Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
13.11.2018

ЁЛҒИЗ АЁЛНИНГ УЙИ БУЗИБ ТАШЛАНДИ

Энди у икки нафар норасида фарзанди билан қаерда яшайди?

Таҳририятимизга Андижон вилояти, Олтинкўл тумани, «Чаққон-2» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, ушбу маҳалладаги 51-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори ­Нигорой Бобоназаровадан шикоят хати келди.

Унда баён қилинишича, маҳалладошлари Ёрқинбой Ҳакимов, Иномиддин Турдиев, Шукур Мирзаев ва ­Абдувоҳид Ҳамидовлар унинг мактаб директори лавозимида ишлашини хоҳлашмаётганлиги боис турли миш-мишлар тарқатиб, асоссиз иғволар қилиб келмоқда. Устига-устак улар директорнинг қизи Нафисахон икки нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаб келаётган уйни ноқонуний қурилган, деб юқори органларга кетма-кет аризалар ёзавергани натижасида қизининг уй-жойи Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл туман бўлими томонидан 2018 йил 9 август куни кечки пайт экскаватор билан бузиб ташланган.

— Отам Адҳамжон Бобоназаров узоқ йиллар давомида Олтинкўл тумани Халқ таълими бўлимига қарашли мактабларда ўқитувчи ва директор бўлиб ишлаб келган, — дейди уй-жойи бузилган Нафисахон Бобоназарова. — Тақдир экан, отам 2012 йили тўсатдан вафот этди. Шундан сўнг онам беш нафар фарзандни, яъни бизни ҳам ота, ҳам она бўлиб вояга етказди. Яхши ниятларда опам, синглим ва мени турмушга узатди. Афсуски, менинг турмушим бузилиб, икки нафар фарзандим билан онамнинг уйига қайтиб келдим. Онам кўкрагимдан итармади. Эндиликда фарзандларинг учун ўзинг ишлашинг керак, деб уйимизга яқин бўлган мактабгача таълим муассасасидан иш топиб берди. Ҳозир боғчада кир ювувчи бўлиб ишлаяпман. Ойлик маошим 380-400 минг сўм.

Аслида онам ҳам, отам ҳам ўқитувчи бўлиб ишлаганлиги сабабли 1988-1990 йилларда Олтинкўл тумани собиқ Қуйбишев номли колхознинг раҳбарлари томонидан уларга якка тартибдаги уй-жой қуриш ва томорқа ер сифатида экин экиб фойдаланиш учун ер майдони ажратиб берилган. Орадан 20 йилдан кўпроқ вақт ўтганидан сўнг онам Нигорой Бобоназарова уй-рўзғор ва фарзандларидан орттирган маблағига икки хонали уйни қуриб битказди. Икки нафар фарзандим билан уйга қайтиб келганимдан сўнг онам ҳеч кимга ота-онани боғлаб бермаган, ҳаётлигимда сен ҳам уйли-жойли бўл, деб ушбу ҳовли-жойни менга берди. Уйни ўзимнинг номимга ўтказиш учун масъул идораларга мурожаат қилиб борганимда билдимки, ўша вақтда колхозда ишлаган масъуллар ер ажратиб берилишига оид ҳужжатларни тўлиқ давлат архивига топширмаган экан. Шу боисдан биз судга тегишли ҳужжатларни тақдим эта олмадик.

Натижада Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2018 йил 16 январь кунги ҳал қилув қарори, Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди кассация инстанциясининг 2018 йил 13 апрель кунги ажримига кўра, уй-жойимиз ўзбошимчалик билан қурилган ҳисобланиб, буздириш белгиланди. Ушбу суд ҳужжатларига асосан ижро варақаси Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл туман бўлимига ижро этиш учун юборилди.

Шундан сўнг мен Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармони билан берилган имкониятлардан келиб чиқиб, Олтинкўл тумани ҳокими Бахтимурод Каримов (собиқ) номига ва Давлат хизматлари агентлиги Олтинкўл туман бўлими (2018 йил 27 июнь куни)га турар жойга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этдим. Аммо, Олтинкўл тумани ҳокими номига ёзилган аризамга ёзма жавоб умуман келмади. Давлат хизматлари агентлигидан ҳам жавоб келгани йўқ.

Нима учун Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ишлари бўйича Олтинкўл туман комиссияси раиси ва аъзолари шу кунгача аризани кўриб чиқиб, комиссия номидан ёзма жавоб беришмаяпти?

Уйим бузилишидан икки кун олдин кечга яқин Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл туман бўлими бошлиқлари келиб, суднинг қарори қўлимизда турибди, унинг ижросини таъминлашимиз керак, уй-жойинг барибир бузилади, уйингдаги нарсаларингни олиб чиқиб кетмасанг, кўчага улоқтирамиз дейишди-да, уйимнинг ҳовли деворини экскаватор билан бузиб ташлашди. Бу огоҳлантириш эди. Шундан сўнг уйимни сақлаб қолиш мақсадида ариза ёзиб, масъул идораларга бориб, ижрони тўхтатиб туринглар, деб ялиниб-ёлвордим. Президентимизнинг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармони эълон қилинганини айтдим. Ҳеч ким арзи-додимга қулоқ солмади. Жорий йилнинг тўққизинчи август куни кечки пайт яна ўша Мажбурий ижро бюроси раҳбарлари ҳамда ҳокимиятнинг масъул ходимлари экскаватор билан келишди. Иккита фарзандим ва менинг дод-фарёдимга ҳам эътибор бермай, уй жиҳозларимни кўчага улоқтиришди. Шу вақтда фарзанларимнинг «Ая, бизни ҳеч кимимиз йўқми, ҳеч ким бизга ёрдам бермайдими?» деган сўзларини эшитганим оғирлик қилдими, уйимни кўз олдимда бузилишини кўтара олмадимми, бор овозим билан «ёрдам беринглар» дея қичқириб, ҳушимдан кетганман. Кўзимни очганимда шифохонада эканман. Икки-уч кундан сўнг шифохонадан чиқиб уйимга келсам, уй-жойим ўрнида бир уюм синиқ ғишт ва бетон қолдиқларини кўрдим. Уйимни сақлаб қолишга кучим етмади, ҳеч ким бизни ҳимоя қилмади. Ўзимни ночор, ҳеч кимга кераксиз сездим. Яшашга иштиёқим йўқолди... Ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлдим-у, фарзандларим кўз олдимга келди...

— Хўжайиним билан эндигина ишдан келиб тургандик, — дейди унинг ён қўшниси Одинахон Эсонова. — Кеч тушганда, қўшни ҳовлида бақир-чақир, дод-фарёд, болаларнинг йиғиси эшитилди. Бу ҳам етмагандек, чанг-тўзон кўтарилиб, техникаларнинг овози ҳамда деворларнинг гурсиллаб йиқилаётган товушлари эшитила бошлади. Нима бўлди экан деб, кўчага югуриб чиқсам, кўча тўла одам, ҳокимият ва мажбурий ижро бюросининг раҳбар ҳамда ходимлари уйни буздиришаётган экан. Нафисахон ёнида икки нафар ёшгина фарзанди йиғлаб турарди. Нафисахон «уйимни бузманглар, мен иккита етим фарзандим билан кўчада қоламанку» деб, бор овози билан уларга тушунтиришга ҳаракат қилаётганида, бирданига ҳушидан кетиб йиқилди. Уйи бузилаётганида, аксига олиб онаси ҳам бошқа вилоятга иш билан кетган экан. Қиз бечорага бу кўргиликлар оғирлик қилдими, ўзини билмай қолди ва уни шифохонага олиб кетдик.

— Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳозирги шароитда бир иморат қуриш осонми, — дейди қўшнилардан яна бири Мирзатожи Эсонов. — Нима, уларнинг уйи бировга халақит берармиди. Бузишга нима зарурат бор эди? Булар эса ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой, деб бир лаҳзада бузиб ташлашди. Аслида, Нафисахоннинг отаси Адҳамжон Бобоназаров ушбу мактабни бунёд этилишида катта ҳисса қўшган инсон. Ўша пайтларда мактаб қурилиши учун ер ажратилган эди. Домланинг ташаббуси билан мактаб ҳашар йўли билан қуриб битказилган. Бизга ҳам мактаб ҳудудига яқин жойдан уй-жой қуриш учун ер ажратилди. Домлага ҳам беш нафар фарзанди борлигини ҳисобга олиб, ўша вақтдаги колхоз раҳбарлари шу ҳудуддан ер ажратишганди. Ўша пайт­ларда ер ҳужжатлари деярли ҳеч кимда бўлмаган. Биз ҳам яқинда уй-жо­йимизни ҳужжатлаштирдик. Нафисахоннинг уйини нега бузишганини билмайману, аммо маҳаллада яшайдиган айрим кишилар юқори идораларга кетма-кет шикоятлар ёзишганидан хабарим бор. Мана энди нима бўлди?.. Бир бева аёлнинг уйи бузилиб, иккита фарзанди билан кўчада қолди...

— Бу муаммодан хабарим бор, — дейди Олтинкўл тумани ҳокими ўринбосари Фахриддин Парпиев. — Ушбу муаммо олдин апеллация, ке­йин кассация тартибида судларда кўрилган ва суднинг қарори қабул қилинган. Ўша куни Нигорой опа менга телефон қилди. Қизимни уйини бузишаётган экан, маълум сабабга кўра, бошқа вилоятда эдим, илтимос уйни бузилишига йўл қўймай туринг, мен етиб бораман, деди. Шундан сўнг мен етиб келдим. Туман Мажбурий ижро бюросининг ходимлари оғир техникаларни олиб келиб, уйни бузишга тайёр турган экан. Шунда мен, тўхтанглар, бу бир инсоннинг уйи, ҳаттоки бирон бир жонзотнинг инини бузиш ҳам осон нарса эмас, дедим. Уйни бузмасдан туринглар десам, сиз бизнинг қонуний ҳатти-ҳаракатимиз ва хизмат вазифамизни бажаришга халақит беряпсиз, деди Мажбурий ижро бюросининг Олтинкўл туман бўлими давлат ижрочиси М.Неъматов.

Мен нима дейишни билмай қолдим. Шунда Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочиси М.Неъматов уйни бузишга ишора берди...

Ҳоким ўринбосаридан сўрадик:

— Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги фармони билан ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинганидан хабарингиз бормиди?

— Хабарим бор, аммо суднинг қарори чиқиб бўлган. Уни тўхтатиб туришга ҳокимнинг ҳам ҳаққи йўқ. Дарҳақиқат, суд қарорида Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди қарорида 2018 йил январь ойининг 16 куни даъвогар ­Олтинкўл туман прокуратураси ­Турдиев Иномиддин Абдумажидович ва бошқаларнинг манфаатини кўзлаб жавобгар Бобоназарова ­Нигорой Онарбоевага нисбатан «Ноқонуний қурилмаларни жавобгар ҳисобидан буздириш ҳақида»ги даъво аризаси қаноатлантирилган.

Суд қарорида Олтинкўл туман 51-сонли умумий ўрта-таълим мактабининг стадион майдонини 1400,0 кв.метр ер майдонидаги ноқонуний қурилмалар жавобгар Бобоназарова Нигорой Онарбоевнинг ҳисобидан мажбурий тартибда буздирилиши кўрсатилган.

Қарор 2018 йил 7 февраль куни қонуний кучга кирган.

Бироқ Нафиса Бобоназарова суд, ҳокимлик ва бошқа идораларга ёрдам сўраб ёзган аризалари сабабли уй 9 августгача бузилмай келинди. 20 апрелда эса Президентнинг бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди. Суд қарорига эътироз билдириш қийин. Уй ҳужжатсиз қурилган. Аммо инсоф юзасидан қаралганда, бир оила тақдири ўйланганда, акция эълон қилингач, суд қарорини бекор қилиш мумкин эди-ку.

Кишини яна бир савол ўйга толдиради: Давлатимиз раҳбари ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни уй-жой билан таъминлаш учун қаттиқ қайғуриб, давлат бюджетидан катта маблағ ажратаётган, махсус акция эълон қилган бир пайтда икки фарзандли ёлғиз аёлнинг уйини бузиш тўғри бўлармикин, деб нега ўйлаб кўрилмади?!

Даъвогар туман прокурори эканлиги ҳам савол уйғотади. У кимнинг ҳуқуқини ҳимоя этаяпти? Инсон манфаати биринчи ўринда туриши керак эмасми? Бир қаватли мактабга 2 гектар ер камлик қилаётганмиди? Ваҳоланки, гувоҳлар айтаяпти, улар билан бирга мактабнинг собиқ директори — Нафисанинг отасига ҳам шу ҳудуддан ер ажратилган экан.

Ҳокимнинг битта ёрдами — бева аёл икки нафар фарзанди билан уйсиз кўчада қолмасин, деб ҳокимиятга қарашли бўш турган бир бинони эгалик ҳуқуқисиз, вақтинча яшаш учун қарор чиқариб берибди.

Ўша уйни бориб кўрдик. Уйнинг эшик ва дераза ромлари яроқсиз, деворлари таъмирга муҳтож. Электр-энергия, иссиқ ва совуқ сув, газ қувурлари йўқ. Уйнинг пол қисми бетондан. Иситиш тизими ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бир сўз билан айтганда, уйни яшашга тайёрлаш учун анча-мунча маблағ, бир-икки ой вақт кетади. Бу уй номига берилганини англаш қийин эмас, бунинг устига вақтинчалик яшаш учун берил­япти.

— Бузилган уйимизни аввал ҳужжатсиз қурилган, дейишди. Кейин мактаб ҳудудида қурилган, дейишди, — дейди Нигорой Бобоназарова. — Бизнинг уй билан ёнма-ён яна 3 та уй қурилган. Уларда ҳам кадастр йўқ эди. Нега айнан бизнинг уй буздирилди? Хаёлимга фақат бир фикр келади: Туман ҳокимиятида бўлган йиғилишда ваколати каттароқ бир раҳбарга оғирроқ гапирган эдим. Шу гапим бошимга бало бўлдимикан?..

Ҳоким томонидан эгалик ҳуқуқисиз, вақтинчалик яшашга берилган уй аҳволи.

Опа ўз ҳасрати ва ичи тўла дардини ҳикоя қилар экан, кўз ёшлари бир сония ҳам тинмасди...

Опанинг устидан тўхтовсиз шикоятлар ёзаётган қариялар билан ҳам учрашдик. «Ноқонуний қурилган ­уйини буздирдик. Энди уни директорликдан ҳам бўшаттиришимиз керак», дея очиқ айтишди. Назаримизда уларни кимдир қўллаб тургандек туюлди.

Ушбу мақолани ёзаётганимизда мактабнинг бир ўқитувчиси хабар берди. Нигорой Бобоназаровани бошқа мактабга директор қилиб ўтказишибди. Демак, аризабозлар ниятига етибди. Янада ажабланарлиси вилоят халқ таълими бошқармаси ва туман халқ таълими бўлимидан масъул ходимлар келиб, 51-сонли умумий ўрта таълим мактабида директор ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Қаноатхон Тўйчиева директор этиб тайинланаётганда аризачилар Ёрқинбой Ҳакимов, Шукур ­Мирзаев, Абдувоҳид Ҳамидовлар мактабда пайдо бўлишибди. «Бу аёл ­Нигорой ­Бобоназарованинг ўринбосари бўлиб ишлаган, бизга бундай директор керак эмас», деб жанжал қилишибди.

Шу ерда ҳақли савол туғилади: шикоят ёзишни одат қилиб олган бу қариялар нега мактаб ишига аралашяпти? Уларда бундай ваколат йўқ-ку. Эҳтимол уларнинг кимгадир шахсий хусумати бордир? Унда шахсий масаласини ўзаро ҳал қилиш керак эмасми? Нега улар давлат идоралари ишига асоссиз аралашиб, ўз шахсий талабларини қўйишмоқда? Нима, мактаб тақдири, бу даргоҳда ўқиётган юзлаб болалар тақдирига улар хўжайинми? Улар ким ўзи? Айримларининг шахси, ахлоқи ҳақида хунук гаплар ҳам эшитдик. Ҳуқуқ-тартибот идораларидан керакли маълумотларни олгач, бу масалага алоҳида қайтмоқчимиз.

Ҳозирча эса бизни бир ёлғиз она ва унинг икки нафар фарзандининг тақдири ташвишга соляпти. Андижон вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси бу масалага холис ва принципиал ёндашади, деб умид қиламиз.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: