27.03.2018

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ АҚШ ДАВЛАТ КОТИБИ ЎРИНБОСАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 март куни «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган АҚШнинг нуфузли делегацияси раҳбари, АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннонни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон — АҚШ муносабатларини ривожлантиришга янги суръат бағишлаганини алоҳида таъкидлади. Олий ва юқори даражадаги икки томонлама мулоқотлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, уни амалий мазмун билан бойитмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасида йўлга қўйилган мунтазам сиёсий мулоқотга юксак баҳо берилди. Савдо, инвестиция ва юқори технологиялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда АҚШнинг етакчи компаниялари ва банклари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашувда Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон ва АҚШ афғон можаросини тинч сиёсий йўл билан ҳал этиш бўйича жараённи тез фурсатда бошлаш тарафдори экани таъкидланди.

Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик жараёнларига қўшилиш бўйича саъй-ҳаракатларини икки томон ҳам қўллаб-қувватлаши қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон бўйича Тошкент конференциясини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватлагани ва унинг ишида АҚШнинг нуфузли делегацияси иштирок этаётгани учун Президент ­Дональд Трамп­га миннатдорлик билдирди.

АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Томас Шэннон ушбу анжуманда қатнашишга таклиф этгани учун Президент Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик изҳор қилди. Мазкур муҳим халқаро тадбирнинг ўз вақтида ўтказилаётгани ва долзарблиги алоҳида таъкидланди.

АҚШ дипломати мамлакатимизда давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти ва иқтисодиёт соҳаларида янги босқичда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.

Ўз мамлакати раҳбарияти номидан АҚШ давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.

 

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: