Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering ва Hyundai Engineering & Construction компаниялари консорциуми Тахиатош ИЭСни модернизация қилиш бўйича тендерда ғолиб бўлди, дея хабар берган «Ўзбекэнерго» АЖ.
Консорциум «Тахиатош ИЭСда қуввати 230-280 МВт бўлган иккита буғ-газ ускунаси (БГУ) қурилиши» лойиҳаси бўйича халқаро танловда 457 миллион доллар таклиф этган ҳолда ғолиб чиқди. Ўтган йил декабрда эълон қилинган танловда Хитой, Жанубий Корея ва Туркиядан 10 талабгор иштирок этди.
Модернизация муддати 2,5 йилни ташкил этиб, бунда эскирган блоклар фойдаланишдан чиқарилади. Шартнома декабрь охирида имзоланиши режалаштирилган.
Умумий қиймати 678,2 миллион доллар бўлган лойиҳа Осиё тараққиёт банкининг 300 миллион долларлик кредити, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 230,7 миллион долларлик маблағи ва «Ўзбекэнерго»нинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Тахиатош ИЭСнинг мавжуд қуввати 730 МВт бўлиб, биринчи энергоблок 1956, охиргиси (бешинчиси) 1967 йилда ўрнатилган. Электростанция республиканинг шимоли-ғарбий қисмлари — Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини электр энергияси билан таъминлайди.