Берлинда «Яшил ҳафта-2016» озиқ-овқат саноати, боғдорчилик, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги халқаро кўргазмасида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва агросаноат салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди. У мамлакатимизнинг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси ва Немис иқтисодиёти Шарқий Европа бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир чоғида унинг иштирокчилари Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодий ривожланиши, саноат корхоналарини модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, республикада, шу жумладан, аграр соҳада рўй бераётган ўзгаришлар, сармоявий муҳитни янада такомиллаштириш ва мамлакатда инфратузилмаларни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари билан боғлиқ маълумотлар билан яқиндан танишдилар. Озиқ-овқат саноати корхоналари ассоциацияси, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, «Ўздонмаҳсулот» ва «Ўзвинсаноат-холдинг» компаниялари томонидан ишлаб чиқилган аниқ сармоявий лойиҳалар ҳам уларнинг эътиборига ҳавола қилинди.
Тақдимотда сўзга чиққан Немис иқтисодиёти Шарқий Европа бирлашмаси бошқарувининг раиси Маркус Фельснер Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ўсиб бораётганига юқори баҳо берар экан, республикада яратилган қулай сармоявий муҳитга алоҳида эътибор қаратди. У Германияда Ўзбекистон билан шериклик алоқаларини кенгайтириш юзасидан қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлади.
М. Фельснер қўшма сармоявий лойиҳаларни, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун ўзбек шериклар билан узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш юзасидан ГФР компанияларини қўллаб-қувватлаш Немис иқтисодиёти Шарқий Европа бирлашмасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланишини айтди.
Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият олиб бораётган «Lemken», «Claas», «Berliner Sparkasse» немис компаниялари вакиллари ва бошқалар тақдимот қатнашчиларини истиқболли ўзбек бозорига чиқиш имкониятларидан фойдаланишга, республика ҳудудидаги сармоявий лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди.
«C3 Consult» компанияси менежери Роланд Циммерман республикамиз банк-молия соҳасида қўлга киритган муваффақиятларни юқори баҳолади. Шунингдек у, биз Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан ва ривожлантиришдан манфаатдормиз. Бугун немис компаниялари вакиллари ўзбек бозорининг катта имкониятлари, мамлакатда хорижий сармоядорларга яратилган солиқ имтиёзлари ва бошқа қулайликлар ҳақидаги кўп маълумотлардан воқиф бўлдилар, деди.
«Жаҳон» АА,
Берлин.