2016 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши +7,2 фоиз бўлиши кутилмоқда.
Иқтисодий таҳлиллар билан шуғулланувчи «Focus Economics» ташкилоти 2016 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми энг тез ўсадиган ва пасайиши эҳтимоли бўлган мамлакатлар рейтингини тузди. Ушбу рейтинг мазкур ташкилотнинг расмий Твиттер саҳифасида эълон қилинди.
Ушбу рейтингда Ўзбекистон иқтисодиёти энг тез ўсаётган 15 мамлакат ўртасида еттинчи ўринни эгаллади.
Ўз навбатида ЯИМ ҳажми пасайиши кутилаётган мамлакатлар рейтингида -4,8 фоизлик кўрсаткич билан Венесуэла биринчи, -0,3 фоиз билан Беларусь олтинчи, -0,2 фоиз билан Россия еттинчи, Украина эса ўн бешинчи ўриндан жой олган.
«Focus Economics» компанияси жаҳоннинг 127 мамлакати бўйича доимий равишда иқтисодий таҳлил ва прогнозлар олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йил июнь ойида Жаҳон иқтисодий форуми — «World Economic Forum» иқтисодиёти энг тез ривожланаётган 13 давлат номини эълон қилган эди. Унга кўра, 2014 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда йиллик ўсиш даражаси юқори бўлган давлатлар орасида Ўзбекистон 5-ўринни эгаллаган эди.
«Ўзбекистон овози» мухбири
Темур АЪЗАМ тайёрлади.