ҳамкорлик ва тажриба алмашиш майдонига айланди
Бободеҳқонларимиз томонидан диёримизда етиштирилаётган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ўзининг хуштаъмлиги, фойдали ва тўйимлилиги, сархиллиги билан нафақат юртимиз, балки жаҳон бозорларида ҳам ўз харидорларига эга.
«Ўзэкспомарказ»да бўлиб ўтаётган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида мамлакатимизнинг мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилишга ихтисослашган компаниялари иштирок этмоқда.
Шунингдек, кўргазмада Япония, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Италия, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Озарбайжон, Латвия, Эрон, Туркманистон, Афғонистон, Қозоғистон каби ўттиздан зиёд мамлакатларнинг савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги вазирлик ва идоралари, логистика компаниялари вакиллари қатнашмоқда.
Мазкур кўргазма «Ўзбекозиқовқатхолдинг», «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компаниялари, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компанияси ва «Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекцияси» МЧЖ томонидан ташкил этилди.
Ярмарка озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча замонавий йўналишларини қамраб олган бўлиб, унда полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар, зираворлар, ҳўл ва қуруқ мевалар, сабзавотлар, кўкатлар, ичимликлар, қадоқлар ва қадоқлаш технологиялари, транспорт ва логистикага оид бўлимлар ишламоқда.
Ярмарка доирасида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ва уларнинг ҳамкорлари иштирокида давра суҳбатлари, музокаралар ташкил этиш, интенсив боғлар, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар ҳамда совутиш комплексларига ташрифлар уюштириш режалаштирилган.
Шаҳбоз САИДОВ