Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, яқинда мазкур ҳудудда қурилиш корхоналарига арматура маҳсулотлари етказиб берувчи «Behin foorm metal» масъулияти чекланган жамияти ўз ишини бошлади. Лойиҳа қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлиб, ушбу маблағ ҳисобига Эрондан замонавий технологиялар келтирилиб ўрнатилди. Мазкур корхонада кунига 6-8 тонна арматура маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада 35 киши ишли бўлди. Уларнинг 28 нафарини ёш йигит-қиз ташкил этади.
Ҳудудда кварц хомашёсининг конлари мавжудлигидан фойдаланиб, шиша маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш режалаштирилган. Хусусан, «Зарафшон ойна» масъулияти чекланган жамияти айни шу лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Ҳозирда ушбу корхонага шаҳардаги саноат ҳудудидан ер майдони ажратилган ва бинони тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Германия, Австрия, Италия, Белгия ва Франция каби мамлакатлардан технологик ускуналар келтириш чоралари кўриляпти. Мазкур объект йил охирида ишга туширилиши режалаштирилган. Корхона ўз фаолиятини бошлаши билан 400 киши иш билан таъминланади.
Илҳом САТТОРОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.