23.03.2017

Аҳоли билан мулоқот – долзарб вазифа

Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.

Халқнинг ичига кириб, унинг дарду ташвишларини тинглаш, оғирини енгил қилиш, одамларга муносиб турмуш шароити яратиб бериш барча бўғиндаги раҳбар ва мансабдор шахсларнинг асосий вазифаси этиб белгиланган. Президентимиз томонидан жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани бу борада мутасаддиларга янада улкан масъулият юкламоқда.

Вилоят ҳокими очиқ мулоқотларда аҳоли билан юзма-юз суҳбат ўтказиб, уларнинг орзу-мақсадлари, дарду ташвишлари, фикрларини тингламоқда, таклифларини ўрганмоқда. Мавжуд камчилик ва муаммолар ечими юзасидан маслаҳатлашилиб, маҳаллий ҳокимиятнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаши, бу йўналишдаги ишлар самарадорлиги ва фуқаролар фаоллигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Бешариқ туманида ўтказилган учрашувда мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, қурилиш-ободонлаштириш, халқимиз учун янада қулай яшаш шароити яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Очиқ мулоқотда электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда йўловчи ташиш тизимини янада такомиллаштириш, минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш, қишлоқ жойларда янгиланган лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилиши, Инвестиция дастури доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар тақдимоти ўтказилди. Амалий таклиф ва ташаббуслар асосида туманда тадбиркорликни ривожлантириш, янгиланган намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қурилиши кўламини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишда туман ҳокимлиги, маҳаллий Кенгашлар депутатлари олдида турган муҳим вазифалар таъкидлаб ўтилди.

Фурқат туманидаги очиқ мулоқотда маҳаллаларда ечимини кутаётган масалалар, кўча ва йўлларни таъмирлаш, электр энергияси ва сув таъминотини янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Туманда жорий йилда биргина Инвестиция дастури доирасида 8 объектда 8,7 миллиард сўмлик қурилиш-бунёдкорлик ишларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Учрашувда туманда иш ҳақи, пенсия, нафақаларни нақд пул шаклида тўлаш, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида тўлов терминаллари ўрнатиш, аҳолини сифатли дори-дармон маҳсулотлари билан таъминлаш каби соҳаларда олиб борилиши зарур бўлган муҳим масалалар сарҳисоб этилди.

Вилоят ҳокими мутасадди идоралар раҳбарларига кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берди.

Бундай мулоқотлар Ўзбекистон ва Данғара туманларида ҳам бўлиб ўтди.
 ЎзА

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: