04.06.2016

ХАЛҚ ИШОНЧИ МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАЙДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги қарорига кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтмоқда.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлимидан олинган маълумотларга кўра, шу кунгача пойтахтимизда 431 маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва 6173 маслаҳатчи сайланди. Фуқаролар ўзлари маъқул кўрган, маҳалла тақдири учун масъулиятни зиммасига олишга қодир номзодларни муқобиллик асосида сайламоқда.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида 57 маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, айни пайтгача 47 маҳаллада сайлов юқори савияда ташкил этилди. Хусусан, тумандаги «Янги давр» маҳалла фуқаролар йиғинида сайловга пухта ҳозирлик кўрилди.

Янгидан қурилган маҳалла фуқаролар йиғини идорасида аҳолининг раис ва маслаҳатчиликка номзодлар ҳақида батафсил маълумот олиши учун уларнинг таржимаи ҳоли, дастурлари кўринарли жойга илиб қўйилди.

Сўнгги йилларда маҳаллада кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Маҳалла раиси, унинг маслаҳатчилари ва тадбиркорлар ташаббуси билан ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга кўмаклашиш борасида қатор хайрли амаллар бажарилди. Бундан маҳалла аҳли, айниқса, мамнун.

Сайловда маҳалла раислигига уч нафар номзод кўрсатилди. Вакиллар, йиғилиш иштирокчилари ҳар бир номзоднинг дастури билан танишгач, очиқ овоз бериш орқали мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаб келаётган Баҳром Худоёровни қайта сайлади. Маслаҳатчиликка номзоди кўрсатилган 34 киши орасидан обрўли, бошқаларга ўрнак бўла оладиган 17 киши маслаҳатчи этиб сайланди.

— Маҳалла институти халқимизга хос бошқарув анъаналарини акс эттириши, аҳоли ўртасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни, ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши билан жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади, — дейди сайлов иштирокчиси Абдуфаттоҳ Пўлатов. — Маҳалламизда бу йилги сайлов ўзгача руҳда ўтди. Сайловчилар сайланадиган раис ва унинг маслаҳатчилари ҳудудни ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, маҳалладаги ҳар бир инсон тақдири учун масъулиятни зиммасига олишга қодир муносиб номзодга овоз бериш лозимлигини теран англаган ҳолда сайловда қатнашди.

 

Г.САТТОРОВА,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: