Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ёш сиёсатчи — 2018» кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди. Унда 12 нафар интилувчан ёш уч шарт асосида беллашди.
— Юртимизда ёшларни ҳар томонлама етук, салоҳиятли инсонлар этиб вояга етказиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган, — деди ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар Бобохонов. — Бу жараёнда давлат ташкилотлари билан бир қаторда жамоат ташкилотлари, хусусан, сиёсий партиялар зиммасига ҳам улкан масъулият юкланади. Партиямизнинг ёш аъзолари ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий билимини оширишда «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этмоқда...
Биринчи шартда иштирокчилар беш дақиқа давомида ўз лойиҳаларини тақдим этишди.
— Республикамизда эҳтиёжманд оила вакилларига, ногиронлиги бўлган шахсларга кўмаклашадиган хайрия жамғармалари фаолият юритади, — деди танлов иштирокчиси Музаффар Ҳабибуллаев. — Аммо улар тасарруфидаги маблағ барча ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини қондириш учун етмайди. Демак, иложи борича уларнинг бандлигини таъминлаш лозим. Уларни касб-ҳунарга тайёрлаш ҳам муҳим вазифа саналади. Лойиҳамда махсус ўқув курслари очишни режалаштирганман. Курсларда замонавий касбларга ўқитишни мўлжаллаганман.
Қолган икки шарт ҳам қизғин баҳсларга бой тарзда ўтди.
Якуний натижаларга кўра, Шайхонтоҳур туманидан Абдураҳим Пардаев учинчи, Яккасарой туманидан Музаффар Хабибуллаев иккинчи ўринни қўлга киритди. Юнусобод туманидан Шаҳноза Тошқулова биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг Республика босқичида иштирок этадиган бўлди.
Сирожиддин ШОНАЗАРОВ