Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
30.10.2018

Азиз САНЖАР: АМЕРИКАГА ЎЗИМ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИНИ ОЛИБ КЕТАМАН

Азиз САНЖАР:

— Мен нафақат туркиялик, балки ўзбекистонликман. Бу табаррук тупроқ бизнинг ҳам ватанимиз. Яратганга шукрки, қардошларимни кўрдим. Менга берилган Нобель мукофоти бутун туркий халқларникидир. 2015 йилда ушбу юксак мукофотга сазовор бўлганимдан кейин мени дун­ёнинг турли давлатларига таклиф этиш бошланганди. Вақтни ҳисобга олиб, кўп чорловларни рад этишимга тўғри келди. Лекин Ўзбекис­тоннинг даъватини бош устига қабул этдим. Бу бурчим! Ўзбекистонга ҳеч қандай моддий манфаатларсиз, соғинч билан келдим. Бу ота Ватан олдидаги қарзим! Энг асосийси, ўзбек ёшларини илмга руҳлантириш учун йўлга отландим. Мен турк дунёси ёшлари Нобель мукофотини ўз Ватанларида олишларини хоҳлайман.

Америкага ўзим билан Ўзбекистон байроғини олиб кетаман. У ердаги Турк уйида Озарбайжон, Туркманистон, Туркия байроқлари бор эди. Энди Ўзбекистон байроғи ҳам бўлади. Мен ўзбек ёшларини қардошларимиз учун қурилган марказда, ­Америкада кутаман. Турк ­уйида нафақат Туркия балки ­Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғис­тон, Қирғизистон, Туркманис­тон каби қардош халқлар маданиятини тар­ғиб қиламиз. Тарихда туркий ­халқлар жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган. Бугунги кунда ҳам туркий давлатлар вакилларини илм-фан соҳасида эришаётган ютуқлари салмоқли. Ал-­Хоразмий математика фани асосчиси ҳисобланади. Бундан унинг авлодлари бўлган Ўзбекистон ёшлари фахрланишлари керак. Истардимки, барча туркий халқлар ёшлари бирлашиб, жаҳон илм-фанида ўз ўринларига эга бўлишлари лозим.

Нобель мукофотига номзодлар ичида турк олимининг борлиги кўпчиликни ҳайратлантирган эди. Америкада жуда кўп қардошларимиз қатори ўзбек олимлари, талабалари ҳам бор. Улар эришаётган ютуқлар барчамизни қувонтиради. Тақдир тақазоси билан туркий халқлардан етишиб чиққан кўплаб олимлар Америка ва Европа давлатларида яшаб, илм билан шуғулланиб келмоқда. Катта муваффақиятларни қўл­га киритмоқда. ­Бундай илмий кашфиётлар энди Туркияда, Ўзбекистонда яъни киндик қонимиз томган, она Ватанимизда яратилиши керак. Гуманитар фанлар ҳам муҳим ҳисобланади, лекин дунё илм-фанида обрў эътиборга эришиш учун биринчи навбатда фундаментал тад­қиқотлар билан шуғулланиш лозим. Жаҳондаги турк олимлари бирлашса, ҳамкорлик қилса бизнинг олдимизга ҳеч ким тушолмайди.

Умрим давомида турк олами маданиятини, эзгу анъаналарини дунёга танитишга ҳаракат қилиб келаяпман. Олдин кўп ҳам эътибор беришмас эди. Энди бу фикрларни Нобель мукофоти лауреати сифатида илгари сураётганим учун ҳамма мени жон қулоғи билан эшитишади. Бундан жуда бахтиёрман. Ўзбекистонлик ёшларга омад тилайман ва Оллоҳ сизлардан рози бўлсин. Мени Тошкентга таклиф этиб, ҳурмат билдирганингиз учун чексиз фахрландим. Ҳаммаларингизга миннатдорлигимни билдираман!

Авазжон МАРАҲИМОВ:

— Азиз Санжар бутун турк дунёсининг фахру ифтихори. Биз унинг ҳаёти ва фаолияти мисолида инсон тафаккури нималарга қодир эканлигини кўриб турибмиз.

Бугун университетимизда жуда катта байрам. Илм-фан байрами, қардошлар шодиёнаси. Талабаларимиз учун Нобель мукофоти лауреати билан учрашиш, унинг нут­қидан баҳраманд бўлиш айёми.

Биз Азиз Санжар жанобларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бизнинг таклифимизни қабул қилгани, самимий тилаклари, ­хал­қимизга, Ватанимизга бўлган чексиз ҳурмати учун. Уни­верситетимиз билан Азиз ­Санжар ўртасида боғланган ҳамкорлик алоқалари бардавом бўлишини истаймиз.

Азиз Санжар Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илм-фанга кўрсатаётган эътиборига жуда юксак баҳо берди. Бундан кейин у ЎзМУ профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб боришга розилик билдирди.

Ахмет Башар ШЕН, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Азиз Санжар фермер ота-она оиласида 8 фар­занд­нинг иккинчиси бўлиб дунёга келган. У даст­лаб мактабда ўқиш имконини топа олмайди. Кейинчалик бошланғич ва ўрта таълимни Туркия­нинг қадим ва гўзал вилояти Мардиннинг Савур туманида, олий маълумотни ­Истанбулда олган. Олим ўз тадқиқотларини 1970 йилдан буён АҚШда олиб бормоқда. Унинг 415 илмий мақоласи, 33 китоби нашр этилган.

Олим узоқ йиллик меҳнатлари эвазига сазовор бўлган Нобель мукофотини Отатурк ёдгорлик музейига топширган. У буни шундай изоҳлаган эди: «Мени ушбу мукофотгача Отатурк ва Туркия Республикасида амалга оширилган таълим инқилоби олиб келди». У Туркия — Америка муносабатларини ривожлантириш мақсадида рафиқаси билан бирга фонд очиб, АҚШнинг Шимолий Калорина штатида Турк уйи марказини ташкил этган. Олимнинг ўзи таъкидлаганидек «АҚШга борганимда жуда ёлғиз эдим, атрофимда менинг тилимда сўзлашувчи бирон одам йўқ эди»... Бугунги кунда Азиз Санжар туркиялик юзлаб иқтидорли болаларнинг ўқи­ши учун маблағ ажратади.

Туркияда Азиз Санжарнинг хизматларига юқори баҳо берилади. Президент Режеп Таййип Эрдўғоннинг топшириғи билан ўзи туғилиб ўсган тумандаги мактабга, Анадолудаги лицейга, Мардиндаги фан ва санъат мактабига Азиз Санжар номи берилган.

Нима учун доимо Ўзбекис­тон билан Туркияни бир цивилизациянинг вакили дея таъкидлаб келамиз? Нима учун Ўзбекистонга интиламиз? Чунки, Ўзбекистон бизнинг ота юртимиз! Бугун Азиз Санжарнинг ютуғи Ўзбекистон учун бегона эмас. Аксинча Ўзбекистон жойлашган замин асрлар давомида дунёга илм нурини сочган, юксак маданият вакилларини, тиб илми асосчиларини етиштирган муқаддас маскандир. ХIII асрда буюк математик олим Хоразмий ноль тушунчасини ҳиндлардан олиб, жадвал тизимига қўш­ган, қандай ишлатилишини белгилаган ва замонавий математика тизимига асос солган. Ғарб мамлакатларида ХVI асргача, Шарқ мамлакатларида ХIХ аср­га қадар ўрганилган «Тиб қонуни» муаллифи Ибн Сино Х-ХI асрда бу заминда яшаб, тиббиёт соҳасида катта муваффақиятларга эришган. Фалсафа, астрономия ва бош­қа фанларга бағишланган 100 дан ортиқ асар ёзган. Шарқ ва Ғарб тиббиётида унинг асарлари том маънода 600 йил ҳукмронлик қилган.

Машҳур ҳинд тарихчиси Жорж Сантос томонидан ­дунёнинг энг буюк олимларидан бири, деб эътироф этилган Беруний ўз даврида биринчи бўлиб, Ернинг шар шаклидалигини ва у қуёш атрофида айланиши ғоясини илгари сурган, ке­йинроқ Ер радиусини ақлбовар қилмас аниқликда ўлчаган. Глобусни яратган.

Амир Темурнинг невараси Улуғбек Самарқандда қурдирган мадраса ва расадхона илм тарихида биринчи бўлган. Шарқда ва Ғарбда кўп йиллар давомида унинг бебаҳо асарларига мурожаат этилган. Тарихимиз бўйича Туркистон заминида етишиб чиққан олимлардан яна ўнлаб мисоллар келтирса бўлади. Улар бизга ғурур бағишлайди, албатта. Лекин баъзи ҳақиқатлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Афсуски бугунги кунда илм-фан ва технологиялар соҳасида юқорида номлари келтирилган аждодларимиз сингари натижаларга эриша олганимиз йўқ. Бу мавқега етиш учун азму шижоат билан жуда кўп меҳнат қилишимиз лозим. Бу ­борада барчамизга Азиз ­Санжар ибратдир.

Али Эҳсон ЧАҒЛАР, ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

— Тарих йўналишида докторантурада ўқиб юрган пайтимда ЎзРФА Шарқшунослик институтида ишлаганман. У ерда Хоразмий, Ибн Сино, Берунийнинг тиб, кимё, математика, астрономияга оид асарларини ўрганганман. Ўша вақтда ушбу ноёб асарларни ўрганадиган, татбиқ этадиган, аждодларимиз изланишларини давом эттирадиган ёшлар камлигидан ҳайратланардим. Бу борада устозларим Асомиддин Ўринбоев, Ҳомиджон Исломий, Ҳунан ­Кемирий билан дардлашардик. Худога шукр бугун улуғ боболаримизнинг издоши бўлган, туркий ­дунёнинг фахру ифтихори Азиз Санжар ёнимизда. Биз учун бундан катта фахр йўқ, деб ўйлайман. Суҳбатларимиздан бирида қандай қилиб туркий халқларни бирлаштириш ва турк олами давлатларини энг ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқиш мумкин, деган масалага тўхталдик. Азиз Санжар шунда мен кимдадир ақл кўпроқ ёки кам деган тушунчага ишонмайман. Лекин асосий фарқни меҳнат қилишда, деб биламан. Шунинг учун жуда кўп ишлашимиз лозим, деб жавоб берди. Мана шу фикр ўзбекистонлик ёшларга Азиз Санжарнинг энг катта маслаҳати бўлади, деб ўйлайман. Эркин фикр, эркин ақл, эркин ўйлаш билан кўп ишлаш. Тарихда ҳам боболаримиз мазкур тамойилларга амал қилиб, юқори мавқега эришган.

Туркларнинг бир мақоли бор. «Одамга келадиган эътиқод уни маърифати билан боғлиқ». Агар одам илм йўлида ҳеч нарса кутмасдан, самимий, чин дилдан ишласа, бу кейинчалик ўзига катта куч бўлиб қайтиб келади...

Ташриф давомида Азиз Санжар бакалавриат, магистратура, докторантурада таҳсил олувчиларга «ДНК­нинг тикланиши, саратон ва кимёвий даволаш» мавзусида онлайн маъруза ўқиди. Шу­нинг­дек, олим ЎзМУнинг Тармоқлараро молекуляр биология лабораториясининг очилиш маросимида иштирок этди. Урганч, Хива, Бухоро ва ­Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларни зиёрат қилди.

Хулоса ўрнида яна Азиз Санжарнинг «Ўзбекистон овози» газетасида эълон қи­линган интервьюсидан уш­бу ­ўринларни келтирамиз: ­«Ўз­бекистонда яқин йиллар ичида илм-фаннинг беқиёс ривожланишига, бу ердан дунёга довруғ соладиган олимлар етишиб чиқишига ишонаман...».

 

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон Миллий университети,

журналистика факультети 4-курс талабаси,

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: