Термиз шаҳрида ўтказилган семинар Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 9 ноябрдаги «Сурхондарё вилоятида деҳқон хўжаликларининг имкониятларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлашга бағишланди.
Тадбирда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, «Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамияти ҳамда «Ўзмиллийбанк» кўмагида Сурхондарёда 15 агрофирма ташкил қилингани таъкидланди.
Шунингдек, мева-сабзавотчилик соҳасини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича 48,7 миллион долларни ташкил қиладиган 45 лойиҳа тайёрланиб, уларни молиялаштириш ишлари олиб борилаётгани эътироф қилинди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг таъсисчилигида 64 агрофирма ташкил қилинган ва улар томонидан 692 миллион долларлик экспорт шартномалари тузилган. Манфаатли ҳамкорлик туфайли агрофирмалар томонидан Россия, Қозоғистон, Корея Республикаси, Хитой ва бошқа мамлакатларга 41,6 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилинди.
Мазкур жамғарма агрофирмалар, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликлари «Ўзмиллийбанк»дан имтиёзли равишда 299 миллиард сўм кредит олишига кўмаклашди.
Хуллас, якунланаётган йилда жамғарма томонидан 625 та қишлоқ хўжалиги соҳасида банд фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектларига маҳсулот экспорт қилишда ташкилий, ҳуқуқий ва турли молиявий хизматлар кўрсатилиб, 227 тадбиркорлик субъектлари томонидан 457,2 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилинган.
Семинарда бу борадаги ишларни янада ривожлантириш бўйича тавсиялар билдирилди. Зеро, экспорт салоҳиятининг юксалиши мамлакат тараққиёти ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Абдумалик ҲАЙДАРОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.