31.07.2018

«ОБОД ҚИШЛОҚ» ДАСТУРИ НУРОТА ТУМАНИ «ЧУЯ» ҚИШЛОҒИДА ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА?

Обод қишлоқ — обод маҳалла. Кейинги пайтларда тез-тез тилга олинаётган ушбу сўзлар қулоғимизга ёқимли эшитилмоқда. Чунки унинг ортида инсон манфаати, халқ фаровонлигидек эзгу мақсад мужассам-да. Яширмаймиз, ўз қишлоғини обод қишлоқ дастурига тушишини юрак-юрагидан истаётганлар бугун жуда кўп. Аммо тегирмон навбати билан дейдилар. Насиб этса, яқин йилларда бутун қишлоқларимиз обод бўлади, юртдошларимиз бунга ишонч ҳосил қилишмоқда.

Навоий вилоятида ҳам 5 қишлоқда ободонлаштириш, таъмирлаш, кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Давлатимиз томонидан ушбу хайрли ташаббус учун каттагина маблағ ҳам йўналтирилди. Мутасаддилардан эса ана шу маблағларни ўрни билан ишлатиш, белгиланган топшириқларни ўз муддатида, виждонан адо этиш талаб этилади.

Афсуски, бугун бу йўналишдаги ишларни ҳамма жойда ҳам кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Мисол учун Нурота тумани «Чуя» қишлоғи аввалги ҳолатига қараганда анчайин тартибга келтирилди.

Ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари Уйғун Шукуровнинг айтишича, 4300 метр асфальт тўшамали йўллар барпо этилибди. Пиёдаларга қулайлик яратиш мақсадида 1500 метр бўлган пиёдалар йўлакчаси қурилди. Аҳолини мунтазам электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 1 та янги трансформатор ўрнатилиб, мавжуд 5 трансформатор жорий таъмирланди, 8 километр ҳаво узатиш линиялари янгиланди.

Аҳоли хонадонларига бирма-бир кириб чиқилиб, одамлар билан суҳбат қурилди. Улар ҳам ўз ҳовлиларини обод қилишга киришишди. Кўплаб уйлар оқланди, 80 дан ортиқ уйларнинг том қисми шиферланди....

Чуя тоғли ҳудудда жойлашган. Бир томони қўшни Самарқанд вилоятининг Қўшработи билан чегарадош. Бу ерларда ёз жуда иссиқ, қиш эса изғиринли бўлади. Биз ушбу ҳудудда бўлган кунимиз ҳам қуёшнинг «тиғи» анча ўткир эди. Шундай бўлса-да, ўз олдиларига қатъий мақсад қўйган қурувчилар шижоат билан меҳнат қилишмоқда.

Ушбу қишлоқда айни кунда дастур асосида битта тўйхона, маҳалла гузари, мактабгача таълим муассасаси, сунъий қопламали футбол майдончаси ва бошқа ижтимоий объектлар, йўллар қурилиши, мавжуд иккита мактаб янги ўқув йилига шай ҳолатга келтирилиши лозим эди.

Аммо, ушбу қишлоқда жойлашган 45-умумтаълим мактабининг кириш ҳовлиси ва мактабга элтувчи йўл асфальт қилинган бўлса-да, йўл четлари бетон тўсиқлар билан ўралмаган. Ушбу мактабдаги ҳожатхона ҳам таъмирга муҳтож.

13- умумий ўрта таълим мактабининг ҳам ён-атрофи ободонлаштирилмасдан қолган. Шу мактаб ходимларидан бирининг айтишича, ўқув биносининг том қисми шиферланган. Аммо қурувчилар томнинг кўз илғамас жойига синиқ шиферлар ҳам ўрнатиб кетишган.

Икки юз ўринли тўйхонанинг қад ростлаётгани ушбу қишлоқда яшовчиларни кўнглидаги гап бўлди. Тўйхонада қурилиш ишлари авж паллада. Аммо олтмиш ўринли мактабгача таълим ­муассасасининг қурилиш ишлари негадир пайсалга солинган. Яқин бир ой ичида ушбу даргоҳ болажонларни қабул қилишига, тўғриси, кўзимиз етмади.

Яна бир масала. Чуяликлар асосан ерости сувидан фойдаланишади. Битта булоқ бор. Чорвага ҳам, одамларга ҳам ер остидан келаётган неъмат ҳаёт бағишлайди. Афсуски, бу йил қурғоқчилик бўлди. Булоқнинг суви ушбу қишлоқда яшаётган 3500 дан ортиқ одамни сувга бўлган талабини қондира олмаяпти.

— Бу масала одамларни қийин аҳволга солиб қўйди. Қанча-қанча дарахтлар қуриб кетди, — дейди шу қишлоқда яшовчи Умриддин Қамбаров. — Буниси ҳам майли, бу табиатнинг иши. Насиб этса, келгуси йил қор-ёмғир сероб бўлса, бу кунларни кўрмагандек бўлиб кетамиз. Аммо бизнинг қишлоғимизга охирги марта 5 апрель куни суюлтирилган газ баллони тарқатилди, холос. Ушбу муаммони мутасаддилар ҳал этиб беришса, хурсанд бўлар эдик.

Чуяликлар истиқлол айёмини янги ва замонавий қишлоқда кутиб олишни ният қилишган. Бу орзу амалга ошиши учун имконият етарли. Сектор раҳбари, туман ва вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ғайрат қилишлари керак бўлади.

 

Исломбек ХОННАЗАРОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: