Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
24.05.2018

БИР ҚИШЛОҚ АҲОЛИСИНИ ҚИЙНАЁТГАН МАСАЛА

Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманининг «Хитой» қиш­лоқ фуқаролар йиғини «Хитой» қишлоғи аҳли номидан таҳририятимизга «Ушалмаган орзу» сарлавҳали мактуб келди. Мавзуси долзарб бўлгани учун уни айрим қисқартиришлар билан чоп этишга қарор қилдик.

 

«...Бизнинг қишлоқ узоқ тарихга эга бўлган қадимий қишлоқдир. Ота-боболаримиз деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келишган. Ўша пайтларда аҳоли кам бўлганлиги учун қишлоғимиздан чиққан булоқ сувидан фойдаланиб келинган. Ҳозир эса қишлоқда 500 га яқин хўжалик бор, булоқ суви етмайди. Натижада аҳолининг экин ва мевали дарахтларни суғориш учун сувга бўлган эҳтиёжи йил сайин ошиб бормоқда.

Баҳор ойларида қишлоқдошларимиз умид билан ерга экин экади, лекин ёз ойларига келиб, экинлари энди ҳосил берадиган маҳалда сувсизликдан қуриб қолади. Қийналган одамлар қишлоқда сув муаммосини ҳал этиш учун узоқ йиллардан бери ҳаракат қилади. Танхоз дарё­сидан ҳашар йўли билан сув чиқаришга уриниб келинмоқда.

Қишлоқнинг учдан бир қисмига 4-5 км. масофага қувур тортилиб, сув келтирилди. Қишлоқнинг қолган қисмига эса сув чиқариш учун 9-10 км. масофага қувур ётқизиш керак. Бу борада ҳам кўп ҳаракатлар бўлиб, тўрт-беш йил давомида тоғ ён-бағридан 4,5 км. ариқ қазилди. Аҳолидан йиғилган маблағлар ҳисобига диаметри 300 мм бўлган 1 км.га яқин темир қувур пайвандланиб ётқизилди. Аммо етарли маблағ тополмаганимиз учун меҳнатимизга куйдик, қазилган ариқ ҳам кўмилиб кетди. Пайвандланган темир қувур қайта бўлакларга ажратилиб, таш­қарига чиқариб қўйилди.

Ушбу масала юзасидан қайси ташкилот ёки идорага мурожаат қилмайлик, натижага эриша олмасдан келмоқдамиз. Бизнинг қишлоқ аҳли уюшқоқ ва меҳнаткаш. Агар бизга ­10 км. масофага диаметри 200 ёки 300 мм. бўлган қувур олишда ёрдам берилса, уни ётқизиш ва пайвандлаш ишларини ҳашар йўли билан ўзимиз амалга оширган бўлардик. Бизнинг таклифимиз шу.

Ҳозирда деҳқон хўжалиги сифатида бўлиб берилган ерлар, токзорлар, боғларимиз фақат баҳорги оқова ёмғир сувлари билан (ўшанда ҳам сел чиққан пайтда) бир марта суғорилади, холос. Бир тасаввур қилайлик, баҳорда қийғос гуллаган дарахтларимиз июнь-июль ойларига келиб меваси тўкилиб кетса, тонналаб узум берадиган боғларимиз август ойларига келиб қувраб қолса, алам қилмайдими...

Ҳурматли таҳририят, ушбу мурожаат билан чиқишимизнинг боиси газетангизда очилган «Менда таклиф бор!» рукни орқали сув билан боғлиқ муаммомизни билдириш, таклифимизни бериш эди.

Агар бизга ушбу масалада амалий ёрдам берилса, қолганини ўзимиз уддалаб, томорқамизни гуллатиб-яшнатиб, мўл ҳосил олардик, фойда кўрардик...»

 

Шокир МУРОДОВ,

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги «Хитой» қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли «Хитой» қишлоғи.

 

ТАҲРИРИЯТДАН: Шундай муаммолар борки, уларнинг ечими катта маблағ ва вақт талаб этади. Аммо баъзан катта маблағ талаб қилмайдиган муаммолар ҳам йиллаб одамларни қийнаб ётади. Ушбу мактубдаги муаммони ҳал этишга мутасадди идоралар эътибор қаратади, деб умид қиламиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: