16.01.2018

АҚШ МАРКАЗИЙ ОСИЁГА ЭЪТИБОР ҚАРАТМОҚДА

Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёда «С5+1» форматида учрашув ўтказишни режалаштирмоқда.

«С5+1» Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШ ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг мулоқотини англатади. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котибининг ушбу форматдаги илк учрашуви 2015 йил 1 ноябрда Самар­қандда бўлиб ўтган.

Хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарларга кўра, АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Элис Уэллс «С5+1» форматидаги шерикликни амалий ва самарали деб атаган.

Аввалги маъмурият томонидан йўлга қўйилган бу формат АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан ҳам тўла қўллаб-қувватланмоқда. Давлат котибимиз Рекс Тиллерсон Нью-Йорк­да ўз ҳамкасблари билан бу доирада учрашганди. Келгусида Марказий Осиёда шундай учрашув ўтказилади. Бу лойиҳани мустаҳкамлаш учун АҚШ Конгресси 15 миллион доллар маблағ ажратган, деган Элис Уэллс.

Унинг сўзларига кўра, Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиё бирлашаётгани ва минтақанинг умумий муаммоларини ҳал қилаётганидан хурсанд.

Ишонч билан айтиш мумкинки, бундай натижага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли эришилди.

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида, Ўзбекис­тон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимидаги нутқида Ўзбекистон барча давлатлар, биринчи нав­батда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишини таъкидлаган эди.

Ўтган қисқа вақтда бу борада тарихий қадамлар қўйилди. Президентимиз илк давлат ташрифларини қўшни мамлакатларга амалга оширди. Қозоғистон ва Қирғизистон Президент­лари давлат ташрифи билан Тошкентда бўлди. Тожикистонга олий даражадаги сафар режалаштирилмоқда. Бу Ўзбекистон ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганини яққол тасдиқлади.

Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва сиёсий иродаси туфайли минтақада ишонч даражаси сезиларли ошди. Давлат чегаралари, сувдан фойдаланиш муаммолари, транспорт йўлаклари, савдо алоқалари, ҳудудлар ҳамкорлиги каби кўплаб масалалар бўйича ўзаро манфаатли ечимлар топишга эришилди.

Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ­Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётганини таъкидлади. «Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир», деган эди.

Минтақамиздаги бундай ижобий ўзгаришларни Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп ҳам эътироф этди. 2017 йил 19 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотда АҚШ Президенти Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан яхши қўшнилик муносабатларини ривожлантириш ва кооперацияни фаоллаштиришга қаратилган, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ва фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

«С5+1» форматида ўтказиладиган навбатдаги учрашув Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Анвар САМАДОВ,

ЎзА шарҳловчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: