр строй» МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишларидаги камчиликлар бартараф этилгани боис, 58-уй эгаси Д.Ҳамраева, 60-уй эгаси Ш.Қобилов, 62-уй эгаси Т.Садиқов, 63-уй эгаси Н.Жоман­қулова, 64-уй эгаси Т.Абдуллаев, 65-уй эгаси О.Абдураимовлар ёзма равишда миннатдорлик билдиришди.

Вилоят прокурори ўринбосари, адлия маслаҳатчиси М.М.Аҳмедов.»

****

Тошкент вилоят ҳокимлигининг жавоби:

«... Амалдаги тартибларга мувофиқ, намунавий уй-жойлар қуриш «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК филиаллари зиммасига юклатилган.

Жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар томонидан қурилиш белгиланган уй-жойлар учун ер майдонлари ажратилгандан сўнг, қурилиш ишларини амалга ошириш истагини билдирган пудрат ташкилотлари аниқланиб, «Қишлоқ қурилиш инвест» ва пудрат ташкилот ўртасида шартнома имзоланади ҳамда пудрат ташкилоти қурилиш ишларига бириктирилади.

Қайд этилган шартномада иккала томоннинг мажбурияти белгиланган ҳолда уйларни қуриш ва топшириш муддатлари ҳам аниқ белгиланади.

Шу билан бирга, қурилиш-монтаж ишларини мунтазам равишда техник назорат қилиш ишлари ҳам айнан шу ташкилот зиммасига юклатилади.

Пудрат ташкилоти томонидан қурилиш муддатлари бузилган ҳолда ёхуд сифатсиз бажарилган тақдирда, буюртмачи, яъни «Қишлоқ қурилиш инвест» қонунда ўрнатилган тартибда суд ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Бугунги кунда хатингизда кўрсатилган ҳолат юзасидан «Қишлоқ қурилиш инвест» томонидан тегишли қонуний чоралар кўрилиши бўйича кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, мазкур масалада Тошкент тумани ҳокимлиги мутасаддиларига зудлик билан тегишли чоралар кўрилиши ҳамда ахборот киритилиши бўйича топшириқ берилганди.

Вилоят ҳокими ўринбосари С.Юсупов.»


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: