Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
15.05.2018

КЕЧАГИ ЖАСОРАТ, БУГУНГИ АРДОҚ

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Сизни кеча кўрган эдим... Ўшанда бўйларингиз баланд, қадамларингиз шахдам, хушқад, хушсурат эдингиз. Елкангиздаги оғир қурол билан Ватанни қучоқлаб, уни осмон қадар кенг бағрингизга босиб кетаётган эдингиз. Сиз ҳуддики, Фар­ҳод, Алпомиш... Шунинг учун ҳам қаҳратонни, очлик ва азобни, ҳижронни енгдингиз. Ватан ишқи музларни эритди. Чимилдиқ кўрмай душман ўқига учган қуролдош дўстларингиз хотираси ҳақи юрагингиз қасосга тўлиб бораверди. Ўч олиш азоби бутун жисмингизни эгаллаб олди. Бу интиқом ғалабани яқинлаштиргандан яқинлаштираверди.

Кечаги Сиз — бугунги бизлар. Кечаги мардлигингиз — бугунги тинчлигимиз, дориломон кунларимиз.

Бугун Сизни яна кўрдим. Энди Сиз улғайган эдингиз. Фаришта эдингиз. Ўзингизнинг ёшлигингизга айланган полвонкелбат йигит қўлларингиздан тутган, оҳиста-оҳиста қадам ташлаб Сизни кутаётган, қутлаётган, олқишлаётган давра томон бошлаб келарди. Нигоҳларингизда қувонч отли туйғунинг расми, шукроналикнинг ифодаси бор. Сиз эртанги кунимиз порлоқ бўлсин, деган орзуингиз рўёбга чиққанини сездингиз, ўз кўзларингиз билан кўрдингиз. Қувончингиз осмон бўлди. Шукрона айтдингиз.

Уруш тугаганига 73 йил бўлганига қарамай, хотиралар, изтироблар ва кўз ёшлар, айрилиқлар, ҳижронлар ҳамон биз билан. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, машъум урушда 500 мингга яқин юртдошимиз ҳалок бўлган. Бу рақамлар кишини ўйга толдиради. Бу тақдирлар ёдга олинганда томирларинг музлайди, юрагинг орқага тортади, дард-дунёинг қоронғу бўлади... 19 ёшида бева қолган гулдек келинлар, ота дийдорига зор гўдаклар, боласи етимга айланган оналар, аламларини ичга ютган метиндек оталар кўз ўнгимдан бир-бир ўтаверади.

Хотира ва қадрлаш кунини юксак савия­да ўтказиш мақсадида қабул қилинган Президент Фармон ва Қарорида, аввало, ёши улуғ инсонларни, уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг манзилли ижтимоий ҳимоя­сини кучайтириш ҳамда улар учун яратилаётган имтиёзлар кўламини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига бир марталик 5 миллион сўм пул мукофоти ва қимматбаҳо соатнинг тантанали равишда топширилгани уларнинг қалбини фахр-ифтихорга тўлдирди.

9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбир ҳам жуда ҳаяжонли ва таъсирчан ўтди. Яхшиликнинг умри боқийлиги, жасорат унутилмаслиги, хотира уйғоқлиги, қадр абадийлиги шу куни яна бир бор намоён бўлди. Бунга рости дунё ҳавас қилди. Элчилар, дипломатик корпус вакиллари тантанали давранинг ҳар бир иштирокчисига ҳавас билан қарашди. Кекса авлоднинг кечаги жасоратига, бугунги ардоғига... Мамлакатимизда инсон шаъни улуғланаётганига, қадр топаётганига...

Бу шундай элки, меҳр-оқибат кўрсатиш унга қадим мерос. Ғалаба байрамининг кенг нишонланиши айниқса, ўсиб келаётган авлод учун катта тарбиявий аҳамиятга эга. Чунки мард, жасур, ватан учун жон фидо қилган ютдошларимизни улуғлаш, уларнинг хотирасини ёд этиш, тирикларга ҳурмат кўрсатиш, эъзозлаш орқали ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаймиз. Биз уларни эъзозлаш орқали улуғ қадриятларимизнинг боқийлигини, бардавомлигини бутун ­дунёга намойиш этамиз. Давлатимиз раҳбари айтганидек, «Болаларимизга ҳам бағрикенглигимиз ўтсин»...


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: