31.07.2018

100 ДАН ОРТИҚ ҚАДИМИЙ ВАЛЮТА ҲАМДА НОЁБ ТАНГАЛАР 60 ГА ЯҚИН МАМЛАКАТДАН КЕЛТИРИЛГАН...

Ажойиб одамлар бор. Кимдир уй-жой қуришга қизиқса, бошқа биров автомашина ошуфтаси ҳисобланади. Марка йиғишга ишқибозлар, кутубхона ташкил этаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Мўъжизаларга ошно қалб эгаларини бугун истаганча топиш мумкин.

Денов туманининг «Лолазор» маҳалласида истиқомат қилувчи Иззатой Азимовани ноёб хазина соҳиби, дейиш мумкин. Меҳнат фахрийсининг хонадонида дунёнинг 60 га яқин мамлакатидан келтирилган мингдан ортиқ валюта ҳамда металл тангалар сақланмоқда. Нодир ва бетакрор жавоҳиротнинг ҳар бири ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ноёб ҳамда асл­лиги билан одамни мафтун қилади.

— Ёқубжон Муродов билан 1970 йилда оила қурганмиз, — дейди Иззатой Азимова. — Олти нафар фарзандни вояга етказдик. Турмуш ўртоғим кўп йиллар 84-умумтаълим мактабида тарих фанидан сабоқ берган. Гул ва қушларни кўпайтириш, боғ яратиш у кишининг севимли машғулоти эди. Айниқса, валюта ва тангаларни йиғишга ҳавасманд бўлган. Голландия лоласи, япон хўрози, Россиянинг металл тангаси ва Афғонистоннинг афғонийси шулар жумласидан. Ҳиндистон, Покистон, Польша, Тожикистондан келтирилган мевали дарахтлар аллақачон ҳосил берган бўлса, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистоннинг турфа гулларидан кўзлар қувнайди. Юзлаб валюта ва тангаларга ҳатто хорижлик сайёҳлар ҳам мафтун бўлишмоқда.

— Мингдан ортиқ дурдонанинг 600 дан зиё­ди мис ва кумуш танга, 400 дан ортиғини банкнотлар ташкил қилади, — дейди ҳамроҳимиз, 84-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Шерзод Исмоилов. — Уларнинг ҳар бири ўтмиш тилсимларини ­очгандек бўлаверади. Масалан, Ярослав ­Мудрий акси туширилган мана бу йирик металл танга милоддан аввалги 300-йилларда зарб қилинган бўлса, Александр Македонский даврига оид чақалар ўн донадан ортиқ экан...

Минг йиллардан сўзлагувчи нодир асотирлар орасида миллий валютамиз — 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 1000, 5000, 10000, 50000 сўм бўлган пул купюралари ҳамда 1, 3, 5, 10, 25, 50 ва бошқа қийматдаги металл тангаларга алоҳида ўрин берилгани бизни қувонтирди. Шу билан бир қаторда 1, 2, 5, 10, 25, 50, 100, 1000, 10000 қийматдаги Арманистон драми, Белорусь рубли, Бирлашган Араб Амирликлари дирхами, Болгария леви, Ироқ динори, Озарбайжон манати, Туркия лираси, Ҳиндистон рупийси, Қувайт динори, Қизғизистон соми ва бош­қа юртларнинг валютаю тангаларини ҳам кўрдик. Уларнинг кўриниши ва ўлчамлари ҳам турлича, денг. Бири кичикроқ бўлса, бошқаси шапалоқдек келади. Ранглари ҳам ўзига хос — кўкиш, сарғиш, тўқ яшил... Сиз ҳам дунё муждаларидан баҳраманд бўлишни истасангиз, албатта, устоз хонадонига бир келинг!

— Уйимизда мингга яқин китоб ҳам бор, — дейди Алишер Муродов. — Падару бузрукворимиз 2009 йил 60 ёшда оламдан ўтган бўлса-да, авлодларга бебаҳо хазина қолдирдилар. У кишининг ишларини давом эттириш мақсадида музей ташкил қилишни ният қилиб юрибмиз. Денов туман ҳокимлиги томонидан махсус жой ажратилса, нафақат деновликларни, балки бошқа шаҳарлар ва юртлардан келган меҳмонларни ҳам ҳайратга соладиган музей бўларди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: